ЯССИ ЧУВАЛЧАНГЛАР — тубан чувалчанглар типи. Гавдаси 2 томонлама симметрияли, чўзиқ, кўпинча орқақорин йўналишида яссилашган. Уз. 0,2 мм дан 18 м гача. Эркин яшовчи турларининг гавда қоплоғичи — киприкли эпителий, паразитлариники — ичкарига ботиб кирган ядросиз қават — тегументдан иборат. Паразит турлари танасининг олдинги, баъзан кейинги томонида сўрғичлар, сўрғичли диск, клапанлар ва ирмоклардан иборат ёпишув органлари бўлади. Оғзи танасининг қорин ёки олдинги томонида. Ҳалқуми ривожланган, ичаги тўғри (шохланмаган, 2—3 ёки кўп марта) шохланган, баъзи эркин яшовчи турларида ривожланган; тасмасимон чувалчангларда иккиламчи тарзда йўқ бўлиб кетган. Ичакнинг кейинги бўлими ва анал тешиги бўлмайди. Тубан ичаксиз киприкли чувалчанглар озиғи ҳазм қилиш паренхимасида ҳазм бўлади; тасмасимон чувалчангларда ва айрим бошқа гуруҳларда озиқ бутун тана юзаси орқали шимилади. Айириш органи — протонефридий. Қон айланиш ва нафас олиш системаси йўқ. Тери орқали нафис олади. Нерв системаси бош ганглийлар, ҳалқумни айланиб ўтадиган ҳалқа комиссуралар ва бир жуфт бўйлама нерв поялари ҳамда уларни туташтириб турадиган нерв толаларидан иборат. Ясси чувалчангларга эркин яшовчи ксенотурбидлар ва киприкли чувалчанглар, паразит яшовчи аспидагастрейлар, трематодалар, моногенийлар, гирокотилидлар, амфилинидлар ва цестодалар синфлари ҳамда 12500 тур киради. Ясси чувалчанглар гермафродит, жинсий системаси жуда мураккаб, баъзи турлари айрим жинсли. Кўпчилигининг ҳаёт цикли жуда мураккаб. Ясси чувалчанглар орасида одам ва ҳайвонлар учун хавфли паразитлар ҳам кўп учрайди.