ЯЪҚУБИЙ, ал-Яъқубий, Абул Аббос Аҳмад ибн Яъқуб (? — 897 ёхуд 905) — араб тарихчиси ва географи. Бағдодда амалдор оиласида туғилган. Арманистонда, сўнгра Хуросонда яшаган. Ҳиндистон бўйлаб саёҳат қилган. Мисрда қўним топиб, у ердан Мағрибга борган. Яъқубийнинг «Китоб ул булдон» («Мамлакатлар китоби») асари (тахм. 891 йил) ўша давр олимларига маълум бўлган дунё мамлакатлари геогр. сига доир бўлиб кўп жиҳатдан ўзига хослиги билан ажралиб туради. Яъқубий, шунингдек, «Тарих» асари муаллифи бўлиб, асарнинг 1-қисми Оссурия, Миср, Юнонистон ва қадимий дунёнинг бошқа давлатлари тарихига оид. 2-қисмида — ислом дини ва Араб халифалигининг 872 йилгача бўлган тарихи баён этилган.