ЕРТОМИРЛАР — тоғ жинси ёриқларини тўлдирган минерал жисмлар. Икки йўналишда чўзилган бўлади. Тоғ жинсларидаги ёриқларнинг минерал моддалар билан тўлишидан ёки ёриқлар бўйлаб минерал моддаларнинг тоғ жинси билан метасоматик ўрин алмашинишидан ҳосил бўлади. Ертомирлар оддий — якка минералли ёриқлар ва мураккаб — ўзаро чигаллашиб кетган ёриқлар тўплами, майдаланган ёки сланецлашган зоналар ҳолида учрайди. Тасбеҳсимон, тўрсимон, камерали, линзасимон, шохсимон, эгарсимон, зинасимон, патсимон ва б. хиллари учрайди. Атроф жинслар б-н бўлган алоқасига кўра кесиб ўтувчи ва қатламли Ертомирлар бўлади. Ертомирлар узунлиги 1 км дан 200 км гача (Калифорниядаги олтин рудали ертомир), чуқ. 3 км дан зиёд (Ҳиндистондаги Колар конида). Ўлчами ва ётиш шароитига кўра апофиза ва томирчалар шакллари фарқ қилинади. Ертомирлар б-н кўпчилик минерал хом ашё конлари боғлиқ (олтин, қўрғошин-рух рудалари, вольфрам, симоб ва б.). Е. нинг геологик ва ишланадиган эксплуатация қатлам қалинлиги фарқ қилинади.