ЕР РЕКУЛЬТИВАЦИЯСИ, ландшафт рекультивацияси (лот. re — қайтариш, тиклаш маъносини берадиган олд қўшимча; cultivo — ишлов бераман, етиштираман) — фойдали қазилмаларни қазиб олиш, сув иншоотлари қуриш, шаҳарлар қурилиши ва б. сабабларга кура фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган ерларни қайта тиклаш, атроф муҳит шароитларини, экологик ҳолатларни яхшилашга қаратилган тадбирлар мажмуи. Ер рекультивацияси асосий вазифаси тупроқнинг бузилган унумдор қатламини тиклаш ва қ. х. ёки ўрмон хўжалигини самарали юритишни таъминлайдиган шароитни яратишдан иборат.
Ўзбекистон Республикасида, жумладан суғорма деҳқончилик ҳудудида учрайдиган яроқсиз ҳолга келтирилган ер турларига қуйидагилар киради ва Ер рекультивациясига муҳтож ҳисобланади: қурилиш учун материаллар қазиб олинган (қум, шагал, тош ва б.) ерлар; газ ва нефть маҳ-сулотларини қидирув-текшириш ишлари ва улардан фойдаланишга ажратилган ерлар; суғориш, зах қочириш, йўл тармоқларини қуриш ва таъмирлаш оқибатида меъёрдан ортиқча банд бўлган пастликлар, дўнгликлар ёки чуқурликларнинг пайдо бўлиш натижасида унумдор қатлами бузилган ерлар; турли қурилиш иншоотлари ва биноларни барпо этишда ерларнинг вактинча фойдаланишга ажратилган қисми ва б.
Ер рекультивацияси 2 босқичдан иборат тадбирлар ёрдамида амалга оширилади: техник ва биологик. Дастлаб яроқсиз ерларни аниқлаш, ўрганиш, истиқболда фойдаланиш режасини тузиш ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш каби тайёргарлик ишлари амалга оширилади. Ер рекультивациясининг техн и к босқичи халқ хўжалиги учун ерни мақсадли фойдаланишга тайёрлаш бўлса, биологик босқич да эса ландшафт ва тупроқни қайта тиклаш, қишлоқ ёки ўрмон хўжалиги учун ярокли ҳолга келтириш тадбирлари амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 200 минг га яроқсиз ҳолга келтирилган ерлар мавжуд бўлиб, шундан 65 минг га қ. х. тармоқлари яхши ривожланган ҳудудларга тўғри келади (2000). Улар асосан суғориш, зах қочириш ва йўл тармоқдарини қуриш оқибатида пайдо бўлган. Уларни қ. х, оборотига қайтариш натижасида хар йили қўшимча 300—400 минг т пахта ва кўплаб сабзавот, мева ҳамда чорвачилик учун зарур бўлган емхашак етиштириш мумкин.
Қосимжон Раҳмонов.