ХАРАППА МАДАНИЯТИ, Ҳинд водийси тамаддуни — жез даврига оид юксак ривожланган шаҳар маданияти (мил. ав. 2500—1800 й. лар). Ҳиндистоннинг қад. аҳолиси — дравидлар томонидан яратилган деб тахмин этилади. Ҳиндистон ва Покистоннинг Ҳинд дарёси водийси ва унга кўшни вилоятлардаги улкан ҳудудга (300 минг кв. км майдонга) таркалган. Хараппа савдо колонияси манзилгоҳи, Шим. Афғонистонда — Амударёнинг сўл қирғоғидаги Шўртўқай қишлоқ харобасидан аникланган. Хараппа маданияти аҳолиси денгиз ва қуруклик орқали Месопотамия ва Ўрта Осиё билан қизғин савдо алоқалари олиб борган. Хараппа маданиятининг иқтисодий асосини суғорма деҳқончилик, шунингдек, уй чорвачилиги ва ҳунармандчилик ташкил этган. Бу маданиятга оид 2 асосий шаҳар — Моҳенжо Даро ва Хараппада олиб борилган қазишма ишлари шаҳарсозлик санъати юксак даражада тараққий этганидан далолат беради. Бу шаҳарларнинг аҳолиси 100 минг кишига етган. Шаҳарлар режа асосида қурилиб, қалъа (арк) ва қуйи шаҳар кисмидан иборат бўлган шаҳар кўчаларига пишиқ ғишт ётқизилган, ариқлар ўтказилган. Кенглиги 10 м га етган кўчалар қатъий тўртбурчак ҳосил қилиб ўзаро кесишган. Кўчаларнинг ҳар 2 томонида пишиқ ғиштдан ишланган 2 ва ҳатто 3 қаватли бинолар қад. кўтарган; уларнинг сув таъминоти ва канализацияси тизими пухта ишлаб чиқилган. Бадавлат шаҳарликлар уйларида 30 тагача хона бўлган. Хараппаликлар узунлик ва оғирлик ўлчов бирликлари тизимидан хабардор бўлишган. Хараппа маданияти аҳолисининг оригинал ёзувни кашф этгани ушбу маданиятнинг ёрқин ютуқларидан биридир. Бу ёзув битилган мингдан ортиқ мухр, шунингдек, сопол ва металл буюмлар топилган, лекин, уларни ҳанузгача ўқишга муваффақ бўлинмаган. Проф. Ю. Кнорозов раҳбарлигидаги олимлар томонидан математик методлар қўлланиши натижасида ёзув ўнгдан чапга йўналгани ва протодравидларга мансублиги аниқланган. Хараппа маданиятининг ҳалокатга учраши (ҳасидорийлар истилоси, экологик шароитнинг ўзгариши, безгак эпидемияси) сабаблари номаълум.
Ад.: Косамби Д., Культурам цивилизация древней Индии. Исторический очерк, М., 1968; Культура древней Индии, М., 1975; Бэшэм А., Чудо, которая была Индия, М., 1977; Ғиёсов Т. Ғ., Қадимги Ҳиндистон тарихи, Т., 2000; Индия и Центральная Азия (доисламский период), Т., 2000.