ЙИРТҚИЧЛИК

ЙИРТҚИЧЛИК — ҳайвонлар (баъзан ўсимликлар)нинг озиқни топиш ва озиқланиш усулларидан бири, бир ҳайвоннинг бошқасини ушлаб ўлдириши ва еб қўйиши. Йиртқичлик деярли барча ҳайвонлар типида, шунингдек, замбуруғлар (гифомицетлар) ва ҳашаротхўр ўсимликлар орасида учрайди. Эволюция жараёнида Йиртқичлик, одатда, морфофизиологик прогрессга олиб келади. Чунки йиртқичларнинг ўлжани топиб олиши учун нерв системаси ва сезги органлари; уни тутиб оладиган, ўлдириб ейдиган ва ҳазм қиладиган органлари ривожланган бўлиши лозим. Ов қилиш усулига кўра, йиртқичларни пойлоқчиларга ва қувиб етувчиларга ажратиш мумкин. Айрим ҳолларда йиртқичлар ўлжани тўда бўлиб овлайди (бўрилар). Баъзи гуруҳ ҳайвонлар орасида Йиртқичликдан паразит яшашга (зулуклар) ёки Йиртқичликдан некрофагия (мурда билан озиқланиш) га ўтиш шакллари ҳам учрайди. Кенг маънода Йиртқичлик нисбатан тубан даражада турган организмлар сонини чеклаб туришда муҳим аҳамиятга эга. Йиртқичлардан зараркунандаларга қарши биологик курашни ташкил этишда фойдаланилади. Мас, хон қизи қўнғизи ва тиллакўз хризопадан ўсимлик шираларига қарши курашда фойдаланиб келинади. Йиртқич б-н унинг ўлжаси ўртасидаги ўзаро муносабат улар ҳар иккаласи эволюциясининг биргаликда боришига, яъни коэволюцияга сабаб бўлган. Бу жараёнда йиртқичнинг ҳужум қилиш, ўлжанинг эса ҳимоя воситалари такомиллашиб борган. Ана шундай муносабатлар туфайли йиртқич ва унинг ўлжаси популяциялари сони мутаносиб ўзгариб турган. 20-а. бошларида америкалик А. Лотта ва ита-лиялик В. Вольтерра бир-биридан мустасно ҳолда йиртқич билан унинг ўлжаси ўртасидаги муносабатларни тавсифлаш учун дифференциал тенглама системасини таклиф этишди. Системадаги иккала компонентнинг ўзгариб туриши (турғунлаштирувчи, камайтирувчи ёки кўпайтирувчи амплитудада) математик модели табиий жамоаларнинг ҳолатини тавсифлашда кенг қўлланилади. Табиатда фақат «йиртқич—ўлжа» системаси билан боғлиқ бўлган соф ҳолдаги ўзгариш кам учрайди; бироқ кўп ҳолларда ўлжанинг сон жиҳатдан ўзгариши йиртқич сонининг ўзгаришига олиб келиши кузатилади. «Йиртқич—ўлжа» системанинг турғун ўзаро боғланган ўзгариши лаб. шароитида бир ҳужайралилар ва каналар устида кузатилган.


Кирилл алифбосида мақола: ЙИРТҚИЧЛИК ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Й ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ЕР
БИОЛОГИЯ
ТОШКЕНТ
НЕРВ СИСТЕМАСИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты