ХАЛҚАРО МЕҲНАТ ТАШКИЛОТИ (ХМТ) — БМТнинг ихтисослашган муассасаси. 1919 й. да Миллатлар лигаси (иттифоқи) ҳузурида меҳнат қонунлари ва меҳнат шароитларини яхшилаш масалалари бўйича конвенция ва тавсияларни ишлаб чиқиш учун халқаро комиссия сифатида тузилган; Х. м. т. 8 соатлик иш куни, оналикни ҳимоя қилиш, болалар меҳнатига оид қонунлар ва иш ўринларида хавфсизликни таъминлаш юзасидан халқаро меъёрлар ишлаб чиқилишига, иш билан бандлик дастурларини тайёрлашга кагга ҳисса қўшди.
Халқаро меҳнат ташкилотига 170 дан ортиқ давлат аъзо (2000). Ўзбекистон Республикаси 1992 й. Х. м. т. га аъзо давлатлар таркибига кирган, ташкилотнинг 11 та конвенциясини ратификация қилган. Бу ташкилот меҳнат шароитларини муҳофаза қилиш ва яхшилаш, иш билан тўлиқ бандликни таъминлаш ва турмуш даражасини кўтариш, тадбиркорлар ва меҳнаткашлар ўртасида ҳамкорликни рағбатлантириш чораларини ишлаб чиқиш учун ҳукуматлар, тадбиркорлар ва мехнаткашларни тенг ҳуқуқларда бирлаштиради. Халқаро меҳнат ташкилоти таркиби Халқаро мехнат конференцияси; маъмурий кенгаш; халқаро меҳнат бюроси; уч томонлама қўмиталар; минтақавий ва махсус конференциялардан ташкил топган. Қароргоҳи Женевада. Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида кўрсатилган фаолият учун Нобель мукофотига сазовор бўлган (1969).