ЯДРО ПОРТЛАШИ — занжирли ядро реакцияси ёки термоядро реакциялари натижасида жуда катта энергиянинг ниҳоятда тез ажралиб чиқиши туфайли содир бўладиган портлаш. Унга оғир ядролар (мас, 23511 ёки 239Ри) нинг бўлиниш занжир реакцияси ёки енгил ядролар (мас, гелий ядроси) нинг синтез бўлиниш термоядро реакцияси олиб келади. Унинг шикастлантирувчи ва вайрон қилувчи таъсири бир вақтда зарб тўлқини, ёруғлик нурланиши, сингувчи радиация, радиоактив заҳарланиш ва электромагнит импульс орқали содир бўлади. Зарб тўлқини йўлида учраган барча объектларга таъсир қилади. Ёруғлик нурланиши турли моддаларни эритиб, куйдириб, ёндириб юборади. Сингувчи радиация (гамманурлар ва нейтрон оқими) нурланиш касаллигини келтириб чиқаради. Радиоактив заҳарланиш Ядро портлашида пайдо бўладиган булутдан радиоактив моддаларнинг тушиши натижасида ҳосил бўлади ва у ҳам нурланиш касаллигига олиб келади. Электромагнит импульс антенналар, симлар, кабель линиялари, алоқа воситаларига таъсир қилиб, уларни ишдан чиқаради.
Ядро портлаши ҳавода, ер устида, ер остида, сув устида ва сув остида амалга оширилиши мумкин. Ҳавода Ядро портлаши ядро қуролларининг қувватига қараб 100 м дан бир неча км гача баландликда бўлиб, зарб тўлқини, ёруғлик нурланиши ва сингувчи радиация орқали шикаст етказади. Ер устида Ядро портлашида шамол йўналиши бўйлаб тарқалган радиоактив булутлар жойларни кучли радиоактивзаҳарлайди. Ер остида Ядро портлаши даврида кўп миқдордаги тупроқ бир неча км юқорига отилади. Асосий шикастлантирувчи омил ерда тарқаладиган қисилган тўлқиндан иборат. Ердаги сейсмик тўлқинларнинг тарқалиш тезлиги тупроқ таркибига қараб 5—10 км/сек бўлиши мумкин. Сув юзасида Ядро портлашининг шикастлантирувчи омиллари: ҳаводаги зарб тўлқин ва сув юзасида вужудга келадиган тўлқинлардан иборат. Сув остида амалга оширилган Ядро портлашининг шикастловчи омили: сувда тарқалиш тезлиги ўртача 1500 м/сек бўлган зарб тўлқинидан иборат. Бу зарб тўлқинлари кемаларнинг сув ости қисмларини ва турли гидротехника иншоотларини шикастлантиради.
Ядро портлашининг шикастлантирувчи омиллари бир вақтда таъсир қилсада, портлаш марказига яқин масофадаги кишиларда контузия, куйиш, сингувчи радиация ва радиоактив моддалардан шикастланиш оғирроқ бўлади.