ЮЛДУЗ ХАРИТАЛАРИ — юлдузлар осмони ёки унинг бир қисми харитаси. Осмон қўшни қисмлари ёки баъзи қисмларининг юлдуз хариталари ю л дуз атласлари деб аталади. Юлдуз хариталари керакли юлдузларга телескопни тўғрилаш, юлдуз каталогларида берилган юлдузларни осмонда ёки астрофотографияда топиш, сайёра, комета ва ўзгарувчан юлдузларни уларнинг координаталарига асосан осмонда излаш учун қўлланади. Юлдуз хариталаридан визуал кузатиш натижасида топилган осмон жисмлари (Ер сунъий йўлдошлари) нкнт тақрибий координаталарини аниклашда ҳам фойдаланилади. Юлдуз хариталари, одатда, экваториал координаталар системасида берилган координата тўрига асосланиб тузилади. Юлдуз хариталари осмоннинг шим. ва жан. ярим шарлари учун улар қўлда чизилган ёки суратга олинган бўлади. Энг қадимий Юлдуз хариталари 13-асрда яратилган. Бундан олдин, асосан, юлдуз глобуслари қўлланилган.
Юлдузлар, асосан, глобусларда турли шакллар ёки юнон ҳамда римликлар мифологиясидан қаҳрамонлар (Персей, Геркулес ва бошқалар), шунингдек, моддий хўжалик ҳаёти билан боғлиқ (Қўзи ва бошқалар) номларда тасвирланган. Бу шакллар юлдуз туркумлари деб номланиб, осмоннинг муайян қисмини эгаллаган. Астрономия тарихида Байер (1603), Гевелий (1690), Флемстида (1729) ва бошқаларнинг юлдуз атласлари муҳим аҳамиятга эга бўлиб, асосан, 6визуал юлдуз катталигигача бўлган юлдузларни ўз ичига олади. 19-асрга келиб, фотографияни астрономияга қўлланиши туфайли Юлдуз хариталари осмоннинг фотосуратлари ёрдамида тузила бошланди.
20-асрда рус астрономи А. А. Михайлов тузган 20 та харитадан иборат атласи осмоннинг Жанубий ва Шим. ярим шаридаги 6,5юлдуз катталигидаги барча юлдузларни ўз ичига олади. 1954—67 йилларда АҚШ миллий географик жамияти билан Паломар расадхонасида яратилган фотосуратли атлас энг тўлиқ ҳисобланади. У 21катталиккача бўлган 1 млрд. дан зиёд юлдузни ўз ичига олади. Бу ноёб атласнинг бир нусхаси Ўзбекистон ФА Астрономия ин-тида сақланади.
Қад. атласларда юлдуз туркумларининг бадиий тасвири ғоят чиройли бўлиб, улардан энг ажойиби Ян Гевелийнинг атлас ҳисобланади (Гданск шаҳри 1690). Бу атлас 1900 та юлдузни ўз ичига олган 54 та харитадан иборат. Атласнинг бир нусхаси Ўзбекистон ФА Астронмия ин-тида сақланади ва у В. П. Шчеглов таҳрири остида 3 марта қайта нашр қилинди (1968, 1970 ва 1978). Учала нашрда ҳам Улуғбек расадхонаси тарихига оид Ғарб ва Шарқ олимларининг илмий мақолалари кенг ёритилган кириш мақоласи берилган. Бундан ташқари, 3нашрда юлдуз тўдалари номларининг келиб чиқишига оид мақола ҳам бор. Атласнинг матн қисми ўзбек, рус ва инглиз тилларида баён этилган. Атлас 1977 йил Токиода япон тилида ҳам нашр қилинди.