Қундуз Миркаримова — раққоса, балетмейстер, Ўзбекистон халқ артисти, СССР халқ артисти, “Дўстлик” ва Халқлар дўстлиги орденлари, кўп карра республика ва халқаро танлов ва фестиваллар лауреати каби нуфузли давлат мукофотлари совриндори.
Қундуз Миркаримова 1928 йил Тошкентда туғилган. 1951 йил Москвада Катта театр қошидаги хореография билим юртини тугатган. 1951-1973 йиллар Ўзбекистон Давлат филармониясида ишлаб, “Ғайратли қиз”, “Катта ўйин”, “Хоразмча рақс”, “Уйғурча рақс”, “Роҳат”, “Жонон”, “Най навоси”, “Баҳор тонги”», “Тановар”, “Занг ўйин”, “Помир рақси”, “Дилдор”, “Гулруҳ”, “Раққосасидан”, “Чўли ироқ”, “Гулдаста”, “Тоғ рақс” “Усмони рақси”, “Гулноз” каби мумтоз, халқ ва замонавий ҳамда қардош халқлар рақсларини ижро этган.
1951-1973 йиллар Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Катта опера ва балет театрида рақсга тушган. 1973 йилдан 1979 йилга қадар Ўзбек хореография олийгоҳида дарс берган. 1979 йилдан Миркаримова – М. Турғунбоева номидаги “Баҳор” миллий ансамбли режиссёр-балетмейстери, бадиий-раҳбари.
Рақс сирларини Мукаррама Турғунбоева, Росия Каримова, Гавҳар Раҳимова, Наталья Губская каби буюк раққосалардан ўрганган.
Кўплаб ўрганган рақслари М.Турғунбоева услубидадир. Улар орасида, “Тошкент занги”, “Қўқонча доира рақси”, “Ёр истаб”, “Тановар-1, 2, 3”, “Янги тановар”, “Тошкент тановари”, “Фарғона тановари”, “Наманган тановари”, “Қўқон тановари”, “Адолат тановари”, “Эйсарвиравон” (мақом), “Ўрик гуллаганда”, “Ўзбекистон қизлари”, “Наврўз рақси”, “Ўзбек миниатюралари”, “Ҳамса рақси” (Зебуннисо, Увайсий, Нодира, Дилшод, Зулфия), “Хотира”, “Она қалби” (композиция), “Баригал” (композиция), “Салом айтинг”, “Катта бухорча”, “Бисёр”, “Олмача анор”, “Сўзана”, “Палак”, “Пахта”. Шунингдек, у араб, тунис, япон, турк ва корейс халқ рақсларини ҳам ижро этган.
Хитой, Ироқ, Швеция, Норвегия, Финландия, Франция, Италия, Ангола, Мальта, Гвинея, Мозамбик, Тунис, Шимолий Корея, Олмония, Австрия, Польша, Болгария, Чехославакия, Венгрия, Югославия, Руминия, Лаос, Мексика, Испания, Аргентина, Канада, Куба, Греция, Англия, Шотландия, Бразилия, Вьетнам каби мамлакатларда бўлиб, ўзбек рақсларини намойиш этган.
1964 йилдан Тошкентда хореографиядан дарс беради, унинг кўплаб ўқувчилари ҳам иқтидорли рақс ижрочилари сифатида танилган. У Ўғилой Муҳамедова, Света Турсунова, Гавҳар Аминова, Дилафрўз Жабборова, Қизлархон Дўстмуҳаммедова, Малика Аҳмедова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Гулчеҳра Жўраева, Зулайҳо Асомова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Юлдуз Исматова, Тожикистондаги “Зебо” ансамблининг ташкилотчиси Зебо Аминзода ва бошқаларга дарс берган.
Республика халқ артисти Қундуз Миркаримова узоқ ва бахтли, тарихий ва ижодий ҳодисаларга бой ҳаёт кечирди.
Ҳаёт Тақдир номли қисқа бекатларда тўхтаб, рақснинг шиддатли гирдобида айланишда давом этмоқда. Уни танишган ва билишган, севишган ва гўзалликни асл шайдолари ва қатор ишқибозлари севишда давом этишмоқда. Ва, ҳатто, телеэкранда маҳоратли рақсига бир лаҳзагина бўлса-да шоҳид бўлган тамошабин, ушбу тимсолни юрагидан ўчира олмайдилар. Игорь Моисеев ва Майё Плисецкая каби буюк рақс арбоблари ўзбек рақсининг маҳоратли даҳосига бўлган самимий завқини билдиришган.
Хореографиянинг беқиёс примаси, балетмейстер, афсонавий ўзбек рақсларининг саҳналаштирувчиси бутун дунёга танилган. Бутун халқнинг севимли рақслари бўлмиш “Хотира”, “Гулноз”, “Пахта” ва бошқа кўплаб рақсларни бетакрор ижро этган ва саҳналаштирган.
Бугун ҳам Тошкент давлат олий хореография мактаби деворлари ортида ёш раққосаларга дарс бериб келади, ҳозирда ушбу мактаб директори Қундуз Миркаримованинг шогирди — республика халқ артисти Гули Ҳамроевадир.
Қундуз Миркаримова СССР халқ артисти (1966) ва Ўзбекистон халқ артисти (1984), шунингдек, Мукаррам Турғунбова номидаги (1994) мукофотлар совриндори саналади. 1997 йил “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.