АБДУЛЛА ҚАҲҲОР

АБДУЛЛА ҚАҲҲОР (1907.17.9, Қўқон — 1968.25.5, Москва) — Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1967). Темирчи оиласида туғилган. Болалиги Қўқон ва унинг атрофидаги қишлоқларда ўтди. Оққўрғон қишлоғидаги Мамажон қорининг усули савтия мактабида таҳсил кўрди. Оиласи Қўқонга кўчиб келгач «Истиқлол» номли шўро мактабига ўқишга киради, ундан интернат, «Коммуна», «Намуна» мактабларида, сўнг билим юртида таҳсил кўради. Билим юртининг «Адиб» қўлёзма жур. да дастлабки машқлари билан қатнашади. Тошкентдаги «Қизил Ўзбекистон» газ. си таҳририятининг «Ишчи-батрак мактублари» варақасига муҳаррирлик қилди (1925). У газ. да ишлаш жараёнида Ўрта Осиё давлат ун-тининг ишчилар ф-тини тамомлайди (1928). Абдулла Қаҳҳор яна Қўқонга бориб, дастлаб ўқитувчиларни қайта тайёрлаш курсида муаллимлик қилади; кўп ўтмай «Янги Фарғона» вилоят газ. сига котиб ва «Чиғириқ» ҳажвий бўлимига мудир этиб тайинланади (1929). Абдулла Қаҳҳорнинг «Ой куйганда» илк ҳажвий шеъри «Муштум» жур. да Норин шилпиқ тахаллуси остида босилди (1924). Сўнг унинг бир қанча ҳажвий шеър ва ҳикоялари «Муштум», «Янги йўл» жур. лари ва «Қизил Ўзбекистон» газ. сида Мавлон куфур, Гулёр, Ниш, Эркабой, Э-вой каби тахаллуслар остида эълон қилинди. Абдулла Қаҳҳор 30-й. ларда яна Тошкентга қайтади ва Ўрта Осиё давлат ун-тининг педагогика ф-тига ўқишга киради (1930), айни пайтда «Совет адабиёти» жур. да масъул котиб вазифасини бажаради. Ўздавнашрда муҳаррир ва таржимон (1935 — 53). 1954 — 56 й. ларда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси бошқарувининг раиси. Абдулла Қаҳҳор умрининг охирларида даволаниш учун Москвага боради ва ўша ерда вафот этади. Тошкентдаги Чиғатой қабристонида дафн этилади.

Абдулла Қаҳҳор ижоди шеърият билан бошланган эсада, унинг адабий мероси негизини насрий асарлар ташкил этади. «Бошсиз одам» (1929) ҳикояси чоп этилган вақтдан бошлаб умрининг охиригача ҳикоя, очерк, публицистика, қисса ва роман жанрларида самарали ижод қилди. Абдулла Қаҳҳорнинг дастлабки ижодидаги «Қишлоқ ҳукм остида» қиссаси (1932) шўро мафкураси асосида ёзилган. Унинг «Бошсиз одам» ҳикояси билан бошланган ҳикоянавислик фаолиятида эса тарихий ўтмиш акс эттирилган. «Кўшчинор чироклари» (1951) романида (дастлабки варианти «Қўшчинор», 1946) жамоалаштириш даврининг воқеалари бадиий тасвирланган.

Абдулла Қаҳҳорнинг 30-й. лар ижодида унинг биринчи романи — «Сароб» муҳим ўринни эгаллайди. Ёзувчининг ушбу романи бош қаҳрамон Саидийнинг фаолиятини кўрсатишга қаратилган, яна унда 20-й. ларнинг 2-ярмидаги ўзбек халқи ҳаётининг маиший, этног-рафик, иқтисодий ва маънавий манзаралари яққол акс этиб туради. «Сароб» кенг мавзули роман бўлгани учун ёзувчи ўзининг бадиий ниятини яланғоч ҳолда кўрсатмай, уни шу давр ҳаётининг бошқа манзаралари кўринишида реаллаштиришга уринган. Воқеалар тасвирида ёзувчи ҳаёт ҳақиқатини сақлаб қолган.

Абдулла Қаҳҳор ижодий ҳаёти давомида 40 дан зиёд асар эълон қилган. Бу китоблар орасида 30 га яқин ҳикоялар ҳам бўлиб, улар ўзбек адабиётида ҳикоя жанрининг бадиий уфқларини кенгайтиргани билан аҳамиятлидир.

Абдулла Қаҳҳорнинг насрий асарлари орасида «Қўшчинор чироқлари» романи ҳамда «Синчалак» (1958), «Ўтмишдан эртаклар» (1965) ва «Муҳаббат» (1968) қиссалари муҳим ўрин тутади.

Абдулла Қаҳҳорнинг истеъдоди учун комедия жанри ҳам яқин эди. Буни сезган ёзувчи 50-й. лар арафасида драматургия соҳасида ҳам қалам тебратиб, шу даврнинг муҳим мавзуларидан бири — қўриқ ерларни ўзлаштириш мавзуида «Шоҳи сўзана» («Янги ер», 1949 — 53) комедиясини яратди. Шуни айтиш лозимки, бу комедияда қўриқ ерларнинг — Мирзачўлнинг ўзлаштирилишидан кўра баъзи кишилар онгидаги шўрнинг бартараф этилиши мавзуи биринчи ўринга олиб чиқилган. Урушдан кейинги ўзбек адабиётидаги асосий конфликт — янгилик билан эскилик ўртасидаги зиддият бу комедияда ўзининг теран бадиий тасвирини топган. Бу асарда Абдулла Қаҳҳор усталик билан кулгили ҳолатлар яратган ва ҳажвий бўёқлардан мо-ҳирона фойдаланган ҳолда конфликтни ўзига хос равишда ҳал қилган. Ушбу комедия хорижий мамлакатлар саҳнасида ҳам ўйналиб, ўзбек театр санъатининг камол топиб бораётганини намойиш этди. Бундан илҳомланган ёзувчи «Оғриқ тишлар» (1954), «Тобутдан товуш» (1962) ҳамда «Аяжонларим» (1967) комедияларини яратди. Бу асарларда, хусусан «Тобутдан товуш»да ўша давр учун хос бўлган иллатлар ҳажв ўти остига олинди. Айниқса сўнгги асарда Абдулла Қаҳҳор ўзига хос нозиқ туйғу б-н жамиятдан порахўрликдек даҳшатли иллатни таг-томири билан йўқотиш истагида унинг айрим кўринишларини саҳнага олиб чиқди, у «Сўнгги нусхалар» номи б-н ҳам саҳна юзини кўрди.

Абдулла Қаҳҳор ёзувчи сифатида ўзбек тилини нозиқ ҳис этувчи ва унинг бой имкониятларидан маҳорат билан фойдаланувчи қаламкаш эди. У ўзининг насрий асарларида ҳам, комедияларида ҳам тилдан фойдаланиш ва она тилининг чексиз имкониятларини намойиш этишнинг ажойиб намуналарини берди ва ўз ижоди билан ўзбек адабий тилининг камол топишига улкан ҳисса қўшди.

Абдулла Қаҳҳор ҳаётининг сўнгги кунларида шўро жамиятида шахсга сиғинишнинг авж олиши орқасида юз берган фожиаларни тасвирловчи «Зилзила» қиссаси устида иш олиб борди. Лекин уни тугата олмади. Абдулла Қаҳҳор таржимон сифатида ҳам машҳур. У Пушкин, Л. Толстой, Гоголь, Чехов асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Айни пайтда Абдулла Қаҳҳор асарлари рус, украин, белорус, қозоқ, қирғиз, тожик, қорақалпоқ каби тилларга таржима қилинган. Унинг айрим ҳикоялари эса инглиз, немис, француз, чех, поляк, болгар, румин, араб, ҳинд, Вьетнам тилларида чоп этилган.

Абдулла Қаҳҳор Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1966) лауреати. «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2000). Унинг номи Тошкент ва Қўқондаги бир неча кўча, мактаб ва жамоа хўжаликларига, шунингдек маданият уйлари ва республика Сатира театрига берилган. Тошкентда Абдулла Қаҳҳор уй-музейи очилган (1987).

Ас: Асарлар, 5 жилдли, 1 — 5-жилдлар, Т., 1987 — 89; Зилзила, — «Шарқ юлдузи», 1996, 11 – 12-сон.

Ад:. Қаҳҳорова К., Чорак аср ҳамнафас, Т., 1987; Шарафиддинов О., Абдулла Қаҳҳор, Т., 1988; Қўшжонов М., Абдулла Қаҳҳор маҳорати, Т., 1988. Наим Каримов.


Кирилл алифбосида мақола: АБДУЛЛА ҚАҲҲОР ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: А ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ
Туш таъбири ўзбек тилида
Тимур Темиров - Яна
АБДУЛЛАЕВ Ҳабиб Муҳамедович


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты