ЕСИПОВ Матвей Акимович (1897, Чкалов вилояти — 1968, Самарқанд) — театр рассоми, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1950). Москва рассомлик билим юртида таълим олган (1918—20). Самарқанддаги «Мусулмон агитгуруҳи»да рассом (1921—23). 1923 й. дан Самарқанд вилоятлараро рус драма театри, 1924 й. дан Самарқанд вилоят мусиқали драма театрининг бош рассоми ҳамда Самарқанд рассомлик билим юртида педагог. Дастлаб спектаклларни бадиий безашда агитплакат услубидан фойдаланган Есипов 30-й. ларнинг 2-ярмидан спектакллар руҳига мос саҳна безаклари яратган. F. Зафарийнинг «Ҳалима» (1931), Хуршиднинг «Фарҳод ва Ширин» (1934), «Лайли ва Мажнун» (1955), С. Абдулланинг «Тоҳир ва Зуҳра» (1948), «Алпомиш» (1950), Абдулла Қаҳҳорнинг «Янги ер» (1950), «Оғриқ тишлар» (1955) ва б. асарлар асосида яратилган спектаклларни бадиий безаган.