ХУРШИД (тахаллуси; асл номи Шарафиддинов Шамсиддин) (1892. 20.6 — Тошкент —1960.13.9) — шоир ва драматург. Ўзбекистон миллий мусиқали драма театри асосчиларидан бири. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1941). Тошкентдаги мадрасаларнинг бирида, сўнг рустузем мактабида (1908—10) ўқиган. Отаси вафотидан кейин 1910 й. да ўқишни ташлаб, Андижонга борган ва 1918 й. га кадар приказчик бўлиб ишлаган. X. Андижондалик пайтида Қрим, Татаристон ва Озарбайжонда нашр этилган газ. ва жур. лар билан танишган. 1918 й. нинг ёз ойларида Тошкентга қайтиб, ўқитувчилар тайёрлаш 4 ойлик курсида ўқиган, сўнгра «Беҳбудий» ва «Намуна» мактабларида ўқитувчилик қилган (191820). 1920 й. дан бошлаб Эски шаҳар халқ маориф бўлимида ходим ва Маннон Уйғур раҳбарлигидаги театр труппасида суфлёр, «Муштум» жур. таҳририятида техник муҳаррир (1924 — 26), Андижон вилоят театри (1929 — 33) ва Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида (1933—48) адабий эмакдош, Тил ва адабиёт инти қошидаги Адабиёт музейида илмий ходим (194960).
Хуршиднинг дастлабки шеърлари 1914 й. да «Туркистон вилоятининг газети», «Садои Туркистон» газ. лари, «Таржимон», «Ойна» жур. лари ва «Туҳфаи Хислат» баёзида (1914) «Хоиб» тахаллуси билан эълон қилинган. Ўз шеърларини жамлаб, «Девони Шоҳидий» номи билан девон ҳам тузган (1912). Шоир кейинчалик «Муштум» жур. да босилган ҳажвий шеърларида «Ўжар», «Тажанг», «Чаён» каби тахаллуслардан фойдаланган.
Хуршиднинг 1920 й. дан кейинги ижодий фаолияти асосан театр билан боглик. X. драматург сифатида 20 га яқин катта ва кичик ҳажмли пьесалар яратган. Айниқа, М. Уйғур труппаси билан ҳамкорлик қилган йилларда «Ёмон ўртоқ», «Туганмас бойлик», «Кичик аскар», «Буюк аскар» каби саҳна асарларини ёзган. «Жадид, қадим» ва «Жувонбозлик қурбони» пьесалари Хуршиднинг драматург сифатида муайян тажриба ҳосил қилганидан дарак берди. Шундан кейин у ўзбек драматургиясида биринчи марта Навоий «Хамса»сига кирган достонлар асосида мусиқали драмалар ёзишга киришган. Унинг «Лайли ва Мажнун» мусиқали драмаси 1923 й. да, «Фарҳод ва Ширин» мусиқали драмаси эса 1926 й. да давлат намуна труппаси томонидан саҳналаштирилган. X. кейинчалик бу 2 асарнинг ҳам мусиқали театр, ҳам опера театри учун бир неча нусхаларини яратган ва бу асарлар республика театрлари саҳнасида узоқ вақт давомида муваффақият билан намойиш этилган. X., шунингдек, «Қалин» (1930), «Сиёвуш» (Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асари асосида, 1945), «Ойбону» (1955) мусиқали драмаларининг хам муаллифидир.
Хуршиднинг мусиқий драмалар ва опера либреттолари учун «Дугоҳ», «Сегоҳ», «Чоргоҳ», «Ушшоқ», «Баёт» сингари халқ куйларига мослаб ёзган аксар қўшиқлари ўзбек қўшиқчилик санъатининг мумтоз намуналарига айланган ва етакчи ҳофизлар репертуаридан ўрин олган. X. ўзбек миллий журналистикаси, публицистикасининг қалдирғочларидан бири сифатида 20-а. нинг 10—20-й. ларида газ. ва жур. ларда долзарб мавзулардаги мақола, тақриз ва фельетонлар чоп эттириб турган.
X. Тил ва адабиёт интида ишлаган пайтида «Юсуф ва Зулайҳо» достонини, Мунис ва Огаҳий каби шоирларнинг асарларини нашрга тайёрлаган. У бадиий таржима билан ҳам шуғулланиб, 20-й. ларда номаълум муаллифларнинг «Шаҳзода ва тиланчи», «Аввали ҳой, охири вой» асарларини озарбайжон тилидан таржима қилган, 50-й. ларда эса Ҳофиз Шерозийнинг бир қанча асарларини ўзбек тилига ўгирган.
Республика хукуматининг қарори билан атоқли шоир ва драматург X. таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди (1995). Тошкентдаги маҳалла, кўча, мактаб ва кинотеатрлардан бирига X. номи берилган.
Ас: Танланган асарлар, Т., 1967.
Ад.: Насриддинов Б., Хуршид, Т., 1972; Насриддинов Б ., Хуршид. Ҳаёти ва ижоди ҳақида монографик очерк, Т., 1975.