Мухтор Ашрафий — бастакор, дирижёр, педагог. Замонавий ўзбек мусиқаси асосчиларидан бири.
1912 йил 11 июнь (эски услубга кўра 29 май) куни Бухорода туғилган.
1929-1931 йиллар Самарқанддаги мусиқа, театр ва хореография институтида, сўнга (1934-1937) Борис Шехтер ва Сергей Василенколар синфида Москва консерваториясида таҳсил олиб, ниҳоят, Ленинград консерваториясида (1941-1943) Максимилиан Штейнберг синфида ўқийди.
1944 йил Тошкент консерваторияси профессори, 1947 дан 1962 йилгача директор, 1971 йилдан 1975 йилгача консерватория ректори. Ашрафий чинакам забардас ўзбек бастакори ва мамлакатимиз мусиқий ҳаётидаги нуфузли шахслардан бири саналади: 1943-1947 йиллар у Навоий номидаги Тошкент опера ва балет театрига бошчилик қилади, 1964 йил Самарқандда худди шундай театрга асос солади.
Мислсиз хизматлари учун Ашрафий турли мукофот ва унвонлар билан тақдирларган, хусусан, СССР Халқ артисти (1951). 1943 йил “Қаҳрамонлик симфония”си учун иккинчи даражали Сталин мукофотига (50 000 рубль) сазовор бўлиб, пулни ҳаво кемаси ва танк устунини яратиш учун Мудофаа фондига топширади, “Сталин мукофоти лауреати”.
С.Н. Василенко билан ҳамкорликда “Бўрон” номли биринчи ўзбек операсини (Навоий номидаги ўзбек опера ва балет театри, 1939) ёзган, “Буюк канал” (С.Н. Василенко билан ҳамкорликда, 1941, 3-нашри 1953 йил), “Дилором” (1953), “Шоир юраги” (1962) опералари, “Севги тумори” (1969) балети, “Қаҳрамонлик симфонияси” (1942, СССР Давлат мукофоти), “Ўзбекистон” (1947) ва “Бахт қўшиғи” (1951, СССР Давлат мукофоти, 1952) кантаталари, “Фарғонача” (1943) оркестр учун сюита, фильмлар учун мусиқалар ва бошқа асарлар муаллифи.
Ҳаётдан 1975 йил 15 декабрь куни Тошкентда кўз юмган.
1975 йил бастакорнинг “Ҳаётимда мусиқа” номли хотира китоби нашрдан чиққан, вафотидан бир йилдан сўнг Тошкент консерваториясига унинг номи берилган.
Ўзбек операси асосчиларидан бири, атоқли ўзбек бастакори Мухтор Ашрафий шарафига бастакор умрининг сўнгги йилларини ўтқизган (1969 йилдан 1975 йилгача) уйи ўрнида музей ташкиллаштирилган.
Ижодий ишлари:
Опералари: “Бўрон” (1939, С. Василенко билан ҳамкорликда), “Буюк канал” (1941, С. Василенко билан ҳамкорликда), “Дилором” (1958), “Шоир юраги” (1962).
Балетлари: “Севги тумори” (1969), “Темур Малик” (1970), “Барқарорлик” (1971), “Севги ва шамшир” (1973).
Оркестр учун асарлари: 1-сонли Қаҳрамонлик симфонияси (1942), 2-сонли “Яшасин, ғалабачилар” симфонияси (1944), “Рустам ҳақида достон” оратория (1974), театр саҳна асарлари ва кинолар учун мусиқа ва бошқалар.