ХАЛҚАРО ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ, ХТТБ

ХАЛҚАРО ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ, ХТТБ (IBRD, International Bank for Reconstruction and Development) — БМТнинг ихтисослашган муассасаси, Жаҳон банки гуруҳига киради. Халқаро валюта фонди билан бир вақтда, БМТнинг 1944 й. да БреттонВудс (АҚШ)да ўтказилган халқаро валютамолия конференцияси қарорига кўра ташкил этилган. 1946 й. дан ўз фаолиятини бошлаган. Аъзо давлат сони — 181 та (1999). Унга фақат давлатларгина аъзо бўлиши мумкин. Штабквартираси Вашингтонда.

Банк даромади ўртача ва даромади паст мамлакатларга карз беради ва ёрдам кўрсатади. Банкнинг расмий мақсадлари: и. ч. мақсадлари учун капитал қўйилмаларни рағбатлантириш йўли билан аъзо давлатларнинг тикланиш ва тараққиётига кўмаклашиш; и. ч. мақсадларидаги хусусий чет эл инвестицияларини рағбатлантириш; узоқ муддатли мувозанатланган ўсишни ва банк аъзолари бўлган давлатларнинг и. ч. ресурсларини ривожлантириш учун халқаро инвестицияларни рағбатлантириш йўли билан тўлов балансининг барқарорлигини сақлашга кўмаклашиш ва б. Банк устав капитали аъзо давлатларнинг банк акцияларини сотиб олиши ҳисобига шаклланади. Банкда пайларнинг 40% дан кўпроғи етакчи ривожланган мамлакатлар — АҚШ, Япония, ГФР, Буюк Британия, Франция, Канада ва Италия ҳиссасига тўғри келади. ХТТБнинг олий органи — Бошқарувчилар кенгаши. Ҳар бир аъзо давлат Кенгашда молия ёки режалаштириш вазири даражасидаги ва 5 й. га тайинланадиган бир бошқарувчи (ва бир ўринбосар)га эга.

Бош ижроия орган — ижрочи директорлар кенгаши. 24 ижрочи директордан 5 таси Банкнинг йирик акциядорлари бўлган мамлакатлар (АКТЛ, Япония, Германия, Франция, Буюк Британия) томонидан, қолган 19 таси мамлакатлар гуруҳлари томонидан тайинланади. Банкни президент бошқаради. Бошкарувчилар кенгаши сессиялари йилда 1 марта ўтказилади. Мамлакатлар ХТТБ капиталидаги ўз пайи салмоғига мутаносиб овоз ҳуқуқига эга. Банкда ривожланаётган мамлакатларга молиявий ресурслар ажратиш масалалари бўйича Тараққиёт қўмитаси — ХХТБ ва ХВФ Бошқарувчилар Кенгашларининг қўшма қўмитаси мавжуд.

Банк кредитларини молиялаштиришнинг асосий манбаи — ссуда капитали бозорларида маблағларни жалб этищдир. Хусусий банклар ва бошқа кредит муассасалари амалда кредит хатари бўлмаган юқори фоиз ставкалари (6% дан ортиқ) эвазига Банк облигацияларини сотиб оладилар. Банк ҳукуматларга ва давлат кафолати билан хусусий корхоналарга қарз беради, айни пайтда муттасил соф даромад ҳам олади. 1994 й. да Вашингтон, Лондон, Париж, Токиода аъзо мамлакатлардаги лойиҳалар тўғрисида ахборотлар берадиган янги ахборот марказлари ташкил этди. 1998 й. да банк 21,1 млрд. доллар қарз бериб, унинг соф фойдаси 1,2 млрд. долларни ташкил этди.

Одатда, банк объект қийматининг 30% га яқин қисмини қоплайдиган кредитлар беради, унинг қолган қисми ички ёки бошка ташки манбалар ҳисобига қопланиши лозим. Кредитлар ссуда капитали бозоридаги фоиз ставкалари даражаси билан белгиланадиган юқори фоизларда 20 йилгача муддатга берилади. Банк кредитларининг асосий қисми энергетика, транспорт, алоқа ва инфратузилманинг бошқа тармоқларини ривожлантиришга мўлжалланади. Банк ўз фаолиятини бошлаганидан бери (1998 й. нинг 30 июнига қадар) энг кўп қарз олган мамлакатлар (млрд. доллар): Мексика (29,1), Бразилия (25,7), Ҳиндистон (25,4), Индонезия (24,4), Хитой (21,4), Аргентина (14,5), Корея Республикаси (13,5), Туркия (13,2), Филиппин (9,9), Россия (9,8).

Банк кредитлар ажратишдан ташкари мамлакатларга лойиҳаларни тайёрлашда ёрдам кўрсатади.

1992 й. Ўзбекистон ХТТБ га аъзо бўлиб кирди ва 1993 й. да унинг ваколатхонаси Тошкент ш. да фаолият кўрсата бошлади. 1993 й. ноябрь ойида Ўзбекистон учун мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, молиявий секторни ривожлантириш бўиича таркибий йўналиш ва дастурларни ишлаб чикишни молиялаштириш учун 21,0 млн. АҚШ доллари миқдорида дастлабки қарз маблағлари ажратди. 1994—2000 й. ларда банк томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турли лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида жами 458,0 млн. доллар миқдорида қарз маблағлари ажратилди. Улардан энг йириклари мамлакатимизда пахтачиликни ривожлантиришга (66,0 млн. доллар) ва сув таъминоти, санитария ва саломатлик тадбирларини молиялаштиришга (75,0 млн. доллар) сарфланди.

2003 й. да Жаҳонбанкининг Директорлар кенгаши Ўзбекистонга 60,0 млн. доллар микдорида (унинг ярми ХТТБ томонидан 20 й. муддатга имтиёзли фоиз ставкаларида) кредит маблағлари ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Хўжаёр Шеннаев.


Кирилл алифбосида мақола: ХАЛҚАРО ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ, ХТТБ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: X ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ТОШКЕНТ
БАНКЛАР
ХАЛҚАРО ВАЛЮТА ФОНДИ, ХВФ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты