ЁШ БУХОРОЛИКЛАР

ЁШ БУХОРОЛИКЛАР — Бухоро амирлигидаги жадидлар партияси (фирқаси). Дастлаб «Тарбияи атфол» («Болалар тарбияси») махфий жамияти шаклида тузилган. 1910—20 й. ларда «Ёш бухороликлар» партияси деб аталган. Унга тараққийпарвар зиёлилар, савдогарлар ва шаҳар камбағаллари вакиллари кирган. Улар бошида мавжуд амирлик тузуми доирасида демократик ислоҳотлар ўтказиш, конституциявий монархия ўрнатиш орқали амирнинг мутлақ ҳокимлигини чеклаб қўйиш тарафдори бўлган. Абдулвоҳид Бурҳонов, Мукаммил Бурҳонов, Садриддин Айний, Усмонхўжа Пўлатхўжаев (Усмон Хўжа), Отаулла Хўжаев, Аҳмаджон Ҳамдий (Абусаидов), Ҳомидхўжа Меҳрий, Муса Саиджонов, Мирзо Сирож Ҳаким Ё. б. нинг дастлабки ташкилотчилари эди. Кейинчалик унинг фаолиятида Фитрат, Файзулла Хўжаев ва Муҳиддин Мансуров катта роль ўйнашди. Ёш бухороликлар иқтидорли ёшларни Истанбул, Қозон, Уфа, Боқчасаройга ўқишга жўнатди. Улар партиянинг моддий маблағи ҳисобидан таълим олишган. Файзулла Хўжаев ва Муҳиддин Мансуров партияга катта маблағ ажратган. Истанбулда «Бухоро таълими маориф жамияти» ташкил қилиниб, жамият аъзолари Туркистонда маориф тизимини ривожлантиришда муҳим ишлар қилишди. Жамиятнинг кўмаги билан Фитрат ва б. тараққийпарварларнинг асарлари Истанбулда нашр қилиниб, Туркистон минтақасига тарқатилди. Ёш бухороликларнинг мақсади янги усул мактабларини очиш, болаларнинг саводини тезроқ чиқариш, ижтимоий онгини ўстириш, мактаб, Мадраса, ўқув тизимини ислоҳ қилиш эди. Бухорода бошланган ҳаракат тезда Шахрисабз ва Каркигача тарқалди. 1912 й. Бухорода дастлабки газ. лар — тожик тилида «Бухоройи шариф» ва ўзбек тилида «Турон» чика бошлади. Газ. ларни моддий жиҳатдан таъминлаш ва нашр ишларини йўлга қўйишда Муҳиддин Мансуров ва Мирзо Сирож Ҳаким муҳимрольўйнашди. Бироқ 1913 й. янв. да бу газ. ларнинг фаолияти рус маъмурлари томонидан тақиқлаб қўйилди. Истанбулда таълим олган кўплаб бухороликларнинг юртига кайтиши билан маориф ишлари яна жонланди. 1914 й. дан бошлаб Ёш бухороликлар маърифатчиликдан сиёсат соҳасига ўтдилар. Ёш бухороликлар амирлик тузумини ислоҳ қилиш тўғрисида дадил фикрлар билан майдонга чиқишди. Уларнинг ижтимоий, сиёсий, маърифатпарварлик фаолияти партия мазмунида эндиликда янгича мақсад ва йўналиш касб этди. Бухорода «Маърифат» кутубхонаси ва «Баракат ширкати» тузилиб, улар китоблар нашр қилиш ва хорижда чиқарилган турли адабиётлар, газ. ва жур. ларни Бухорода тарқатиш б-н шуғулланадилар. Бу ишларда А. Бурҳонов, А. Ҳамдий, Мирзо Сирож Ҳаким фаоллик кўрсатишди. Бироқ уларнинг маърифатпарварлик интилишлари аввал амир Абдулаҳад, сўнгра унинг ўғли Олимхон томонидан катта қаршиликка учради. 1917 й. фев. инқилоби Ёш бухороликлар ичида кучлар нисбатининг қайта гурухланишини тезлаштирди. Астасекин ислоҳ қилиш тарафдорлари бўлган жадидларга Абдулвоҳид Бурҳонов, ислоҳот соҳасида фаол ҳаракатларни қўлловчи, нисбатан оз сонли ёш жадидларга Фитрат етакчилик қилди. Ёш бухороликлар Петрограддаги Муваққат ҳукуматга амирликда демократик ислоҳотлар ўтказишни сўраб, 2 марта телеграмма юборди, Фитрат ва У. Пўлатхўжаев Петроградга жўнатилди. Улар Россиядан махсус комиссия келаётгани сабабли Оренбургдан Бухорога қайтишди. Рус резиденти А. Я. Миллер Бухорода У. Пўлатхўжаев, А. Бурҳонов ва б. билан учрашиб, Ёш бухороликлар талаблари билан қизиқди. Ёш бухороликлар янги усул мактаблари очиш, матбуотга эркинлик бериш, халқ ҳукумати тузиш талабларини илгари сурди. Бухоро амири Олимхон Миллер ва унинг ёрдамчиси Шульга тузган манифест матнини айрим тузатишлар билан фармони олий тарзида эълон қилди (1917 й. 7 апр.) Амир фармонида нуфузли кишилардан иборат мажлис тузиш, давлат хазинасини таъсис этиш ва мамлакат бюджетини белгилаш, пойтахтда босмахона очиш, саноат ва савдони ривожлантириш, соликларни тартибга солиш, амалдорлар устидан назорат ўрнатиш ва уларга мояна тўлаш кабилар тилга олинган эди. Ёш бухороликларнинг Фитрат, Файзулла Хўжаев ва Усмон Хўжаев бошчилигидаги сўл қаноти фармон эълон қилинган куннинг эртасига Бухоро ш. да катта намойиш уюштирди ва Регистонда митинг ўтказди (қ. Бухорода 1917 йил апрель намойиши). 14 апр. да амир ўз фармонини бекор қилди. Ёш бухороликлар энди амир ҳокимиятига қарши яширин кураш йўлига ўтди. Улар Бухоро ш. ни тарк этишга мажбур бўлди ва Янги Бухоро (Когон)га келиб ўрнашди. Когонда улар сафига Бухородан аввал чиқиб кетган йирик савдогар Муҳиддин Мансуров ўғиллари (Абдулқодир, Амин, Исом Муҳидцинов) ва б. билан келиб қўшилди. 1917 й. апр. вокеалари Ёш бухороликлар партияси ичидаги бўлинишни чукурлаштирди ва унда А. Бурҳонов бошчилигидаги ўнг қанот вақтинчалик устун келди. Кейинчалик Ёш бухороликлар партиясидан қисман ислохртлар ўтказиш тарафдори бўлган жадидларнинг уламолар билан боғланган Икром домла бошчилигидаги гуруҳи ажралиб чикди. Ёш бухороликлар сафидан йирик сармоядорлар чиқиб, унга кўпроқ шаҳар камбағаллари кирди.

1917 й. окт. —нояб. ойларида Петроград ва Тошкентда содир бўлган воқеалар Бухоро амирлигида катта акссадо берди. Тошкент ва Фарғонадаги жадидлар Туркистонда мухторият эълон қилиш учун ҳаракат қилган бўлса, Ёш бухороликлар Бухорода амирнинг истибдод тузумига карши курашни давом эттирди. Ёш бухороликлар партияси ичида турли гуруҳларнинг борлиги, карашларнинг хилма-хиллиги туфайли ягона дастур тузишга эҳтиёж туғилди. Марказий қўмита бу вазифани 1917 й. нояб. да Фитратга топширди. Фитрат бу пайтда Самарқандда чиқаётган «Ҳуррият» газ. нинг бош мухаррири эди. Марказий қўмита Фитрат томонидан 1918 й. янв. да ёзилган Ёш бухороликлар партиясининг дастурини тасдиклади ва ислоҳот лойиҳаси сифатида эълон қилди. Унда мамлакатда конституциявий монархия ўрнатиш, Бухоронинг иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий мустақиллигини таъминлаш, маданий тараққиёт, деҳқончилик ва солиқтизими масалаларига алоҳида эътибор берилди, замонавий армияни ташкил этиш, 2 йиллик мажбурий харбий хизматни жорий қилиш, давлат ҳисобидан мактаблар ва олий ўқув юртлари очиш, 10 нозирликдан иборат Нозирлар кенгаши тузиш таклиф этилди. Файзулла Хўжаев Фитрат лойиҳасининг анча чекланганлигини танқид қилиб, унда бошқарувнинг республика усулини жорий этиш талаб қилинмаганлигини таъкидлади. Окт. тўнтаришидан кейин совет Россияси билан Бухоро ўртасидаги муносабатлар ёмонлашди. Қўқон ш. да фаолият кўрсатаётган Туркистон Мухторияти ҳукуматини қизил аскарлар ва арман дашноқларининг қуролли кучлари ёрдамида 1918 й. 19— 12 фев. да агдариб ташлаган большевиклар энди Бухорода бир зарб билан амирлик ҳокимиятини ҳам тугатмоқчи эди. Улар шу мақсадда Файзулла Хўжаев бошчилигидаги Ёш бухороликларни қўллабқувватлашди. Ёш бухороликлар эса ўз кучлари билан ҳукуматни қўлга ололмасди. 1918 й. фев. ойининг охирида Туркистон ХКС раиси Ф. И. Колесов Ашхободдан Тошкентга кайтаётганда Когон ш. да Ёш бухороликлар рахбарлари билан учрашиб, амир ҳокимиятига қарши курашда ўз «хизмат»ини таклиф қилди. Ёш бухороликларнинг 7 кишидан иборат инқилобий қўмитаси (раис—Файзулла Хўжаев) тузилди. Ана шундай мураккаб бир вазиятда Бухорода 1918 й. март фожиалари содир бўлди (қ. Колесов воқеаси). Оқибатда 3 мингдан ортиқ Ёш бухороликлар ўлдирилди. Бухородан ташқари Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент, Қоракўл туманлари ва Чоржўй, Хатирчи, Кармана, Қарши, Шаҳрисабз бекликларида ҳам минглаб кишилар жадидлиқда ноҳақ айбланиб, қатл этилди. Ёш бухороликлар амирлик ҳудудидан дархрл чиқиб кетишга мажбур бўлди ва Туркистон республикасидан сиёсий бошпана сўради. Совет Туркистони раҳбарлари Ёш бухороликларга нохуш муносабатда бўдди. Муҳожирликдаги Ёш бухороликларнинг кўпчилиги очарчилик натижасида қирилиб кетди. Ёш бухороликлар партиясида ғоявий тушкунлик, гуруҳбозлик ва парокандалик юз берди. Муҳожирликнинг дастлабки даврида (1918 й. март—июнь) Ф. Хўжаев Ёш бухороликлар қўмитасининг раиси сифатида сафдошларини ишга жойлаштириш ва моддий жиҳатдан таъминлаш билан фаол шуғулланди. Тошкентда 1918 й. апр. — май ойларида У. Пўлатхўжаев бошчилигида Ёш бухороликларнинг сўл эсерлар гуруҳи ташкил топди. Самарқанддаги шундай гуруҳга Отаулла Хўжаев раҳбарлик қилди (бу гуруҳ 1918 й. 25 сент. гача ишлади). Муҳожирликнинг 2даврида (1918 й. ўрталаридан то 1919 й. гача) РСФСР ва Туркистон Миллатлар иши бўйича комиссарликлари кршида Ёш бухороликларнинг бўлимлари очилди, Файзулла Хужаев Туркистон республикасининг РСФСР ҳукумати ҳузуридаги мухтор ваколатхонасида Ёш бухороликлар партиясининг бўлимини ташкил қилди (1918 й. окт.). Бухоро амирлигида демократик ғояларни тарғиб қилиш учун Ёш бухороликлар томонидан ойида 2 марта ўзбек ва тожик тилларида жур. нашр этила бошланди. 1918 й. 16 нояб. да Москвада Ёш бухороликларнинг Туркистон МИКдаги мухтор ваколатхонаси йиғилишида Файзулла Хўжаев тайёрлаган дастур (программа) кабул килинди. Унда Бухородаги ижтимоий тузум ва халқ аҳволи ёритилди, Бухородаги амир ҳукуматини ағдариб ташлаш учун ташвиқотчи ходимлар тарбиялаш, Бухоро ва Туркистон халклари б-н алоқа боғлаш, амирга қарши халқ кўзғолонини тайёрлаш ва унга раҳбарлик қилиш, қўзғолончиларни қуроляроғ билан таъминлаш масалалари кўзда тутилди. Ёш бухороликларнинг мақсади — Бухорода демократик халқ республикаси ўрнатиш, деб эълон этилди. 1919 й. ўрталарига келиб, Ёш бухороликларнинг Тошкент, Самарқанд, Мари, Карки, Каттақўрғонда бўлимлари ва Когонда шаҳар бюроси тузилди. Шу йил дек. гача уларнинг 3 марта қурултойи чақирилди. 1920 й. янв. да Тошкентда Файзулла Хўжаев бошчилигида инқилобчи Ёш бухороликлар партияси Туркистон Марказий бюроси ташкил этилди. 1920 й. 15 апр. дан Ёш бухороликлар партиясининг органи «Учқун» газ. чика бошлади (мухаррир — Файзулла Хўжаев). У Тошкентда чоп қилиниб, Бухорода махфий равишда таркатилди. Инқилобчи Ёш бухороликлар партиясининг Туркистон Марказий бюроси 1920 й. 13 — 14 июндаги бирлашган конференциясида Ф. Хужаев тузган дастурни кабул қилди. Дастур «Зулмга қарши бирлашингиз!» деган шиор ва кириш қисми билан бошланади. Бу қисмда Бухоронинг умумий аҳволи ва Ёш бухороликларнинг асосий мақсадлари, 2қисмида эса Ёш бухороликларнинг амалий таклифлари, ислоҳот ва мамлакатни идора қилишни ташкил этиш режаси баён этилди. Шариат—адлия ишларини олиб боришнинг негизи деб эътироф килинди. Дастурда амирликни қурол кучи билан ағдариб ташлаш ва Бухорони демократик халқ республикаси деб эълон қилиш талаби қўйилади. Катта бойлар қўлидаги ерларни мусодара қилиш, бепул бошланғич таълим жорий этиш, қ. х., ҳунармандчилик, ички ва ташқи савдонинг аҳволини яхшилаш йўлида амалий чоратадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланади. Марказий бюро Бухоро халқи ва аскарларига карата ўзбек ва тожик тилларида «Хитобнома» чиқариб, амир ҳокимиятини ағдариб ташлаш учун халқ қўзғолони бошлашга даъват қилди. 17.000 нусха хитобнома ва 10.000 нусха партия дастури таркатилди. Ёш бухороликлар ташкилотлари бутун амирлик ҳудуди бўйлаб тузилган, ҳатто Эски Бухорода унинг 12 шўъбаси мавжуд эди. Большевиклар Ёш бухороликлардан амирлик ҳокимиятини ағдаришда фойдаланди. Ёш бухороликлар ҳам тактик мақсадларни кўзлаган ҳолда большевиклар билан яқинлашди. 1920 й. 2 сент. да Туркфронт қўмондони М. В. Фрунзе бошчилигидаги қизил аскарлар кескин жанглардан сўнг Бухоро ш. ни босиб олди (қ. Бухоро босқини). Амир Олимхон ҳокимияти ағдариб ташланди. Халқ Нозирлар Шўроси, Инқилобий қўмита ва БКП МКнинг умумий йиғилишида (1920 й. 14 сент.) 9 кишидан иборат Бутун Бухоро инқилобий қўмитаси (раиси— Абдулқодир Муҳиддинов) ва республика ҳукумати — 11 кишидан иборат Халқ Нозирлар Шўроси (раиси — Файзулла Хўжаев) тузилди (қ. Бухоро Халқ Совет Республикаси). Ё. б. ўз ислоҳотчилик ғояларини янги ҳукуматдаги фаолияти давомида амалга оширишга ҳаракат қилди. Бухорода амирлик тузумини ағдариб ташлашдек ўз тарихий вазифасини бажарган Ёш бухороликлар партиясининг аъзолари 1920 й. 11 сент. да умумий асосда Бухоро компартияси сафига кирди. Ёш бухороликлар партиясининг айрим аъзолари (Усмонхўжа Пўлатхўжаев, Абдулҳамид Орипов ва б.) кейинчалик Бухородаги истиқлолчилик ҳаракати сафларига ўтиб, кизил аскарларга карши курашда катнашди. 1923 й. июнда Москванинг қатъий талаби билан Отаулла Хўжаев (ташқи ишлар нозири), Фитрат (маориф нозири), Саттор Хўжаев (молия нозири), Муинжон Аминов (Экосо раиси) ва б. собиқ Ёш бухороликлар лавозимларидан олиниб, Бухоро давлати ҳудудидан чиқариб юборилди. Ёш бухороликлар сафидаги жадидларнинг деярли ҳаммаси 30й. ларнинг ўрталарида қатағон қилинди. Ад.: Аиний С, Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар, М., 1926; Хўжаев Ф. Бухоро инқилобининг тарихига материаллар, Т., 1997; Файзулла Хўжаев ҳаёти ва фаолияти ҳақида янги мулоҳазалар, Т., 1997; Жадидчилик: ислоҳот, янгиланиш, мустақиллик ва тараққиёт учун кураш, Т., 1999; Ўзбекистоннинг янги тарихи, 2китоб [Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида], Т., 2000; Туркестан в начале XX века: к истории истоков национальной независимости, Т., 2000; Алимова Д. А., Джадидизм в Средней Азии. Пути обновления, реформы, борьба за независимость, Т., 2000; Ражабов Қ. К., Мустақил Туркистон фикри учун мужодалалар, Т., 2000; Бухоро: тарих саҳифалари, Бухоро, 1999; Тарих шоҳидлиги ва сабоқлари, Т., 2001; Ўзбекистон давлатчилиги тарихи очерклари, Т., 2001; Гафаров Н., История культурнопросветительской деятельности джадидов в Бухарском эмирате, Худжанд, 2000. Қаҳрамон Ражабов.


Кирилл алифбосида мақола: ЁШ БУХОРОЛИКЛАР ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ё ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ЖАДИДЧИЛИК
БУХОРО ХАЛҚ СОВЕТ РЕСПУБЛИКАСИ
ТОШКЕНТ
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ТУРКИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты