ХАКАСИЯ

ХАКАСИЯ, Хакасия Республикаси — Россия Федерацияси таркибидаги республика. Шарқий Сибирь жан. да жойлашган. Майд. 61,9 минг км2. Аҳолиси 546,1 минг киши (2002). Пойтахти — Абакан т. 5 шаҳар, 13 шаҳарча бор.

Давлат тузуми. X. — республика. Республика раҳбари ва ижроия ҳокимият бошлиғи — ҳукумат раиси. Олий ижрочи ҳокимият органи — ҳукумат. Олий қонун чиқарувчи ҳокимият органи — Олий кенгаш.

Табиати. Хакасияда Жанубий Сибирь тоғларининг бир қисми жойлашган. Кузнецк Олатовининг шарқий ён бағирлари ва Абакан тизмаси, Ғарбий Саяннинг шим. ён бағирларини ўз ичига олган тоғлик қисм ва жан. да Минусинск сойлиги, шим. да ЧулимЕнисей сойлигини қамраб олган пастбаланд текисликдан иборат. Фойдали қазилмалардан тошкўмир, темир рудаси, мис, молибден, вольфрам ва б. бор. Икдими кескин континентал. Янв. да ўртача тра — 16°, —20°, июлда 18°—20°. Уртача йиллик ёғин 300—700 мм. Асосий дарёси — Енисей ва унинг ирмоғи Абакан. Тупроклари чимли ўрмон ва чимли подзол. Ҳудудининг 40% ўрмон (тайга). Тоғларда игна баргли ва кенг баргли ўрмонлар бор, чўққилар тундрага хос. X. ҳудудида «Чази» ва «Кичик Абакан» табиий қўриқхоналар бор.

Аҳолиси хакас, рус, украин, татар, немис, мордва ва б. Шаҳар аҳолиси 70,8%. Давлат тиллари — хакас ва рус тиллари. Диндорларнинг аксарияти православлар. Шаҳарлари: Абакан, Черногорск, Саяногорск.

Тарихи. X. ҳудудида палеолит давридан одам яшаган. 17-а. охирида Хакасияда яшовчи кабилаларда майда хонликлар пайдо бўлган. 17—18-а. бошларида бу хонликларни Россия босиб олиб, ўз таркибига қўшган. 19-а. ўрталарида X. ҳудудида товарпул муносабатлари вужудга кела бошлади. Енисей губерниясининг асосан хакаслар яшайдиган Минусинск уездида 1917 й. нояб. да шўро ҳокимияти ўрнатилди. Бу ерда шўро ҳокимиятини тан олмаган хакаслар билан «қизил»лар ўртасидаги кураш 1923 й. гача давом этди. 1923 й. охирида Хакаслар миллий уезди тузилди. 1925 й. да у округга айлантирилди. 1930 й. 20 окт. да Красноярск ўлкаси таркибида X. мухтор вилояти ташкил этилди. 1991 й. июлдан X. ССР, 1992 й. фев. дан Россия Федерацияси таркибидаги X. Республикаси.

Хўжалиги. Ялпи маҳсулот таркибида саноатнинг улуши 48,8%, қ. х. 7,9% ни ташкил этади. Асосий саноат тармоклари: рангли металлургия, электр энергетикаси, машинасозлик, енгил ва озиқовқат саноати, қора металлургия, бинокорлик материаллари саноати, ўрмон, ёғочсозлик ва целлюлозақоғоз, кимё ва нефть кимёси саноати. Тошкўмир (Минусинск кўмир ҳавзаси), темир рудаси (Абакан кони), гипс, оҳак, мармар казиб олинади. Сорскда молибден, Абаза, Черногорск, Аскиз, УстьАбаканда ўрмон ва ёгочсозлик корхоналари, УстьАбаканда гидролиз заводи, Черногорскда қурилиш материаллари корхоналари мавжуд. Абаканда вагон, контейнер ва автокран заводлари, пойабзал ва трикотаж фкалари, гўшт, ун ктлари, сут ва шарбатвино заводлари, кондитер фкаси бор. Енисей дарёсида СаянШушенск ва Майна ГЭСлари қурилган; Черногорск ГРЭС, Абакан ТЭЦ ҳам бор.

Қишлоқ хўжалигига яроқли ерлар 1650,1 минг га, шундан 665,5 минг га (40%) экинзор. Гўштсут чорвачилиги ва майин жунли қўйчилик салмокли ўрин тутади. Асаларичилик ва даррандачилик ҳам ривожланган. Деҳқончиликда галла, картошка, сабзавот, емхашак экинлари етиштирилади.

Транспортида т. й. уз. 642 км. Муҳим т. й. тармоклари: Абакан—Тайшет—Иркутск, Абакан—Новокузнецк, Абакан— Ачинск. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари уз. 2471 км. Асосий автомагистраллари: Усинск тракти (Абакан—Минусинск—Кизил), Абаза тракти (Абакан—Абаза—Оқ Довурак), Абакан— Черногорск—Красноярск автойўли. Енисей дарёси ва унинг ирмоғи — Абаканда кема қатнайди. Ички сув йуллари уз. 495 км. Асосий порти — Абакан.

Тиббий хизмати, маорифи, илмий ва маданиймаърифий муассасалари. 1990-й. лар охирида ҳар 10 минг аҳолига 35 врач тўғри кедди. Вир қанча санаторийкурорт ва дам олиш муассасалари, шу жумладан, Шира кўли бальнеологиябалчиқ билан даволаш курорти бор. Хакасияда 281 умумий таълим мактабида 94 минг, 7 ўрта махсус ўқув юртида 6,7 минг ўкувчи, 1 олий ўқув юрти (Хакасия университети)да 6 мингга яқин талаба таълим олади. Хакасияда тил, тарих ва адабиёт и. т. институтлари бор. 400 дан зиёд оммавий кутубхона, бир қанча клуб муассасалари ва киноқурилма, Абаканда ўлкашунослик музейи, драма ва қўгирчоқ театрлари, «Жарки» халқ хореография ансамбли ишлайди. Хакас ва рус тилларида бир қанча газ. ва жур. нашр этилади. Маҳаллий радио ва телевидениеси хакас ва рус тилларида эшиттириш ҳамда кўрсатувлар олиб боради.

Адабиёти. X. халқининг бой оғзаки ижодиёти — эртак, ривоят, афсона, қўшиқлар бор. 20-а. бошларида ёзма адабиёт вужудга келди. В. Кобяков, А. Топанов, А. Кузугашев асарлари нашр этилди. М. Коков, М. Аршанов, П. Штигашев ўз шеърларида хакас қишлоклари ҳаётини акс эттирди. 2-жаҳон уруши йилларида Н. Доможаков, И. Котюшев, И. Костяков ватанпарварлик руҳида асарлар яратишди. Шоирлардан М. Баинов, М. Чебодаев, М. Кильчичаков, В. Майнашев, А. Халларов, адиблардан М. Тиников, К. Нербишев, Г. Казачинова, драматург В. Шулбаева, адабиётшунослардан М. Унгвицкая, П. Трояков, К. Антошин, А. Кизласова ва б. машҳур.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Хакасларнинг анъанавий турар жойи — кигиз ёки қайин пўстлоғи билан ўралган, томига юпка тахта ва тунука қопланган 6—14 бурчакли ўтовдан, шунингдек, ходалардан ясалган чайла (капа), ярим ертўла ва ёғоч кулбалардан иборат бўлган. 20-а. да Абакан, Черногорск, Абаза, Саяногорск ш. лари барпо этилди, замонавий уйжой, жамоат ва маданият бинолари қурилди. X. ҳудудида 7—8-а. ларга оид темир, олтин, қалай ва б. металл буюмлар (идиш, қурол, зебзийнатлар) топилган. Бу ерда азалдан ёғоч ўймакорлиги, каштачилик ривожланган. 20-а. бошларида дастгоҳ санъати пайдо бўлди. М. Бурнаков, В. Новосёлов, М. Серебряков каби рассомлар, В. Тодиков, В. Бутанаев каби графиклар етишиб чикди.

Мусиқаси, асосан, халқ қўшиқларидан иборат, Улар қисқа тахпах (меҳнат, маросим, севги қўшиқлари, нолалар), узун ир (айтишув, ёрёр)лардир. Қахрамонлик (алиптир ним) ва тарихий афсона (кипчоох) руҳидаги достон ва эртакларда ҳам ирлар учрайди. Ривоятлар («Албинчи», «Алтин Ариг» ва ҳ. к.) чатхан (чертма чолғу) жўрлигида ички овоз билан ижро этилади. Чолғулари хомис, иих деб аталган торли, хобрах деб аталган пуфлама, тюр (бубен) деб аталадиган зарбли, темир хомис (чангқўбизга яқин) асбоблардан иборат. 20-а. да балалайка, гитара, мандолина, баян кабилар урф бўлди. Чатхан жўрлигида эртак ижро этувчилар (хайжалар) халқ мусиқа санъатининг намояндаларидир (Х. Балахчин, С. Кадишев, М. Добров ва б.). Профессионал мусиқа 1920-й. лардан сўнг ривожлана бошлади. Композиторлар орасида А. А. Кенель, Г. Челбораков, Г. Колмаков, Н. Катаева ва б. машҳур.


Кирилл алифбосида мақола: ХАКАСИЯ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: X ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
РОССИЯ
ТОШКЕНТ
ХИТОЙ
ОСИЁ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты