ЕРЁНҒОҚ

ЕРЁНҒОҚ, Хитой ёнғоғи (Arachis hupogaea L.) — дуккақдошлар оиласига мансуб бир йиллик ўсимлик, мойли экин. 10 дан ортиқ тури бор. Ўзбекистоннинг суғориладиган минтақаларида оддий тури экилади. Ватани — Жан. Америка (Бразилия). 16-а. да Жан. Америкадан Осиёга, сўнг Европага (Хитойдан) тарқалган. Ерёнғоқ Ҳиндистон, Хитой, Мьянма (Бирма), Япония, Марказий ва Шим. Африка, АҚШ, Ўрта Осиёда экилади. Жаҳон бўйича умумий экин майд. 24,7 млн. га, ўртача ҳосилдорлиги 13,4 ц/ га, ялпи ҳосили 33 млн. т(1999).

Ерёнғоқнинг илдизи ўқ иддиз, тупроққа 2 м. чуқ. га кириб боради, азот тўпловчи тугунаклар ҳосил қилади. Пояси ўтсимон, бал. 50—60 см, шохланган, тик, ён шохлари ер бағирлаб ўсади. Барги мураккаб, жуфт патсимон, ёки тескари тухумсимон шаклда. Ҳар бир барг қўлтиғида гултўплам (шингил) жойлашган. Гуллари икки жинсли, капалаксимон; ранги сариқ, зарғалдоқ. Ер тагидаги гуллари (клейстогамли гуллар) очилмайди, ўзидан чангланади. Ер устидаги гуллари эса четдан чангланади. Гули чанглангандан кейин тугунчаси аввал тик, сўнг пастга қараб ўсади, 8—10 см чуқурликда тупроққа кириб боради ва мева (дуккак) тугади. Дуккагида 1—6 гача уруғи бўлади. 1000 дона уруғининг вазни 200—1500 г (ўртача 400—500 г). Дуккаги чатнамайди. Бир тупда 700 гача дуккак бўлади. Ерёнғоқ — иссиқсевар, намсевар, ёруғсевар ва қисқа кун ўсимлиги. Қумоқ ва унумли тупроқларга талабчан, шўрланган ва ботқоқланган ерларда яхши ўсмайди. Уруғи 12—15° да униб чиқади, майсаси — Г совуқда нобуд бўлади. Ўсув даври 150—170 кун. Ўзбекистонда Ерёнғоқ суғориладиган ерларга экилади, ҳосилдорлиги 20—40 ц/га.

Ерёнғоқ меваси таркибида 48—66% ёғ ва 23—38% оқсил, 22% гача углеводлар бор. Уруғи аксарият қовурилган (дуккаги билан ёки тозаланиб) ҳолда истеъмол қилинади. Уруғи ва ёғи қандолатчилик маҳсулотлари (холва, конфет) и. ч. да ишлатилади. Ерёнғоқ тупроқда биол. азот тўплаб, тупроқ унумдорлигини оширади.

Агротехникаси чопиқ қилинадиган экинларникига ўхшаш. 2—3 марта ҳайдалиб бороналанган майдонларга баҳорда (апр. охирида) экилади. Фосфорли ва азотли ўғитларга талабчан. Уруғи ёки дуккаги маккажўхори ёки чигит сеялкаларида кенг қаторлаб (60—70 см) 70×10, 70×15 схемасида ҳар уяга 7—8 ёки 4—5 тадан уруғ ташлаб 5—7 см чуқурликка экилади. Гектарига 70 — 100 кг уруғлик сарфланади. Ўсиш даврида 4—6 маротаба суғорилади. Қатор ораларига ишлов берилади, ўсув даврида 2—3 марта чопиқ қилинади, илдиз бўғзи тупроқ билан кўмилса ҳосилдорлик анча ошади.

Навлари: Тошкент 112, Тошкент 32, Перзуван 4612, Қибрай 4.

Касалликлари ва зараркунандалари: асосан касаллик ва за-раркунандалардан кам зарарланади. Ўргимчаккана хавфли зараркунанда ҳисобланади.

Ад.: Вавилов П. П., Растениеводство, М., 1986; Пасипанов Г. С, Растениеводство, М., 1997.

Ҳалима Отабоева.


Кирилл алифбосида мақола: ЕРЁНҒОҚ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: E ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ЯПОНИЯ
ХИТОЙ
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ҲИНДИСТОН
ЕР


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты