«ЗИЖИ КЎРАГОНИЙ», «3ижи жадиди Кўрагоний» («Кўрагоний янги астрономик жадвали») , «Улуғбек зижи» — Самарқанд яқинидаги расадхонада Мирзо Улуғбек раҳбарлигида яратилган (1437) илмий асар. Икки бўлимдан (батафсил ёзилган муқаддима ва вазиятлари эллиптик системада берилган 1018 та юлдузнинг жадвалидан) иборат. Муқаддима 4 қисмга ажратилган. lqисм — хронологияда Шарқ халқларининг йил ҳисоблаш усуллари баён қилинган. Араб, юнон, эрон, хитой ва уйғурларда йил ҳисоблаш тартиблари, буларнинг биридан иккинчисига ўтиш йўллари ва у халк,ларнинг ўзига хос миллий байрамларини ҳисоблаш усуллари ифодаланган. 2қисм амалий астрономия масалаларига бағишланган. Бунда эклиптика ва экватор орасидаги бурчакни аниклаш, осмон жисмларининг координаталарини топиш усуллари, меридиан чизиғини ўтказиш, қибла азимутини аниқлаш, географик координаталарни топиш, йил давомийлигини аниклаш ва осмон сферасида дифференциал ўлчашлар ўтказиш масалалари ёритилган. 3қисмда сайёраларнинг кўринма ҳаракатлари геоцентрик система асосида шарҳланган. 4қисмда гороскоп ҳақида маълумотлар (қ. Астрология) келтирилади. «3. К.»да келтирилган юлдузлар жадвали Самарқандда олиб борилган кузатишлар асосида тузилган. Жадвал юлдузлар сони ва кузатишларнинг оригиналлиги жиҳатдан астрономия тарихида Гиппарх — Птолемей жадвалидан кейин (2-а.) иккинчи ўринда туради. Оптик асбоблар ихтиро қилингунига қадар тузилган зижлар орасида «3. К.» энг мукаммал ҳисобланади. Ундан вақтни аниклаш ва географик координаталарни ўлчашда, шунингдек, турли астрономик масалаларни ҳал қилишда 17-а. га қадар Шарқда ва Европада фойдаланиб келинди. Асарда бошқа жадваллар ҳам бор. 683 та пункт учун географик координаталарни ўз ичига олувчи жадвал, асосан, турли манбалардан фойдаланиб тузилган. Синус ва тангесларнинг тригонометрик жадваллари Самарқанд олимлари ишлаб чиққан янги усуллар ёрдамида ҳисобланган; улар ўша даврга қадар ҳисобланган жадвалларга нисбатан анча аниқ.
«3. К.» форс тилида ёзилган; кейинчалик, араб ва турк тилларига таржима қилинган. Улуғбекнинг шогирди Али Кушчи зиж қўлёзмаларининг кенг тарқалишига катта ҳисса қўшди.
«3. К.» Европада биринчи марта 1648 й. да (Англия) нашр қилинди; кейинчалик, кўпгина Европа тилларига таржима қилинди. «3. К.»нинг қўлда кўчирилган нусхалари Англия, Франция, Туркия ва Ҳиндистон кутубхоналарида, форс тилида ёзилган энг эски нусхаларидан бири Ўзбекистон ФА Шарқшунослик интида сакланади.
Ад.: Кары Ниязов Т. Н., Астрономическая школа Улугбека, Избр. труды, т. 6, Т., 1967; Гевелий Я н, Атлас звёздного неба, Т., 1970.