ЮРИДИК МАСЛАҲАТ — (ЎзРда) ҳуқуқий ёрдам тури. Бундай ёрдамни олий юридик маълумотли, тегишли малака имтиҳонини топширган, адвокатлик лицензиясига эга бўлган ёки ташкилот, муассаса, корхонада маслаҳатчи юрист лавозимида ишлаётган шахслар беришга ҳақли. Шаҳарлар ва аҳоли пунктларида адвокатлар ҳайъатларининг раёсатлари юридик ёрдам кўрсатиш ишини ташкил қилиш мақсадида ҳуқуқий маслаҳат берувчи адвокатлар жамоасини тузади. Юридик маслаҳатхонанинг жойлашиш ўрни ва унда ишлайдиган адвокатлар сонини адвокатлар ҳайъатининг раёсати тегишли адлия идораси билан келишган ҳолда белгилайди. Юридик маслаҳатхона банкда жорий ҳисоб рақамига, ўз номи ва тегишли адвокатлар ҳайъатига қараши кўрсатилган муҳр ва штампга эга бўлади. Юридик маслаҳатхонага адвокатлар ҳайъати раёсати раёсат аъзолари ичидан тайинлайдиган мудир раҳбарлик қилади. Юридик маслаҳат бериш учун адвокат, ўз касбий фаолиятида амаддаги қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этиши керак. У ўзига юридик ёрдам сўраб мурожаат этган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя этиш учун қонунда кўзда тутилган воситалар ва усуллардан фойдаланган ҳолда фаолият юритади.
Гулчеҳра Тўлаганова.