ЁР-ЁР — никоҳ тўйи маросимлари жараёнида айтиладиган халқ қўшиғи. Қадим замонлардан ўзбек, тожик, уйғур ва туркман халқлари орасида кенг тарқалган. Иккилик ёки тўртлик шаклидаги термалардан иборат бўлиб, ҳар банднинг охири, баъзан ўртасида «Ёрёр, айланаман» каби сўзлар қўшиб айтилади. Одатда, доира жўрлигида, келинни кузатаётган аёллар томонидан, Фарғона водийси (Фарғона, Ўш, Хўжанд) ва Зарафшон воҳасида келинникига кетаётган йигитлар томонидан ҳам ижро этилади. Ёрёрда келиннинг хусусиятлари, унинг ҳаёти, орзуистаклари, яхши тилак ва қутловлари куйланади. Ёрёрларнинг фавқулодда таъсирчанлиги уларда бир вақтнинг ўзида ҳам мунгли йиғи (оҳангида), ҳам байрамона шодиёналик (усулда) кайфиятлари мужассам этилганлигидадир. Халқ ёр-ёрлари таъсирида ёзма адабиётда ҳам ёр-ёрлар яратилган. Навоийнинг «Мезон ул-авзон», Бобурнинг «Муфассал» асарларидаги ёр-ёр матнлари теранлиги ва жозибадорлиги б-н ажралиб туради. Ўзбекистон вилоятлари (Бухоро, Фарғона, Наманган, Сурхондарё, Хоразм ва б.) нинг ёрёрлари ўзига хос хусусиятларга эга. Куйлари мунгли, жозибали, ўйноқи, мазмуни лирик, ҳажв, мадҳия ҳам бўлиши мумкин. Ёр-ёрлар турли фольклорэтнографик ансамбллар репертуаридан, ўзбек бастакор ва композиторлари ижодидан ҳам салмоқли ўрин олган.