ЕРБОДОМ, чуфa (Cyperus esculentus L.) — ҳилолдошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўтсимон ўсимлик; бир йиллик мойли экин. Ватани—Африка. Африкада (Оқ Нил ҳавзасида) ёввойи ҳолда ўсади. Мисрда мил. ав. 3-асрдан бошлаб экиб келинган. Бўйи 50—100 см, бардисимон шаклда ўсади. Гуллари майда, икки жинсли, илдизпояларининг учи туганаксимон, йўғонлашган. Намсевар ва иссиқсевар ўсимлик. Вегетацион даври 110—120 кун. Ўрта денгиз мамлакатлари, Испанияда, тропик ва Жан. Африкада, Ҳиндистон, Шим. Америка, қисман Ўрта Осиёда, Россияда (Волгабўйида) бир йиллик экин сифатида экилади. Туганагида 30 — 35% крахмал, 15—20% шакар, 20—25% гача мой, 3—7% оқсил мавжуд. Ҳосилдорлиги қуритилмаган туганак бўйича 2—4 т/га. Ербодом туганагидан овқатга ишлатиладиган, қуриб қолмайдиган ёғ олинади; парфюмерия, тиббиёт ва техникада ҳам ишлатилади. Баргидан қоғоз ва арқон тайёрланади. Туганак меваларининг мазаси бодомни эслатади.
Дилором Ёрматова.