ХОНДАМИР

ХОНДАМИР Ғиёсиддин Муҳаммад ибн Хожа Ҳумомуддин ибн Хожа Жалолиддин Муҳаммад ибн Бурҳониддин Муҳаммад Шерозий (1473—76, Ҳирот — 1534, Манду; Деҳлида дафн этилган) — тарихчи. Она томондан Мирхондиинг набираси ва шогирди. Отаси темурийлардан Султон Махмуд мирзонинг вазири бўлган. 10 ёшида Навоийнинг кутубхонасида кутубхоначи, 1498 й. мудир. 1503 й. дан Балхда Бадиуззамон Мирзо саройида хизмат қилган. 1507—10 й. ларда Шим. Афғонистонда (Башт қишлоғида) адабий ижод билан шуғулланган. 1510 й. X. Ҳиротга қайтиб келган. 1528 й. X. Ҳиндистонга, бобурийлар пойтахти Аграга, яъни Бобур хузурига борган ва 1529 й. Бобурнинг Бенгалия ва Ганг дарёси соҳили томон қилган юришида қатнашган. Бобур вафотидан сўнг X. унинг вориси Ҳумоюн билан ҳарбий юришларда иштирок этган. Айни вақтда у «Ҳумоюннома» асарини ёзади. Бу хизмати эвазига унга «Амир улмуаррихин» унвони берилган. Ҳумоюн билан ҳарбий юришдан қайтиб келаётганда вафот этган. Васиятига биноан, Деҳлидаги машҳур қабристонга, шоир Хусрав Дехлавий (1253—1325) ёнига дафн этилган. X. 13 та асар ёзган, бизгача 8 таси етиб келган; «Маъосир улмулук» («Ҳамаср подшохдарнинг тарихи») (1498—99); Алишер Навоийга бағишланган: «Хулосат улахбор фи баён улаҳвол улахёр» («Хайрли кишилар аҳволини баён этиш борасида хабарлар хулосаси») (1498— 1500) ва «Макорим улахлоқ» («Олийжаноб хулкдар») (1501); «Дастур улвузаро» («Вазирлар учун қўлланма») (1500 — 01); «Номаи номи» («Атокли номалар») ёки «Иншои Ғиёсиддин», «Иншои Ғиёсий» (1522—23); Мирхонднинг «Равзат уссафо» асарига X. томонидан қўшилган илова — 7жилд ва «Географик қўшимча» (1522—23); «Ҳабиб уссияр фи ахбор афрод улбашар» («Инсон зоти хабарлари ва дўстнинг таржимаи ҳоли») (1520—24); «Ҳумоюннома» (1534).

Хондамирнинг қолган 5 та асарининг номлари маълум холос: «Осор улмулук валанбийо» («Подшоҳ ва пайғамбарлар ҳақида ҳикоялар») (1524—25); «Ахбор улахёр» («Яхши инсонлар ҳақида хабарлар»); «Мунтахаби тарихи Вассоф» («Вассоф тарихидан сайланма»); «Жавоҳир улахбор» («Хабарлар гавҳарлари»); «Ғаройиб уласрор» («Қизиқарли сирлар»). Навоийнинг маълумотига кура, X. «Накий» тахаллуси билан шеърлар ёзган. Хондамирнинг 3 жилдли «Ҳабиб уссияр фи ахбор афрод улбашар» асарининг 1 ва 2жидди Туркистондаги хонлар, Чингизхон ва унинг авлодларининг тарихи ҳақида, 3жилдида эса, 15-а. нинг 90-й. ларида Мовароуннахр ва Хуросондаги темурийлар ўртасидаги ўзаро курашлар, Шайбонийхон босқини ҳақида бирмунча маълумотлар бор. X. Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон тарихига оид муҳим асарлар яратган ва бу билан жаҳон маданияти хазинасига муносиб ҳисса қўшган.

Дилором Юсупова.


Кирилл алифбосида мақола: ХОНДАМИР ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: X ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



АЛИШЕР НАВОИЙ
БОБУР
ТЕМУРИЙЛАР
АМИР ТЕМУР
ЖАЛОЛИДДИН МАНГУБЕРДИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты