ВУДВОРТС (Woodworth) Роберт (1869. 17.8, Белчертаун, Массачусетс штати, АҚШ – 1962.4.7, Нью-Йорк-Сити) – АҚШда функционал психологиянинт асосчиларидан бири. 1909 й. дан Колумбия ун-ти профессори. Динамик психология ғоясини олға сурган, унинг асосий вазифаси — психик фаолиятнинг турли шакллари нима учун ва қандай пайдо бўлиши ҳамда амалга ошишини ўрганиш деб хисоблаган. Вудвортс фикрича, хулқ билан онг психологиянинг асосий предметидир. Вудвортс психология илмида биринчи бўлиб ғайриодатий хулқ кўринишларини аниқлаш сўровномасини ишлаб чиқди. «Динамик психология» (1918) асарида мотивация, идрок қилиш, ўқитиш ва фикр юритиш назарияларини бирга қўшиш асосида хулқ-атвор нималигини тушунтирди, «Психология» (1921) асари эса мукаммал дарслик бўлиб қолди.