ХОРАЗМ МУСИҚА УСЛУБИ

ХОРАЗМ МУСИҚА УСЛУБИ — Хоразм воҳасида қарор топган муайян мусиқий анъаналар мажмуи. Кадимдан маданият ва санъат маскани бўлган ушбу ҳудудда ўзига хос халқ мусиқа ижодиёти (болалар ва маросим қўшиқлари, халфа лапарлари ва б.), оғзаки анъанадаги касбий мусиқа (достон, талқинчи ва гўяндалар санъати, мақом ва б.) намуналари кенг ўрин тутади. Хоразм мусиқа услуби доирасида халқ мусикасининг энг қад. даврларига мансуб куйоҳанг намуналари ўз аксини топган. Жумладан, болалар («Момом мошийди», «Аравачи мани дойим», «Туялар, ҳо туялар» ва б.) ва мавсум маросим қўшиқлари («Сует хотин», «Ашша дароз» ва б.)да мусиқанинг илк босқичларига оид дастлабки тузилма ва оҳанг аломатлари, бошланғич парда асослари сақланиб қолган. Халфалар санъатида «ичкари»га хос ихчам диапазондаги паст овоз кўламида айтиладиган, фақат аёлларгагина хос бўлган қўшиқ ва ашулалар урин олган. Бунда қудалар томонидан тўйга рухсат берилгандан кейин айтиладиган «Боринг бошланг, ўнглар бўлғай туйинггиз», туй бошланишида «Мубораклар бўлғай этган туйинггиз» ёки келин келгандан кейин «Айланаман келинни қадди бўйиннан» ва б. қўшиқлар туйнинг узига хос ривожини белгилаган. Айниқса, қайроқ билан ўйнаб айтиладиган лапар тури халфа раққосаларига жуда хосдир.

Хоразмда хонандалик, созандалик ва раққосликни ўзига касб қилиб олган санъаткорлар гурухлари «созанда қўшлари» дейилган. Улар икки хил таркибда, яъни 2 та сурнайчи, доирачи, танбурчиашулачи, созчи (гармончи) ашулачи, раққос, масхарабоз, сўз устаси (шунинг ўзи мағалдоқчиакробат); дорбозчи, чодир хаёл (қўғирчоқбоз) ва б. дан ташкил топган. Созанда қўшларининг вазифаси тўйда бахши достонни тугатгандан кейин ёки тўйни янада қиздириш мақсадида ўз санъатларини (Лазги каби куй ва рақсларни ижро этиб) намойиш қилишдан иборат. Эл орасида танилган созанда қўшларининг бошлиқларидан Ҳусайн Калот, Собир Калот, Шомурод сурнайчи, Ушли Кал (машҳур «Ушлини уфориси» ялласининг муаллифи), Дурди карнайчи, Собир Дорбоз, Хўжа Кўр, Отоқ Жонли, Купал Ҳожи, Баётвой, Оллаберган Ҳожи, Худойберган Вовоқ ва б. машҳур.

Хоразм мусиқа услубининг бахшидостончилар санъати ўзига хос бўлиб, алоҳида ўринга эга. Достоннинг насрий қисми ҳикоя, назмий қисми эса қўшиқ шаклида очиқ овозда чолғу ансамбль жўрлигида ижро этилади. Хоразм бахшичилиги Ширвоний ва Эроний услубларга бўлинади. Ширвоний услуб Амударёнинг юқори ва ўрта оқимидаги ҳудудда тарқалган (маркази — Хива). Бу услуб намояндалари дутор, ғижжак, бўламон ва дойра жўрлигида куйлайдилар. Унда 72 та достон куйлари мавжуд бўлиб, булар: Мухаммаслар туркуми (5 та куй), Илғорлар (4), Эшвойлар (5), Найларманлар(5), Нолишлар (7), Ширвонийлар (3), Зоринжилар (2), «Раҳм айла», «Бобохоним», «Гуландом» ва б.

Эроний услуб Амударёнинг қуйи оқими ҳудудида тарқалган (маркази — Манғит ш.). Ушбу услуб бахшилари дутор, ғижжак, бўламон жўрлигида достон куйлашади. Уларнинг қўшида доира қатнашмайди. Эроний услубда 32 та достон куйлари бўлиб, уларнинг кўпчилиги Ширвоний номалар билан ўхшаш, лекин Сарпарда, Кўр қиз, Қўшадас, Қўшим Полвон Илғори ва бошқалар билан ажралиб туради. 18-а. охири ва 19-а. бошларида Хива хонлигида 40 дан ортиқ бахшилар фаолият кўрсатган ва улардан энг машҳурлари Эшвой бахши, Муҳаммадниёз Гўржи, Ризо бахши, Эрназар бахши, Суёв бахши, Жуманазар бахши, Ахмад бахши, Бола бахши Абдуллаев ва б.

Хоразм мусиқа услубида талқинчи ва гўяндалар ижоди аниқ бир жанр билан чегараланмаган бўлсада, уларнинг ўз йўллари ва ўзига хос услублари мавжуд. Айниқса, улар суворалар ва уларнинг савтлари ҳамда бошқа йирик шаклдаги мумтоз ашулаларни Машраб, Сўфи Оллоёр, Маҳтумқули, Мулла Нафас каби шоирларнинг тасаввуф йўлидаги ғазаллари, насиҳат ҳамда ўгитларига солиб куйлаганлар. Шунингдек, мусулмончиликни тарғиб қилувчи «Кийикнома», «Сайид Ваққос», «Каптар», «Амир Ҳамза», «Меърожнома», «Султонбобо ҳикояти», «Пайғамбарлар ҳикояти» каби номаларни ҳам ижод қилганлар. Талқинчи ва гўяндалар «Дийралишма» деб номланган эркин танловларда синалган, улардан Полли Дузчи, Каландар Бангги, Қуржи ота ва б. машҳур.

Ҳоз. даврда Хоразмда 15 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда мусиқа коллежида Хоразм мусиқа услуби бўйича ёшларга таълим берилмоқда. Уларнинг кўпчилигида халфа ва бахшилар синфлари очилган. Вилоятдаги «Қалдирғоч», «Навбаҳор», «Олтин қўллар», «Оразибон», «Муборак» ва б. ансамблларда Хоразм мусиқа услубининг ёрқин кўринишлари намоён бўлмоқда.

Ботир Матёқубов.


Кирилл алифбосида мақола: ХОРАЗМ МУСИҚА УСЛУБИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: X ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ХАЛҚ ИЖОДИ
МУСИҚА
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ
ФРАНЦИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты