ЯСАМА СЎЗ — ясовчи қўшимчалар ёрдамида ҳосил қилинган сўз: бедазор, ишчи, ёзувчи, мактабдош, одамсимон; бепул, бообрў, сермева. Ўзбек тилида ясама сўз ҳосил қилишнинг қуйидаги кўринишлари мавжуд:
1) ўзакдан ясаш (иш+чи): биринчи деривация (биринчи негиз);
2) негиздан ясаш (ўқув+чи); иккинчи деривация (иккинчи негиз); ўқувчи+лик: учинчи деривация (учинчи негиз);
3) қўшма ўзакдан ясаш (ишбилармон+лик, пирпир+ак, темирйўл+чи). Ясама сўзга асос бўлган компонент — сўз ясалиш асоси ёки мотивловчи асос, ундан ҳосил бўлган, яъни Ясама сўз с эса мотивланувчи асос дейилади. Ясама сўзнинг маъноси ана шу мотивловчи компонент ва ясовчи қўшимчанинг маъноси билан асосланади, шу қисмларнинг маъносидан келиб чиқади. Сўзнинг ясалган ёки ясалмаганлигини белгилашда ҳоз. тил нуқтаи назаридан қаралади. Мас, тошлоқ сўзи қисмларга ажралади (тош+лоқ; тош билан боғланиш бор), қишлоқ сўзи эса ажралмайди, чунки бугунги кунда бу сўзнинг «қишда яшайдиган жой» маъноси унутилган. Бошқача айтганда, Ясама сўз ларда янги ҳосил қилинган луғавий бирлик билан аввалгиси (янги бирликка асос бўлгани) ўртасидаги алоқа сезилиб туради (яна қ. Сўз ясалиши).