ЗАРАФШОН СУВАЙИРҒИЧ КЎПРИГИ

ЗАРАФШОН СУВАЙИРҒИЧ КЎПРИГИ — Самарқанд ш. марказидан 7 — 8 км шим. шаркда, Зарафшон дарёсининг сўл қирғоғида пишиқ ғиштдан қурилган кўприк. У тарихий адабиётларда «Темур равоғи», «Пули Шодмон малик», «Абдуллахон кўприги» ва «Шайбонийхон сувайирғич кўприги» номлари билан юритилади. Гарчи кўприк тарихи Амир Темур ва Абдуллахон номи б-н боғлансада, аслида у 16а. бошида Шайбонийхон томонидан курилган. Тарихчи ва адиб Камолиддин Биноийнинг «Шайбонийнома» асарида ёзишича, Шайбонийхон Бухородан Самарқандга қайтишда (1502) шаҳарга кириш олдидан ўз лашкарлари билан Зарафшон дарёсининг ўнг соҳилига тушади ва дарёга янги кўприк қуришни буюради (Чўпонота яқинидаги Зарафшон устига қурилган кўприк бузилиб кетган бўлса керак). Қурилишга унинг барча аскарлари сафарбар этилади. Тош ва шохшаббалардан каттакатта қорабура (фашина) лар ясалиб, Зарафшонга тўғон ўрнатиш ва дарё оқимини тўсишга киришадилар. Аммо дарёни бўғолмайдилар. Шундан сўнг Шайбонийхон Самарқанддан муҳандислар чақиртиради. Хоннинг бевосита кўрсатмасига биноан, улар дарёни боғлаш йўлини аниқлаб, кўприк лойиҳасини тузадилар. Тўғон ўрнатилиб, дарё боғлангач, бир ой мобайнида кўприк қуриб битказилади (1502 й. 3 нояб.). Бизгача сақланган биргина равоғининг катталигига қараганда, кўприк 7 равоқдан иборат бўлган деб ҳисоблаш мумкин.

Дарёнинг ҳоз. мавжуд кенглигини ҳисобга олганда, кўприкнинг уз. 200 м дан ошиқроқ бўлгани шубҳасиз. Аммо иншоот қачондан бошлаб шикастланиб, унинг равоқлари биринкетин бузилиб кетганлиги маълум эмас. Аммо 19а. нинг 40й. ларида унинг 3 равоғи бутун бўлган. 1841—42 й. ларда Россия дан Бухорога юборилган К. Ф. Бутенев бошлиқ дигагоматик миссия иштирокчиси муҳандис Ф. Богословскийнинг ёзишича, ўша вақтда Қорадарёнинг ярим оқими шу 3 равоқ остидан оққан. 19а. нинг ўрталарида иншоотнинг учинчи равоғи вайрон бўлиб, 2 равоғи қолган. Самарқандда бўлган зилзила (1898 й. авг.) натижасида кўприкнинг иккинчи равоғи ҳам қулаб тушиб, фақат охирги бир равоғи қолган. А. Муҳаммаджонов ўтказган (1962) археологик қазишлар натижасида иншоотнинг қулаб тушган иккинчи ва учинчи равоқларининг қолдиқлари топиб текширилди. Иншоотнинг бўйи ва эни 26 ёки 27 см, қалинлиги 5 см ли тўртбурчак пишиқ ғиштлардан қурилган. Ҳозиргача сақланган равоғининг кенглиги 21 м 60 см, бал. 11 м 85 см ва эни эса 9 м 10 см га тенг. Равоқ бирининг устига иккинчиси ўрнатилган. Икки қават тоқидан иборат бўлиб, унинг юқори тоқи пастки тоқига нисбатан ярим ғишт чиқарилиб ишланган. Пастки тоқининг қалинлиги 165 см ва юқори тоқиники — эса 125 см га тенг. Равоқ таянчини мустаҳкамлаш ва унинг ажралиб кетмаслиги учун равоқнинг дарёнинг ўнг соҳилига ўрнатилган жан. қанотининг икки томони махсус бозу (тиргак) шаклида ишланган.

Яхлит қоядан иборат табиий пойдевор устига ўрнатилган мазкур равоқ Зарафшон сувайирғичининг қисқа сўл қаноти бўлиб, унинг бир неча равоқлардан иборат ўнг қаноти биринчи равоққа нисбатан 102° бурчак ҳосил қилиб, шарққа томон йўналган. Иккинчи равоқцан фақат унинг пастки пойдевор қисмигина сакланган. Бу дарё ўзани ичида харсанглардан ишланган кўприк устунларидан бири бўлиб, унинг уз. 8,5 м ва эни 3 м 80 см га тенг. Равоқнинг кенглиги эса 20 м 75 см, уз. 8,5 мга тенг бўлган. Иншоотнинг учинчи равоғидан фақат пойдеворининг бир қисми сакданиб, бошқа равокларидан эса асорат ҳам қолмаган. Равоқ усти қисмининг эни 7 м дан ортиқ бўлган. Икки четининг баландлиги ҳам, эни ҳам 1 м лик ғов қилиб, пишиқ ғиштдан ишланганлиги мазкур иншоотни лойиҳалаштирган 16а. муҳандислари дарё устидан ўтувчиларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш чораларини ҳисобга олганлигини кўрсатади. Кўприкда ишлатилган қурилиш қоришмалари ҳам алоҳида диққатга сазовордир. Цемент каби мустаҳкам бириктирувчи қоришма ҳали ихтиро этилмаган ўрта аср шароитида сув иншоотларини бино қилишда доимий намликка чидамли қурилиш қоришмаси топиб ишлатилган. Мас, кўприк устунларининг доимий сув остида турадиган қисми ўсимлик кули ва ганч аралаш охакдан тайёрланган сувга чидамли махсус турувчи қисмлари ўсимлик кули аралаш ганч қоришмаси б-н ва ниҳоят, иншоотнинг доимий қуруқ шароитда турадиган юқори қисми фақат ганч билан ишлаб чиқилган. 3. с. к. Самарқанд хаётида муҳим роль ўйнаган. Кўприк орқали ўтган карвон йўллари Самарқанд шим. да Тошкент воҳаси ва Сирдарё бўйларидаги туманлар,. шарқда Фарғона водийси ҳамда Нурота орқали Бухоро билан боғланган. Бундан ташқари, бу иншоот Зарафшоннинг Оқдарё ва Қорадарёларга бўлинишида сувайирғич сифатида қам хизмат қилган. Зарафшоннинг сувини тенг иккига тақсимлаш мақсадида Окдарё ва Қорадарёлар ўртасига қурилган тўғон 3. с. к. нинг марказий равоқларидан бирига бориб туташган. Натижада Зарафшоннинг оқими кўприк остидан утиши билан иккига: Оқдарё ва Қорадарё ўзанларига бўлиниб оққан. Шунинг учун хам бу иншоот тарихда сувайирғич кўприги номини олган. Бу айирғичнинг яна бир катта аҳамияти шундаки, у Зарафшон сувини тартибга солган, Миёнкол ва б. туманларни баробар суғоришда катта роль ўйнаган. Кўприкдан ҳоз. вақтда сакланиб қолган ягона равоқ Ўзбекистонда гидротехника тараққиёти тарихини ўрганишда мухим аҳамиятга эга. 3. с. к. нодир тарихий ёдгорлик сифатида давлат муқофазасига олинган.

Ад. Муҳаммаджонов А., Шайбонийхон сувайирғич кўприги, Т., 1969; Муҳаммаджонов А., Қуйи Зарафшон водийсининг суғорилиш тарихи, Т., 1972; Муҳаммаджонов А., Ўзбекистоннинг қадимги гидротехника иншоотлари, Т., 1997.

Абдулаҳад Муҳаммаджонов.


Кирилл алифбосида мақола: ЗАРАФШОН СУВАЙИРҒИЧ КЎПРИГИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: З ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АМИР ТЕМУР
ТОШКЕНТ
ТЕМУРИЙЛАР
Туш таъбири ўзбек тилида


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты