ХАЛҚ ПЕДАГОГИКАСИ — тарбиянинг мақсад ва вазифалари борасида муайян халқнинг ҳаётий тажрибаси ҳамда турмуш тарзида шаклланган амалий қарашлар мажмуи; муайян жамиятда яшаш учун ҳар бир одам амал қилиши шарт саналган ва урфодат, удум, хулқодоб, маросим, анъана, турмуш тарзи, бадиий ижод, уйин сингари эмпирик воситаларда намоён буладиган амалий фаолият ҳамдир. Халқ педагогикаси фанда этнопедагогика деб ҳам юритилади. Пед. фанида Халқ педагогикасига хос энг муҳим белгиларидан бири унинг қадимийлигидир. Ҳар қандай халқ муайян этнос сифатида мавжуд булиши учун ўзига хос қиёфага эга бўлиши керак. Халқнинг ижтимоий, маънавий, интеллектуал қиёфаси эса унинг пед. воситасидагина шаклланади. Халқ педагогикаси муайян халқнинг ўзи билан бирга дунёга келгани учун ҳам унинг тарихи халқ тарихи билан тенг. Халқ педагогикасининг иккинчи белгиси унинг тўлиқ амалий хусусиятга эгалигидир. Халқ таълим-тарбия жараёни ва унинг натижаларига прагматик назар билан қарагани учун Халқ педагогикаси ғоялар шаклида эмас, балки урфодат, анъана, амал, удум, хулқодоблар тарзида намоён бўлади. Халқ педагогикаси таълимтарбия ҳақидаги фикрлар йиғиндиси эмас, балки амал қилиниши мажбурий бўлган ва бажарилиши ҳамма томонидан назорат қилинадиган амалий хулқий кўникмалар ва ш. к. мажмуидир. Халқ педагогикасининг учинчи хусусияти унинг муаллифи номаълум, аноним пед. эканлигидир. Халқ педагогикаси талабларининг яратувчиси маълум бўлмаганлиги учун ҳам муқаддас саналган ва сўзсиз бажарилган. Этнопедагогикага дойр бирор талабнинг муаллифи маълум бўлса, унинг таъсири пасайиб кетади. Чунки у, ким бўлсада, қандайдир бир одамнинг истаги сифатида қабул этилади. Анонимлик эса урфодат, удум, хулқодатларга сирлилик, муқаддаслик тусини беради. Халқ педагогикасининг тўртинчи белгиси унинг синкретик (қоришиқ) хусусиятга эгалигидир. Халқ ҳаёти кўп қиррали экани ҳолда яхлит бўлгани сингари унинг пед. си ҳам қоришиқдир. Халқнинг турли йўналишдаги педагогик тадбирлари синкретик тарзда бирваракаиига олиб борилгани учун Халқ педагогикасига алоҳидалик эмас, умумийлик хосдир. Халқ педагогикасининг бешинчи белгиси унинг кенг ёйилганлигидир. Халқ педагогикасига оид амаллар муайян этник бирликнинг ҳаммасига бирдай татбиқ қилинади. Муайян шахсларнинг хоҳиширодаси қандайлигидан қатъи назар, халқнинг ҳар бир вакили унинг тарбия ва яшаш тарзига дойр талабларига риоя этишга мажбур. Халқ педагогикаси талабларини бажаришда тарбияланувчининг истаклари инобатга олинмайди. Муайян этник бирликнинг турмуш тарзида намоён бўлиши Халқ педагогикасининг олтинчи хусусиятидир. Халқ педагогикаси эмпирик табиатга эга бўлиб, жамият аъзолари ҳаётини йўлга қўйишга қаратилган ва унинг қоидалари муҳокама учун эмас, балки турмуш мобайнида амал қилиш учундир.
Ўзбек Халқ педагогикаси узоқ тарихга эга ва миллатдаги энг консерватив, секин ўзгарадиган, ана шу хусусияти туфайли халқнинг ўзига хос қиёфаси сақланиб қолишини таъминлайдиган ҳодиса эканлигига қарамай, ўз тараққиёти давомида бир қатор ўзгаришларни бошидан кечирди. Ўзбек Халқ педагогикасининг тараққиёт тарихи исломгача бўлган давр халқ пед. си, ислом таъсири даври халқ пед. си, ташқи таъсирлар даври халқ пед. си, мустақиллик даври халқ пед. си сингари босқичлардан иборат. Ўзбек Халқ педагогикасининг бу тарзда даврлаштиришда халқ руҳияти, яшаш ва фикрлаш тарзидаги туб сифат белгиларининг ўзига хослиги ҳисобга олинган. Кўп минг йиллик тарихга эга ўзбек халқи илмий ва моддий буюм тарзидаги далилларга кўра, ислом дини қабул қилингунгача бўлган вақтда тамомила ўзига хос тарзда ҳаёт кечирган. Олам ҳодисаларини ўзгача йўсинда тушунган ва изоҳлаган, ҳаётдан бошқача таъсирланган ва таъсир кўрсатган, тириклик ва ўлим, у дунё ва бу дунё, эзгулик ва ёвузлик, гўзаллик ва хунуклик, савоб ва гуноҳ, ҳалол ва ҳаром сингари тушунчалар ўзгача мазмун англатган. «Авесто» асари юзасидан амалга оширилаётган тадқиқотлар, шунингдек, Селенгур, Хоразм, Болаликтепа, Иссиққўрғон, Чуст, Риштон ва Бурчмулладан топилган обидалар шундан далолат беради. Ислом динининг қабул қилиниши ўзбек халқининг турмуш тарзини тамомила ўзгартириб юборди, уни оламнинг мусулмонлар деб аталмиш кўп сонли қавми билан яқинлаштирди, халқнинг турмуш тарзи, маданияти, маънавияти, руҳияти, иқтисоди ва ижтимоий турмушига фавқулодда катта таъсир кўрсатди. Айни вақтда, халқ ўзининг азалий миллий қиёфасини ҳам сақлаб қолди. Чунки у қадимдан пухта шаклланган ва қатъий амал қилинадиган удумлар, одатлар, анъаналар тизимига эга эди. Халқ исломни қабул қилгандан кейин унинг яшаш, фикрлаш, таъсирланиш тарзида содир бўлган ўзгаришлар Халқ педагогикасида акс этди. Энди халқ ҳалол ва ҳаром, гуноҳ ва савоб, тақдир, қисмат, у дунё ва бу дунё, ҳаёт, ўлим ҳамда қайта тирилиш борасида тамомила янги қадриятларни ўзлаштирди, уларни ҳаёт тарзига, удумларга, урфодатларга, анъаналарга, маросимларга, яъни пед. га айлантирди. Бу даврдаги хулқатвор, анъана, удум, одатлар маънавий турмушдаги айни шу жиҳатларни акс эттирадиган бўлди. Ўзбек миллати жуда узоқ вақг мобайнида ислом дини таъсиридаги Халқ педагогикасига амал қилган ҳолда яшади. 19-а. нинг 2-ярмига келиб, Россия босқини сабабли ўзбек халқининг турмуш тарзи, фикрлаш йўсини, тарбия тамойилларида жиддий ўзгаришлар содир бўлди. Фақат ислом дини белгилаган турмуш тарзи, акида, анъана ва одатлар билангина яшаш мумкин бўлмай қолди. Халқнинг онги, ахлоқи, фикри, турмуши ўзгариши билан унинг пед. си ҳам ўзгаришларга учради. Янги анъана ва одоблар пайдо бўлди, айрим педагогик қадрият, ахлоқий ақидалар эса йўқолди. Халқ педагогикаси даги йўқотишлар, айниқса, шўро даврида кенг тус олди. Халқ педагогикаси туфайли шиддатли ўзгаришлар гирдобида қолган ўзбек миллати ўз қиёфасини сақлаб қола билди. Истиқлол натижасида эса ўзбек халқининг фикрлаш, яшаш, оламни англаш ва изохлаш йўсини янгиланди, халқ руҳияти, маънавий қиёфаси ўзгарди. Бу ўзгаришлар халқнинг турмуш тарзида пайдо бўлаётган янги одат, анъана, хулқатвор, урф ва удумлар тарзида намоён булмоқда. Мустақиллик даври Халқ педагогикасида кўплаб исломий анъаналар қайта тикланиб, амалий тарбия жараёнига татбиқ этила бошланди. Халқ педагогикаси тарихий тушунча сифатида ҳоз. кунда ҳам замон талабларига мое равишда бойиб бормоқда ва жиддий амалийтарбиявий аҳамият касб этмоқда.
Қозоқбой Йўлдошев.