ЕР СОЛИҒИ

ЕР СОЛИҒИ — ердан фойдаланганлик учун давлатга мажбурий тўланадиган солиқ тури. Иқтисодий моҳияти бўйича ер рентасини ифода этади. Ерга мулкчиликнинг пайдо бўлиши билан юзага келган. Жаҳондаги деярли барча мамлакатларда давлат мулки ҳисобланадиган ердан фойдаланганлик ва фуқаролар мулк ерлари учун давлат бюджетига тўланади.

Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида, мил. 3-а. дан Сосонийлар давлатида жорий қилинган. Кейинги аерларда закот, хирож, ўлпон, таноб, ушр ва б. номлар б-н юритилган. Мусулмон мамлакатларида ер майдони бирлигидан пулда ёки ер сифати ҳамда сув билан таъминланиш даражасига қараб ҳосилнинг 1/4, 1/3, 1/2 қисми ҳажмида ундирилган. Ўрта Осиёда 8-а. бошида араблар томонидан жорий қилинган.

Ҳоз. Ўзбекистон ҳудудида 19-а. бошларидаги хонликларда Ер солиғи асосан пул шаклида олинган. Мас, Бухоро амирлигида амир ихтиёрида мулк ерлари бўлган давлат (подшолик) ерлари амлок ерлар деб аталган, унга экин эккан деҳқонлар Е. с. — хирож тўлаганлар. Ер солиғини йиғувчи амлокдор деб аталган. Хонлардан ҳадяга олинган танҳо ер эгалари давлатга Ер солиғи тўлашдан озод бўлган.

Ўзбекистон Республикасида Ер солиғини ўз мулкида, эгалигида ва фойдаланишида ер участкалари бўлган юридик ва жисмоний шахслар тўлайдилар. Ер солиғига доир муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган йўриқномага мувофиқ тартибга солинади.

Ер солиғининг ставкалари ер участкасининг қайси минтақада жойлашгани, сифати ва сув билан таъминланиши ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар йили инфляция даражасидан келиб чиқиб, ер участкасининг бирлигига (га, м2) сўм ҳисобида тасдиқланади. Ноқишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари учун уларнинг қаерда жойлашганлиги, шаҳар ва шаҳарчаларда ҳамда уларнинг ҳудудларида инфратузилмаларнинг ривожланганига қараб бўлинган минтақалар бўйича ҳар хил ставкалар белгиланади. Қишлоқ жойлари учун Ер солиғи ставкалари суғориладиган ва лалми-яйлов минтақалари бўйича алоҳида белгиланади. Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари барча солиқлар ўрнига (алкоголь маҳсулотларига тўланадиган акциз солиғидан ташқари) ягона Ер солиғи тўлайдилар.

Қишлоқ хўжалик корхоналарида ер асосий восита ва ерларнинг сифати алоҳида аҳамиятга эга эканлигини ҳамда деҳқончиликнинг ривожланиш даражасини ҳисобга олиб, суғориладиган ерлар бонитет балларидан келиб чиқиб, 10 синфга бўлинган. Ер солиғини ҳисоблашда базавий ставкаларга ҳукумат томонидан тасдиқланган кўпайтириш коэффициентлари қўлланилади. Ҳар бир туман бўйича суғорилади-г а н энг паст сифатли ерларга алоҳида базавий ставкалар белгиланган.

Мас, ягона ер солиғи тўлайдиган товар ишлаб чиқарувчилар учун суғориладиган ерларда 1-синфга мансуб 1 га учун солиқнинг базавий ставкаси Паркент туманида 986,4 сўм, Зангиота туманида 1487,5 сўм, Мўйноқ туманида 668 сўм қилиб белгиланган. Ер солиғини ҳисоблашда шу туманларда базавий ставкалар 5-синфга кирадиган ерларга 4,57, 6-синфга кирадиган ерларга 6,54, 10-синфга кирадиган ерларга 17,5 коэффициентларига кўпайтирилади (2002). Суғорилмайдиган лалми ва яйлов ерлари ёғингарчилик билан таъминланганлигини ҳисобга олган ҳолда текислик, адир, тоғ ва тоғ олди мин-тақаларига бўлинади. Лалми (мас, Тошкент вилоятида 1,19— 1,67 коэффициентлари билан ҳар га учун 84,4 сўмдан 167,5 сўмгача) ва яйлов ерларга (чўл зоналари учун 16—30 сўм, 1,51—2,05 коэффициентлари билан адир ва тоғ олди зоналари учун 25—34,2 сўм) ҳам ало-ҳида солиқ ставкалари бор.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари иморатлар эгаллаган (Тошкент вилоятида базавий ставка 13285,6 сўм, коэффициента 20,44), зовурлар, йўллар (24,4 сўм/га) билан банд бўлган ва бошқа фойдаланилмайдиган ерлари учун ҳам Ер солиғини тўлайдилар. Аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллабқувватлаш мақсадида жисмоний шахсларга ер участкаларининг жойлашган жойига қараб Ер солиғи ставкалари 10—25 карра кам белгиланади. Корхоналарнинг ривожланишини рағбатлантириш ва аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллабқувватлаш мақсадида уларнинг айрим гуруҳларига давлат томонидан Ер солиғи бўйича имтиёзлар берилган. Юридик ва жисмоний шахслар Ер солиғини қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда маҳаллий бюджетга тўлайдилар.

Арзит Латипов.


Кирилл алифбосида мақола: ЕР СОЛИҒИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: E ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ТОШКЕНТ
АМИР ТЕМУР
ЕР
ХИТОЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты