ЯМАЙКА

ЯМАЙКА — Вест-Индиядаги давлат. Ямайка о. ва унга ёндош бир неча майда оролларда жойлашган. Майд. 11,5 минг км2. Аҳолиси 2,68 млн. киши (2002). Пойтахти — Кингстон шаҳри Маъмурий жиҳатдан 3 графликка бўлинган.

Давлат тузуми. Ямайка — Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибига кирувчи мустақил давлат. Амалдаги конституцияси 1962 йилда қабул қилинган. Давлат бошлиғи — Буюк Британия қироличаси, унинг номидан давлатни генералгубернатор бошқаради. Қиролича генералгубернаторни мамлакат бош вазири тавсияси билан тайинлайди. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни 2 палатали парламент (сенат ва вакиллар палатаси), ижрочи ҳокимиятни бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Ямайканинг катта қисмини оҳактошли плато (бал. 500—1000 м) эгаллаган; шарқий қисмида БлуМуантин тоғлари бор. Жанубий ва ғарбий соҳиллари камбар аллювиал пасттекислик. Жанубий соҳилларда қулай гаванлар бор. Қайноқ радиоактив ва термал олтингугуртли булоқлар мавжуд. Кучли зилзилалар бўлиб туради (1692 ва 1907 йилларда фожиали бўлган). Боксит, темир ва марганец руда конлари бор. Иқлими тропик пассатли иқлим. Янв. нинг ўртача т-раси 24—25°, июлники 26—27°. Йиллик ёғин жан. да 800 мм, тоғларда 5000 мм гача. Кучли бўронлар бўлиб туради. Тупроқлари тоғ жигаррангқизил ва қизилқўнғир тупроқлар. Энг йирик дарёси — БлэкРивер. Мамлакат марказидаги плато ва шарқдаги тоғ ён бағирлари доим яшил тропик ўрмонлар билан қопланган. Оролнинг ғарбий ва жан. қисмидаги текисликларда саванна ўсимликлари ўсади. Ҳайвонот дунёси нисбатан камбағал. Майда кемирувчи ҳайвонлар, қушлар, кўршапалаклар учрайди. ХелтширХилс резервати, 2 денгиз парки бор.

Аҳолисининг асосий қисми (80%) ямайкаликлар (аксарияти негр ва мулатлар); ҳинд, хитой, инглизлар ҳам яшайди. Расмий тил — инглиз тили. Шаҳар аҳолиси 50,2%. Диндорларнинг аксарияти — протестантлар. Йирик шаҳарлари: Кингстон, СпанишТаун.

Тарихи. Ямайкада қадимдан индейсларнинг аравак тил оиласига мансуб қабилалари яшаб келган. Оролга европаликлардан дастлаб 1494 йил X. Колумб экспедицияси бориб тушган ва уни СантЯго деб атаган. Кейинчалик индейсча «Хаймака» («булоқлар ороли», «Ямайка») деб номланган. 1508 йилдан испанлар Я. ни ўз мустамлакасига айлантириб маҳаллий аҳоли (араваклар)ни бутунлай қириб ташлади. 1513 йилдан шакарқамиш плантацияларида ишлатиш учун Африкадан қуллар олиб борилди. 1655 йил Ямайкани инглизлар босиб олди (1670 йил расмий равишда Буюк Британия мустамлакасига айлантирилди). Инглизлар Ямайкани қул савдосининг йирик марказларидан бирига айлантирдилар. 1823—24 ва 1831—32 йиллардаги қулларнинг оммавий ҳаракати натижасида 1833 йил қулдорлик бекор қилинди (1838 йил тўлиқ бекор қилинди). 1958 йилдан Я. Буюк Британия томонидан ташкил этилган ВестИндия Федерацияси таркибида бўдци. 1959 йил Ямайка ички ўзиниўзи бошкариш ҳуқуқини қўлга киритди. 1961 йил федерация таркибидан чиқци. Ямайка 1962 йил 6 авг. да мустақилликка эришди. 1962 йилдан БМТ аъзоси. ЎзР суверенитетини 1992 йил 6 янв. да тан олган. Миллий байрами — авг. нинг биринчи душанбаси — Мустақиллик куни (1962).

Асосий сиёсий партия ва касаба уюшмалари. Я. лейбористлар партияси, 1943 йил тузилган; Халқ миллий партияси, 1938 йил асос солинган. Ямайка касаба уюшмалари конгресси; Я. миллий ишчилар иттифоқи, 1972 йил ташкил этилган; Бустаманте саноат ишчилари касаба уюшмалари, 1938 йил тузилган.

Хўжалиги. Ямайка — аграриндустриал мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда кон саноати 7,2%, қайта ишлаш саноати 17,7%, қишлоқ, ўрмон хўжалиги ва балиқ овлаш 9,4% ни ташкил этади. Иқтисодиётининг асоси экспорт учун боксит қазиб олиш ва гилтупроқ ишлаб чиқариш.

Саноатида боксит қазиб олиш ва гултупроқ ишлаб чиқариш миллий компаниялар томонидан АҚШ ва Канада сармояси иштирокида амалга оширилади. Қандшакар, ром, тамаки, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ривожланган; хориждан келтириладиган нефтни қайта ишлаш, цемент ишлаб чиқариш, кимё, фармацевтика корхоналари бор, электрон аппаратлар йиғадиган зд ишлайди. Йилига ўртача 3,9 млрд. кВтсоат электр энергияси ҳосил қилинади. Хорижий сайёҳлик ривожланган.

Қишлоқ хўжалигида экспорт учун шакарқамиш, банан, цитрус мевалар, кофе, какао, қалампир, тамаки етиштирилади. Ички эҳтиёж учун батат, маниок, шоли, маккажўхори экилади. Чорвачилик суст ривожланган. Асосан, қорамол, чўчқа, эчки боқилади, балиқ овланади.

Автомобиль йўллари уз. 18,6 минг км, т. й. лар узунлиги 200 км. Асосий денгиз порти ва халқаро аэропорти — Кингстон.

Ямайка четга боксит, гилтупроқ, банан, қандшакар, ром, тамаки, цитрус мевалар чиқаради. Четдан ёқилғи, хом ашё, саноат жиҳозлари, транспорт воситалари, озиқ-овқат ва истеъмол моллари олади. Ташқи савдода АҚШ, Буюк Британия, Канада билан ҳамкорлик қилади. Пул бирлиги — Ямайка доллари.

Тиббий хизмати, маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Врачлар Кингстон яқинидаги ВестИндия ун-тининг тиббиёт фтида тайёрланади. 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар учун мажбурий таълим жорий қилинган. Бошланғич мактабларда ўқиш муддати 6 йил, ўрта мактабларда 7 йил Хусусий ўқув юртлари ҳам бор. Ўқиш инглиз тилида. Ҳунартехника таълими тўлиқсиз ўрта мактаб негизида олиб борилади. Кингстон шаҳри яқинида ВестИндия унти (1948 йил ташкил этилган), Кингстонда гуманитар ва табиий фанлар ҳамда технология коллежи, СпанишТаунда қ. х. мактаби бор. Илмий муассасалари: Я. ни ўрганиш институти (1879), илмий текшириш лар кенгаши (1960), режалаш бошқармаси, тиббиёт ассоциацияси, тиббий тадқиқотлар лаб. (ҳаммаси Кингстонда), Кариб овқатланиш институти (1967, Мона қишлоғида) ва бошқалар Кингстонда Ямайка кутубхона хизмати (1948), мактаб кутубхоналари хизмати, Мона қишлоғида ун-т кутубхонаси (1948) ва коллеж кутубхонаси бор. Кингстонда тарих, тиббиёт тарихи, бадиий музейлар, СпанишТаунда халқ музейи мавжуд.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Ямайкада бир қанча газ. ва жур. нашр этилади. Асосийлари: «Дейли глинер» («Кундалик хабарчи», кундалик газ., 1834 йилдан), «Дейли стар» («Кундузги юлдуз», кундалик кечки газ., 1951 йилдан), «Карибиан чэллендж» («Кариб чақириғи», ойлик жур., 1957 йилдан), «Санди глинер» («Якшанба хабарчиси», «Дейли глинер» газ. иловаси). «Джампресс» ҳукумат ахборот агентлиги 1984 йил ташкил этилган. «Телевижи Джамайка лимитед» радиотелевидение хизмати, 1959 йил тузилган. Ямайка радиоси тижорат хизмати бўлиб, 1947 йил асос солинган. Яна бир қанча тижорат радиостя мавжуд.

Адабиёти инглиз ва креол тилларида ривожланмоқда. Луиз Беннетнинг креол тилида яратган шеърлари машҳур. Инглиз тилидаги адабиёт 18-асрда вужудга келган. Т. Редкам (1870—1933) шеър ва пьесалари, Г. Ж. Де Лиссер (1878—1944) романларида миллий мавзу ўз аксини топди. Бу даврда шоир К. МакКей (1890—1948) машҳур бўлган. 2-жаҳон уруши (1939—45) дан кейин адабиётнинг юксалиш даври бошланди. Ижтимоий мавзуда Р. Мейснинг «Инсонака» (1954), «Қора чақмоқ» (1955) номидаги дастлабки романлари, «Янги кун» (1949) қиссаси, В. Риднинг «Қоплон» (1958) қиссаси юзага келди. Миллий озодлик кураши мавзуси Ж. Хирннинг «Дераза яқинидаги товуш» (1955), «Яшаш мумкин бўлган мамлакат» романларидан ўрин эгаллади. О. Паттерсоннинг «Харобалар йўқ» (1967), «Сизиф фарзандлари» (1968) романлари замонавийликка, «Жон фидо қил, узоқ кун» (1972) тарихий романи 18-асрдаги Ямайка ҳаётига бағишланган. К. Томпсон, Э. Солки, П. О. Робинсон, Д. Хайндэ ва бошқалар ҳикоя жанрида самарали ижод қилдилар. Ямайкада биринчи шеърий антология 1929 йил нашрдан чиққан. Шоирлардан У. Э. Робертс, Ф. Шерлок машҳур бўлган. Уларнинг шеърларидаги ватан мавзуини шоирлар В. Виртью, Д. Кэмпбелл, Х. Карбери, М. Моррис, Д. Скотт, А. Макнис ва бошқалар давом эттирдилар. Т. Роннинг пьесалари машҳур.

Маъморлиги ва тасвирий санъати. Ямайка санъатида Европа, айниқса инглиз маданиятининг кучли таъсири Африка халқлари анъаналари билан қўшилиб кетган. 17 — 19-асрларда шаҳарларда инглиз меъморлиги услубида тўғри бурчакли 1 қаватли тош ва ғишт иморатлар қурилди (СпанишТаундаги СентКэтрин собори, 1655; Кингстондаги Рокфорт қалъаси, 17аср охири — 19-аср; Кингстондаги штаб биноси, ҳоз. ҳукумат саройи, 18-аср). Халқ турар жойлари 2 қаватли металл безакли ёғоч уйлар (верандаси билан) бўлган. Бойларнинг шаҳар яқинидаги уйлари америка м«устамлакачилик услуби»да барпо этилган. 20-асрнинг ўрталаридан замонавий кўп қаватли бинолар қурила бошлади (ВестИндия ун-ти биноси, Кингстондаги Нэннивилл турар жой массиви).

20-аср ўрталаридан профессионал тасвирий санъат ривожланди. Оддий кишилар ҳаёти, мамлакатдаги ижтимоий зиддиятлар тасвирий санъат усталари асарларида ўз ифодасини топмоқда. Рассомлардан А. Хью, Р. Кэмпбелл, Д. Поттингер, Л. Моррис, ҳайкалтарошлардан Э. Мэнли, Н. Рой машҳур. Ямайкада ёғоч ўймакорлиги, кандакорлик каби анъанавий халқ ҳунармандчилиги ривожланган.


Кирилл алифбосида мақола: ЯМАЙКА ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Я ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БУЮК БРИТАНИЯ
ТОШКЕНТ
ХИТОЙ
ЯПОНИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты