ЯМАН

ЯМАН, Яман Республикаси (АлЖумҳурия ал-Ямания) — Арабистон я. о. нинг жан. қисмидаги давлат. Майт. 528 минг км2. Аҳолиси 19,3 млн. киши (2002). Пойтахти — Сано шаҳри Маъмурий жиҳатдан 19 вилоят (муҳофаза)га бўлинади.

Давлат тузуми. Яман — республика. Амалдаги конституцияси 1991 йил 15 — 16 майда қабул қилинган; 1994 ва 2001 йилларда ўзгартиришлар киритилган. Давлат бошлиғи — президент (1990 йилдан Али Абдуллоҳ Солиҳ; 1978—90 йилларда Яман Араб Республикаси президенти), у умумий яширин овоз бериш йўли билан 7 йил муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни депутатлар палатаси (1 палатали парламент), ижрочи ҳокимиятни бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Яман аксарият тоғли мамлакат; мамлакат ғарбида Яман тоғлари жойлашган (энг баланд жойи 3600 м — АнНаби-Шоиб тоғи). Қизил денгиз ва Адан қўлтиғи соҳили бўйлаб Тихома чўли чўзилган.

Шарқида Рубь улХоли чўлига туташиб кетаднган унча баланд бўлмаган ясситоғлик ва тепаликлар жойлашган. Қизил денгиз қиргоқлари кам парчаланган, айрим жойларда маржон рифлари бор. Я. да ош тузи, алебастр, нефть, марганец рудаси, ярим қимматбаҳо тошлар бор. Иқлими тропик, ҳудудининг катта қисмида қуруқ иқлим. Уртача т-ра янв. да 20—25°, июнда 21—32°. Йиллик ёғин 40—1000 мм. Дарёлари йилнинг кўп қисмида қурийди. Энг муҳим дарёси — Масила. Тупроқлари қизил қўнғир, айрим жойларда шўрхоклар учрайди. Тоғларнинг кўп қисмида ўсимлик ўсмайди; тоғ ён бағирлари акация, мимоза, олеандр, алоэ, фикус ўсимликлари билан қопланган. Текисликларда чўл ва чала чўл ўсимликлари, воҳаларда хурмо пальмаси ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан ғизол, ёввойи эшак (онагр), йиртқичлардан сиртлон, бўри, тулки, қоштоп бор; гамадрил ва павиан маймуни учрайди. Қирғоққа яқин сувларида балиқ тури кўп.

Аҳолисининг кўпчилиги араблар; шунингдек, эфиоп, ҳинд, яҳудий, сомалилар, покистонликлар ҳам яшайди. Расмий тил — араб тили. Давлат дини — ислом. Шаҳар аҳолиси 23,5%. Йирик шаҳарлари: Сано, Адан, Таиз.

Тарихи. Мил. ав. 2-минг йиллик охири ва 1-минг йиллик бошида Яман ҳудудида ўзига хос жан. араб маданияти шаклланди. Шу даврда Хадрамаут, Қатабон, Саба, кейинчалик Мани давлатлари пайдо бўлди. Мил. ав. 1-минг йиллик ўрталарида Саба давлатининг мавқеи ошиб, қўшни давлатлар унга тобе бўлиб қолди. Мил. 4-аср бошида Яманнинг барча ҳудуди Ҳимярийлар подшолигига бирлашди. 4—6-асрларда Яманда иудаизм ва христианлик тарқадди. 6-аср бошида Яманни эфиоплар, 6-аср охирида Сосонийлар босиб олди. 629—630 йилларда Яман Араб халифалиги таркибига қўшиб олинди. Яман ҳудудида арабмусулмон маданияти қарор топди. Ислом дини секин аста ҳукмрон динга айлана борди. 9-асрда Яманда мустақил Зиёдийлар давлати (пойтахти Забид шаҳри), Яфурийлар давлати (пойтахти Сано шаҳри) вужудга келди. 10-асрда Яман ҳудудининг бир қисми шиаларнинг Зайдийлар мазҳаби тарафдорлари қўлига ўтди. Кейинги даврларда Яманда турли сулолалар ҳукмронлик қилди. 16аср бошида Яман Усмонли турк империяси таркибига кирди. 17-аср бошида у ерда туркларга қарши қўзғолон кўтарилиб, Зайдий имомлари бошчилигида 1633 йил мустақил давлат (имоматлик) тузилди. 19-аср бошида Яманга ваҳҳобийлар тез-тез ҳужум қилиб турди, кейинчалик Миср подшоси Муҳаммад Аш қўшинлари бостириб кирди. 1840 йилгача Я. Мисрга тобе бўлиб қолди. 1839 йилдан Жанубий Яман (Адан мустамлакаси ва Адан протекторатлари)да Буюк Британия ўз ҳукмронлигини ўрната бошлади. 19-асрнинг 70-й. лари бошида Шим. Яманда Туркия ҳукмронлиги тикланди. 19-аср охири — 20-аср бошида Шим. Яманда Туркия ҳукмронлигига қарши бир неча бор қўзғолон кўтарилди. 1904—11 йилларда бўлиб ўтган қўзғолонлар натижасида Шим. Яман мухториятга эришди. 1918 йил мустақил қироллик деб эълон қилинди. 1962 йил 26 сентябрда Санода бўлган инқилоб натижасида монархия тузуми ағдариб ташланди ва Шим. Яманда Я. Араб Республикаси тузилганлиги эълон қилинди. Жанубий Яман халқининг инглизлар ҳукмронлигига қарши озодлик кураши Шим. Ямандаги озодлик ҳаракатларининг муваффақиятларидан сўнг авж олиб кетди. Буюк Британия Адан шаҳри ва Адан протекторатида ўз мавқеини сақлаб қолиш мақсадида 1959 йил жан. да Араб амирликлари федерацияси (1962 йилдан Жанубий Арабистон федерацияси, ЖАФ)ни тузди. Халқ оммаси ЖАФга қарши кураш олиб борди. Бу кураш Шим. Яманда Я. Араб Республикаси тузилганидан кейин янада кучайиб кетди. Мустақиллик учун кураш натижасида Жанубий Яманнинг катта ҳудуди озодлик кучлари қўлига ўтди. Буюк Британия Жанубий Яманни мустақил деб тан олишга мажбур бўлди ва 1967 йил 30 нояб. да Адандан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетди. Ўша куни мустақил Жанубий Яман Халқ Республикаси (1970 йилдан Я. Халқ Демократик Республикаси) тузилганлиги эълон қилинди. 1990 йил Яман Араб Республикаси билан Яман Халқ Демократик Республикаси бирлашиши натижасида Я. Республикаси ташкил топди. Аммо мамлакатда жанублик ва шимолликларни ажратиб ташлашга бўлган ҳаракатлар сақланиб қолди; бу 1994 йил шимолликлар ғалабаси билан тугаган йирик ҳарбий тўқнашувга ҳам олиб келди. Яман — 1947 йилдан БМТ аъзоси. ЎзР суверенитетини 1991 йил 30 дек. да тан олган ва 1996 йил 21 майда дипломатия муносабатлари ўрнатган. Мидлий байрами — 22 май — Миллий бирлик куни (1990).

Сиёсий партия ва касаба уюшмалари. Умумий халқ конгресси, 1982 йил тузилган; Я. социалистик партияси, 1978 йил асос солинган; Ислоҳотлар учун Яман бирлиги, 1990 йил ташкил этилган. Я. Республикаси ишчилари касаба уюшмалари умумий федерацияси, 1990 йил тузилган.

Хўжалиги. Яман — аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қ. х. 23,9%, кон саноати 16,6%, қайта ишлаш саноати 10,1% ни ташкил этади.

Қишлоқ хўжалигининг асосий тармоғи деҳқончилик. Фаол аҳолининг 70% дан ортиғи қ. х. да банд. Маҳсулоти экспорт қилинадиган асосий ўсимлиги кофе; хурмо ўстирилади. Боғдорчилик (анжир, ўрик, манго, анор ва бошқалар) ва токчилик ривожланган. Техника ва эфир мойли ўсимликлардан занжабил, кунжут, пахта, тамаки, донли экинлардан дурра, тариқ, арпа, буғдой, маккажўхори, дуккаклилар, сабзавот экинлари экилади. Мамлакатнинг жан. ва жан. шарқидаги чўл ва чала чўлларда воҳа деҳқончилиги ривожланган (тариқ, жўхори, буғдой, арпа, кунжут, пахта, кофе, тамаки, сабзавот, кокос ва хурмо пальмаси етиштирилади). Чорвачиликда қорамол (асосан, зебу), ‘ қўй, туя, от, эшак, парранда боқилади. Мамлакат жан. ва жан. шарқида кўчманчи чорвачилик ривожланган. Асаларичилик билан ҳам шуғулланилади. Балиқ овланади. Қизил денгизнинг қирғоққа яқин жойларидан марварид олинади.

Саноатида нефть, ош тузи, темир рудаси, ярим қимматбаҳо тошлар қазиб олинади. Нефтни қайта ишлаш, энергетика, тўқимачилик, пахта тозалаш, озиқ-овқат (тамаки, кофени қайта ишлаш корхоналари) саноати мавжуд. Йилига ўртача 1,96 млрд. кВтсоат электр энергияси ҳосил қилинади. Ҳунармандчиликда уйрўзғор анжомлари, мато, кўнпойабзал, кулолчилик ва заргарлик бутомлари, тиғли қуроллар ишлаб чиқарилади.

Яманда темир йўл йўқ. Автомобиль йўллари уз. 64,6 минг км. Денгиз савдо флоти тоннажи 13,6 минг т дедвейт. Денгиз портлари: Адан, Ҳудайда, Моха, Салиф, Муқалла. Яман четга нефть ва нефть маҳсулотлари, кофе, балиқ ва денгиз маҳсулотлари, пахта, тери, тамаки чиқаради. Четдан озиқ-овқат, жиҳозлар, саноат буюмлари олади. Ташқи савдода Япония, АҚШ, Саудия Арабистони, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва бошқалар давлатлар билан ҳамкорлик қилади. Пул бирлиги — Яман риали.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Давлат мактабларида ўқиш бепул. Хусусий мактаблар ҳам бор. Бошланғич мактабларда ўқиш муддати 6 йил, ўрта мактабларда ҳам 6 йил Олий ўқув юртлари: Адандаги олий пед. коллежи (1970 йил ташкил этилган), ун-т (1975), Мусиқа инти, Сано шаҳридаги ун-т (1974). И. т. лар Адандаги унтда олиб борилади. Сано шаҳрида кутубхона (1925), Адан шаҳрида «Мисват» ва ун-т кутубхоналари, археология музейи бор.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Яманда бир қанча газ. ва жур. нашр этилади. Асосийлари: «Арбааташар октобр» («14 октябрь», араб тилидаги кундалик газ., 1968 йилдан), «АлЖумҳурия» («Республика», араб тилидаги кундалик газ., 1948 йилдан), «АсСакафа алЖадида» («Янги маданият», араб тилидаги ойлик жур., 1970 йилдан), «АсСаура» («Инқилоб», араб тилидаги кундалик ҳукумат газ., 1948 йилдан), «АсСаури» («Инқилобчи», кундалик газ., 1967 йилдан), «Саут алУммал» («Ишчилар овози», араб тилидаги кундалик газ.). Адан ахборот агентлиги, ҳукумат агентлиги, 1970 йил тузилган; Саба ахборот агентлиги, ҳукумат агентлиги, 1970 йил ташкил этилган. Яман радиотелевидение хизмати, давлат томонидан назорат қилинади, Адан шаҳрида жойлашган.

Адабиёти. Ўрта аср яман адабиёти умумараб адабиёти оқимида ривожланди ва асосан диний мавзудаги шеърият кенг тарқалди. 12-асрда Нашван алҲимярий томонидан яратилган «Ҳимярий қасидаси» достони, алҲамадонийнинг «Шеърлар девони» бундан мустасно. 19-асрда миллий озодлик ҳаракатининг авж олиши реалистик адабиётнинг юзага келишига сабаб бўлди. Яҳё бин Муҳаммад алАрёний, Абдул Карим Мазхар ва бошқалар қасида жанрида ижод қилдилар. Ёзувчилардан Аҳмад алФейс, Шауки Абдулла, Жафар Абдо, шоирлардан Фарид Баракат, Абдураҳмон Фахри, Али Маҳди ашШинвах, Абадан Муҳаммад Духайс реалистик йўналишдаги адиблар гуруҳига киради. Жафар Лутфи Аман романтик йўналишда асарлар яратди. Муҳаммад Саид Мисват, Муҳаммад Абдул Вали, Аҳмад Маҳфуз Омар, Али Баазиб, Муҳаммад Абдураҳмон Аҳмад, Муҳаммад Солиҳ Ҳайдарий кабилар ўз новелла ва кичик драматик асарлари билан машҳур.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Яман ҳудудида Мариба, Карнову ва бошқалар қадимги шаҳар қолдиқлари топилган (мил. ав. 2-минг йилликка оид), уларнинг аксарияти тўртбурчак шаклида қурилиб, атрофлари баланд (10—12 м) деворлар билан ўралган; ирригация иншоотлари (Марибадаги тўғон, мил. ав. 7-аср) ва тош ибодатхоналарнинг қолдиқлари, тош ва бронзадан ишланган ҳайкалчалар ҳам топилган. Қатабон подшолиги (мил. ав. 9—1-асрлар)нинг пойтахти — Тимна шаҳри харобалари: тош истеҳкомларнинг қисмлари, тошдан қурилган биноларнинг деворий ёзувлари, бўртма тасвирли стелалар, Хадрамаутда мил. ав. 4—3-асрларга оид шаҳар вайроналари (истеҳком деворлари, минора типидаги уйлар, қабртошлар), сув ҳавзалари (Аданда) сақланиб қолган. Мамлакатнинг турли р-нларидан мил. ав. 1-минг йилликка оид одам ва ҳайвонларнинг бронза ва олтиндан ишланган тасвирлари, геометрик нақшли сопол буюмлар, Тимнада деворий бронза бўртмалар ва эллини тусидаги ҳайкалчалар (мил. ав. 1-аср) топилган. Яманда ислом дини тарқалиши билан масжидлар қурила бошлади. 7—16-асрларда минорали масжидлар (Сано шаҳридаги ал-Жомий ал-Кабир масжиди, 670-й. лар, 8, 10 ва 12-асрларда кенгайтирилди; Таиз шаҳридаги алАшрафия масжиди, 13аср), «қубба» — авлиёлар мақбаралари қурилди. 20-асрда шаҳарларда миллий меъморий анъаналар сақланган ҳолда замонавий типда саноат ва ирригация корхоналари, турар жой ва маъмурий бинолар барпо этилди. Яманда қадимдан амалий безак санъати турлари (кумуш, тошдан буюмлар ясаш, гиламчилик, заргарлик, кийимга гул тикиш) кенг тарқалган.

Мусиқаси. Яман мусиқасида Византия, Бобил, Миср маданияти таъсири сезилади, бошқа араб мамлакатлари (Саудия Арабистони, Ироқ ва бошқалар) мусиқа анъаналарига яқинлик мавжуд. Архиак мусиқа намуналари сақланиб қолган (фольклар шеъриятини бадиий ўқиш); қўшиқ ва чолғу услубини белгиловчи лад (мақам), ритмик формулалар тизими шаклланган. Мусиқа асбоблари:: уд (лютна), қонут (цитра), мизмар (сурнай тури), зарбли — табл, дэф, мирвас, хагер ва бошқалар Қадимда шоирдостончилар, ровийлар (ривоят, насиҳат айтимларини ижро этувчилар) санъати ривожланган. Ислом давридан бошлаб диний шакллар билан бирга дунёвий мазмундаги мауал, мувашшах, такасим ва бошқалар жанрлар кенг ўрин олган. Шунингдек, Яманда эркакларнинг жанговар давра қўшиқлари (албара), тўй рақслари (зэффа, муракках ва бошқалар), аёлларнинг якка ва жамоа қўшиқлари тарқалган. Мусиқанинг замонавий шакллари ҳам ривожланган. Мусиқа бўйича кадрлар Адан шаҳридаги Мусиқа ин-тида тайёрланади. Миллий қўшиқ ва рақс ансамбли бор.


Кирилл алифбосида мақола: ЯМАН ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Я ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ЯПОНИЯ
ТОШКЕНТ
ХИТОЙ
ФРАНЦИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты