«ЕРКИН ҚАРАҚАЛПАҚСТАН» («Эркин Қорақалпоғистон») — Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг марказий нашри. Қорақалпоқ тилида ҳафтада 3 марта чиқади. Газ. дастлаб 1924 й. дек. да «Биринши адым» («Биринчи кадам») номи билан чоп этилган. Кейинчалик «Еркин Қарақалпақстан» (1928), «Мийнеткеш қарақалпақ» («Меҳнаткаш қорақалпоқ», 1928—32), «Кызыл Қарақалпакстан» («Кизил Корақалпоғистон», 1932—57), «Совет Каракалпакстаны» («Совет Қорақалпоғистони», 1957—92) номларида нашр этилган. 1992 й. дан ҳоз. номда. Газ. га турли йилларда А. Қудабаев, Қ. Аўезов, Ж. Қурбанов, С Мажитов, К. Худойбергенов, Т. Қаипбергенов, Э. Муртазаев, Қ. Бегжанов, Қ. Юсупов ва б. журналист ва ёзувчилар муҳаррирлик қилишган. Газ. ўз саҳифаларида қорақалпоқ халқининг тафаккур тарзи, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий қарашларини акс эттиришга ҳаракат қилади, республика халқ хўжалигининг турли соҳаларига оид етилган муаммоларни кўтариб чиқади. 1994 й. да «Еркин Қарақалпақстан»нинг 70 йиллиги нишонланди. Унда газ. ўтган даврда Қорақалпоғистон ҳаётининг солномасига айланганлиги таъкидланди. Адади 2553 (2002).