ЕВРОПА ИНВЕСТИЦИЯ БАНКИ (European Investment Bank) — Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг ҳукуматлараро кредит ташкилоти. 1958 й. да ташкил этилган. Дастлабки банк ҳамжамият доирасидаги қолоқ минтақаларни инвестицион молиялаш, саноат модернизацияси ва конверсиясини, шунингдек, ҳамкорликдаги лойи-ҳаларни молиялаш каби масалаларда узоқ муддатли кредитлар бериш ва уларни кафолатлаш йўли билан Европа умумий бозорини ривожлантиришни кўзда тутган эди. Кейинги пайтда турли битимларнинг имзоланиши натижасида Европа инвестиция банки Европа ҳамжамиятига алоқаси бўлмаган Африка, Кариб денгизи ва Тинч океани ҳавзалари ҳудудидаги мамлакатларга, шунингдек, Европа ҳамжамияти билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида битимга эга бўлган Ўрта Ер денгизи атрофидаги давлатларга ҳам банк хизмати кўрсатиш имкониятига эга бўлди. Европа инвестиция банки ўз операцияларини Европа Иттифоқи капитал бозори ҳамда халқаро капитал бозоридан олинган маблағлар ҳисобига амалга оширади. Шунингдек, банк лойихаларни молия-кредит ташкилотлари томонидан бериладиган «жаҳоншумул заём» лар ҳисобига ҳам молиялаши мумкин. 1981 й. дан Европа тўлов иттифоқи ҳисоб бирлиги ўрнида экюдан фойдаланди, 1999 й. 1 янв. дан экю ўрнини янги халқаро пул бирлиги — евро эгаллади. Банкни иштирокчи мамлакатлар молия вазирларидан иборат Директорлар кенгаши бошқаради. Бошқарув Люксембург ш. да жойлашган.