ХОРАЗМ ТЕАТРИ

ХОРАЗМ ТЕАТРИ, Огаҳий номидаги Хоразм вилоят мусиқали драма театри — Ўзбекистондаги кўҳна театрлардан бири. 1922 й. 2 мартда «Ҳукумат уйи» номи билан Ҳамза бошчилигида ташкил бўлган. Етук санъаткор Машариф Полвонов раҳбарлигида театр пойдеворини яратган 12 кишидан иборат (Сафо Муғанний, Қ. С. Сароймонов, У. Қурбоний, Р. Юсупов, О. Бекчурина, М. Ёқубов (Шерозий), Қ. Қутлиев, М. Харратов, Ш. Салоев, Ж. Қалантаров ва б.) труппа ўз фаолиятини кичик асарлар саҳналаштиришдан бошлаган. Ҳамза ўз асарлари асосида саҳналаштирган «Бой ила хизматчи», «Туҳматчилар жазоси», «Заҳарли ҳаёт», «Фарғона фожиалари», «Қармоқ», «Телефон», Маннон Уйғурнинг «Туркистон табиби», Ғулом Зафарийнинг «Эрк болалари» кабилар театрда қўйилган илк спектакллар бўлиб, бош ролларни Машариф Полвонов, Ёқуб Девонов, Ойша Бекчурина, Ханский, Ханская сингари актёрлар ижро этганлар. 1933 й. Хоразм маркази Урганчга кўчирилиши муносабати билан театр ҳам Урганчга кўчирилиб, Хоразм округ давлат мусиқали драма театри номини олган. Республиканинг турли вилоятларидан истеъдодли санъаткорлар жалб этилди. М. Шерозий, Р. Омонов, К. Раҳимов, Қ. Искандаров, Қ. Бойжонов, М. Сафоев, О. Худоёрова, М. Худоёров, С. Девонов, С. Ҳожиева, О. Рўзметова, Р. Мусаев, С. Мусаева, В. Фаёзов, О. Қориева, 3. Қобулов, Тамарахоним, А. Турдиев, Охунжон цизиц, С. Олимов, Ш. Рамазонов ва б. шулар жумласидан. 2-жаҳон уруши йиллари театр жамоаси ҳарбий қисмларга хизмат қилдилар. Урушдан кейинги йиллар М. Шерозий, Ҳ. Болтаев, К. Отаниёзов, В. Фаёзов, Қ. Бойжонов, Н. Болтаев, Н. Юсупова, С. Раҳимова, С. Девонов, М. Рахимов, 3. Ғаффорова, Р. Отажонова, Р. Бойжонова, М. Юсуповдек санъат аткорлар театрни юксак поғоналарга кўтардилар. «Макр ва муҳаббат», «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин», «Тоҳир ва Зуҳра», «Алпомиш», «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам», «Ҳамлет», «Қароқчилар», «Монсерро» ва б. 50—60йлар яратилган энг яхши спектакллардир. 70—80-й. лар театрда юксалиш даври бўлди. 3. Қобулов, А. Муҳамедов, Ҳ. Исломов, Ҳ. Аппанов, И. Ниёзматов сингари малакали реж. лар долзарб ва бадиий тўлақонли асарлар сахналаштирдилар. Истевдодли ёш ижодкорлар театр жамоасига келиб қўшилди. «Кечиккан севги» (А. Островский), «Миндаугас» (Марцинкявичус), «Ҳижрон» (С. Раҳмон), «Беруний» (Уйғун), «Ибн Сино» (Шаломаев), «Олтин девор» (Э. Вохидов), «Қароқчилар» (Ф. Шиллер), «Аждодлар қиличи» (Э. Самандаров) каби спектакллар шу йиллар маҳсулидир.

Мустақиллик йиллари театр Хоразм ижодкорлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиши унинг ижодий равнақига ижобий самарасини берди. Н. Солаев, Қ. Матризаев, Ҳайитмат Расул асарлари театр репертуарини бойитибгина қолмай, унинг ижодий такомиллашувига катта ҳисса бўлиб қўшилди. Комил Авазнинг «Марварид таққан аёл», «Феруз», «Огаҳий» мусиқали драмалари, «Жобби жужакнинг ҳийласи», «Ташкилдаги ҳангома», «Жавоҳир», «Тили асалим», «Нилуфар», «Жавлон журра» комедиялари; «Авесто — меҳр фарзанди» спектакли сўнгги йиллар саҳналаштирилган энг яхши спектакллардир. Театрга турли йилларда М. Полвонов, С. Сароймонов, 3. Қобулов, X. Аппанов, Ҳ. Исломов, И. Ниёзматовлар бош реж. лик, Л. Абдуллаева, О. Оллаберганов, С. Қодиров, П. Кичколар бош рассомлик, А. Отажонов, Ҳ. Бобожоновлар бош дирижёрлик, Н. Шабанов, 3. Ғаффоровалар бош балетмейстерлик қилиб келдилар.

Ҳоз. кунда (2005) Г. Рахимова, М. Бобожонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлардан Ш. Рамазонова, О. Бобожонов, О. Тоғанов, Ж. Нурлаевлар, артистлардан К. Тожибоев, Ш. Шомуродов, А. Йўлдошев, П. Матёкубов, Р. Қўчқоров, С. Жуманиёзовлар театрнинг етакчи актёрларидир. Театрнинг бош реж. и — М. Қурёзов, бош рассоми — Б. Бекмуродов.

Тошпўлат Турсунов.


Кирилл алифбосида мақола: ХОРАЗМ ТЕАТРИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: X ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ТОШКЕНТ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
ЎЗБЕК МИЛЛИЙ АКАДЕМИК ДРАМА ТЕАТРИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты