ХУСРАВ ДЕҲЛАВИЙ

ХУСРАВ ДЕҲЛАВИЙ (тахаллуси; тўла номи Яминиддин Абдулҳасан) (1253, Патёли — 1325.27.9 Дехди) — форстожик шоири, адабиётшунос, бастакор. Х. Д. нинг отаси Сайфуддин Махмуд кеш (шаҳрисабз)лик бўлиб, мўғуллар истилоси вактида туркий сулолалар ҳукмронлик қилаётган Ҳиндистонга кўчган. Деҳли султони Шамсуддин Элтутмиш (1211— 36) унга амирлик унвонини берган. Сайфуддин Махмуд мўғулларга қарши жангда ҳалок бўлгач (1261), ёш Хусрав Деҳлавийни бобоси Имодулмулк ўз тарбиясига олган. Унинг шахс ва шоир сифатида шаклланишида онаси Давлатнозбегимнинг ҳам хизмати катта. Хушхат бўлгани учун хаттот қилиш мақсадида отаси уни дастлаб Қози Саъдуддин Муҳаммад ихтиёрига берган. Лекин боланинг шеър ёзишга майли кучли эканини кўрган устози ва бобоси уни шоир Ҳожа Азизиддин тарбиясига топширганлар. Ёшлигидан алоҳида қобилияти билан ажралиб турган Хусрав Деҳлавий ўша замоннинг асосий фанлари бўйича кенг ва чуқур билим олиб, турк, форс, араб ва ҳинд тилларини мукаммал ўзлаштирган. Шоир, олим, бастакор сифатида танилган Хусрав Деҳлавий сарой хизматига жалб қилинган. Уч сулолага мансуб 7 султон саройида хизматда бўлган Хусрав Деҳлавий ўша давр анъаналарига кўра, ўз асарларини ана шу султонларга бағишлаган. Хусрав Деҳлавий умрининг охирида сарой хизматини тарк этиб, чиштия тариқатининг машҳур шайхи Низомиддин Авлиёга мурид тушган, тариқат босқичларини босиб ўтиб, валиуллоҳ мақомига эришган. Шоҳона Хусрав исмидан воз кечиб, фақирона Муҳаммад Косалес номини олган. Навоий «Насойим улмуҳаббат» тазкирасида уни авлиёлар қаторида зикр этган. Х. Д. Деҳлида Низомиддин Авлиёнинг оёқ томонига дафн этилган.

Илк асарларини «Султоний» тахаллусида ёзган. Дехлида яшагани учун кейин Деҳлавий тахаллусини олган. У Шарқ адабиётининг деярли барча жанрларида ижод қилиб, форсий шеъриятни янги тараққиёт босқичига олиб чиққан. У нафақат шеърий, балки насрий асарлар ҳам ёзган. Ўзининг айтишича, мероси 500 минг байтга яқин бўлган. Жомий унинг 99 та китоб ёзганини айтади, баъзи тазкиранавислар шоирни 199 китоб муаллифи деб ёзадилар. Бадиуззамон Хуросонийнинг ёзишича, «Шоирлардан ҳеч бири ўзидан кейин Амир Хусравчалик кўп шеър қолдирмаган. У форсийдан ташқари, урду, ҳинд ва араб тилларида ҳам асарлар ёзган».

Ҳаёти давомида ёзган шеърий меросини умр фаслларига мослаб, 5 девон тартиб берган шоир Шарқ адабиётида девон тузиш анъанасини бошлаб берган. Кейинчалик Жомий ва Навоий ушбу анъанани давом эттириб, девонларини шу тартибда тузганлар. Бу девонлар «Туҳфат уссиғар» («Ёшлик туҳфаси», 1272), «Васат улҳаёт» («Умр ўртаси», 1284), «Ғуррат улкамол» («Камолот ибтидоси», 1293), «Бақияи нақия» («Сараларнинг сараси», 1316), «Ниҳоят улкамол» («Камолот ниҳояси» 1325) деб аталиб, умумий ҳажми 32645 байт. Шоирнинг 2000 дан ортиқ ғазал, 300 атрофидаги қасида, 20 га яқин маснавий, 1200 дан зиёд рубоий, 500 тача қитъа ва б. жанрлардаги асарлари ушбу девонлардан ўрин олган.

Низомий Ганжавий «Хамса»сига жавоб ёзиш билан хамсанавислик анъанасини бошлаб берган. Унинг 1299—1302 й. ларда ёзилиб, Алоуддин Хилжийга бағишланган «Хамса»си қуйидаги достонларни ўз ичига олади: «Матлаъ ул анвор» («Нурларнинг чиқиш жойи»), «Ширин ва Хусрав», «Мажнун ва Лайли», «Оинаи Искандарий» («Искандар ойинаси»), «Ҳашт биҳишт» («Саккиз жаннат»). У Низомий достонларининг шакли ва сюжети, образлар силсиласини сақлаган ҳолда, уларни ўзига хос талқин этган ва янги мазмун билан бойитган. Низомий достонлари . шоир дунёқарашининг кенглиги ва билимининг теранлигини намойиш этса, Хусрав Деҳлавий «Хамса»си руҳият теранлиги ва қалб бойлигига эга. Хусрав Деҳлавий «Хамса»си ўзидан кейинги шоирларга кучли таъсир кўрсатган.

Бундан ташқари, у «Қирон уссаъдайн» («Икки саодатли сайёранинг учрашуви», 1289), «Мифтоҳ улфутуҳ» («Ғалабалар калити», 1291), «Дувалроний ва Хизрхон» (1316), «Нўх сипеҳр» («Тўққиз фалак», 1318), «Тўғлуқнома» достонларини ҳам ёзган. 5 рисоладан иборат «Эъжози Хусравий» («Хусрав мўъжизаси», 1319) насрий асари эса адабиёт назарияси масалаларидан баҳс этади. Унинг «Маноқиби Ҳинд» («Ҳинд маноқиби») ва «Тарихи Деҳли» («Деҳли тарихи») каби тарихий асарлар ёзганлиги ҳақида маълумотлар бўлсада, улар ҳозирча топилган эмас. Мусиқага бағишлаб ёзган рисоласи ҳам бизгача етиб келмаган. Кўплаб куйларни унга нисбат берадилар.

Хусрав Деҳлавий ўз асарларида барча замонлар учун муҳим бўлган кўплаб ижтимоийахлоқий масалаларни бадиий талқин қилган. Одил подшо орзуси, давлат мустаҳкамлиги ва мамлакат фаровонлиги, раият тинчлиги, маърифат тантанаси, комил инсон муаммоси каби ғоялар шоир асарларининг асосий мазмунмоҳиятини ташкил этади. Бадиий сўзнинг қудратини намоён қилган асарлари ижод аҳли учун маҳорат мактаби ҳисобланади.

Хусрав Деҳлавий рангбаранг мавзу ва жанрлардаги бадиий юксак асарлари билан Ҳиндистондаги форсийзабон адабиётнинг тамал тошини қўйган. Унинг ижоди туфайли Хуросон ва Мовароуннахр сўз санъатида мавжуд бўлган барча жанрлар Ҳиндистон адабиётига кириб борган.

Шоир асарларининг умуминсоний аҳамияти ҳисобга олиниб, ЮНЕСКО қарорига мувофиқ, 1973 й. Х. Д. нинг 700 й. лиги халқаро миқёсда нишонланган. Шоир асарлари ўзбек халқи орасида ҳам кенг тарқалган, хусусан, «Хамса»си ва девонлари қўлёзмаси кўплаб кўчирилган. Навоий ўз «Хамса»сини яратишда Низомий билан бир қаторда, Хусрав Деҳлавийдан ҳам кучли таъсирланган, ҳар бир достони муқаддимасида уни устоз лари қаторида эҳтиром билан тилга олиб, ижодига юксак баҳо берган. Фалсафийтасаввуфий мавзудаги «Дарёи аброр» («Пок кишилар дарёси») қасидасига жавобан «Туҳфат улафкор» («Тафаккур туҳфаси») қасидасини яратган. Огаҳий «Ҳашт биҳишт» достонини насрга ўгирган. Кейинги даврда шоир асарларини Васфий, Чустий, Ш. Шомуҳамедов, Ж. Камол, Н. Муҳаммад, Ж. Сувонқулов таржима қилган. Шоир асарларидан намуналар ўзбек тилида бир неча марта чоп этилган.

Ac: Ҳикматлар, Т., 1973; Инжулар уммони, Т., 1988; 333 рубоий, Т., 1991.

Ад.: Жомий А., Баҳористон, Т„ 1997; Самарқандий Д., Шоирлар бўстони, Т., 1981,Ҳомидий Ҳ., Кўҳна Шарқ дарғалари, Т., 1999.

Эргаш Очилов.


Кирилл алифбосида мақола: ХУСРАВ ДЕҲЛАВИЙ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: X ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АЛИШЕР НАВОИЙ
ҲИНДИСТОН
ИБН СИНО
АМИР ТЕМУР


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты