ЕР ТУЗИШ ХАРИТАСИ — ерга эгалик қилувчи хўжаликлар ҳудудидаги тафсилотлар (суғориш ва йўл тармоқлари, аҳоли яшаш жойлари ва ҳ. к.) ва ер турлари (ҳайдаладиган ерлар, боғлар, яйловлар ва б.) горизонтал проекциясининг кичрайтирилган тасвири. Ер тузиш харитаси аэрофотосуратлар асосида махсус фотография асбоблари ёрдамида жой тасвирининг тўла маълумотлари билан тузилади. Айрим ҳолларда Ер тузиш харитаси дала ўлчов ишлари натижасида тузилиши мумкин.
Ер тузиш харитаси 1:10000 ва 1:25000, баъзан 1:5000, 1:50000 масштабларда тузилади. Аҳоли яшайдиган жойлар, ер турлари, экинзорлар ва б. ер участкаларининг Ер тузиш харитасида тасвирлаш ер тузиш ишларида қўллаш учун тавсия қилинган шартли белгилар билан ифодаланади. Ер тузиш харитаси ер тузиш лойиҳаларининг чизма қисмини бажаришда, тупроқ, суғориш, ерларни баҳолаш ва ҳисоблаш хариталарини тузишда, махсус агротехник, агрокимёвий, гидротехник ва б. тадқиқотлар ўтказишда, шунингдек, хўжаликнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи давлат далолатномасини изоҳловчи ҳужжат сифатида қабул қилинади. Ер тузиш харитаси ларининг кўпайтирилган нус-халари вилоят ва туман миқёсидаги ер тузиш, қ. х. хариталарини тайёрлашда асос қилиб олинади. Ер тузиш харитаси барча ер тузиш лойиҳаларининг таркибий қисмига киради.