АВСТРАЛИЯ

АВСТРАЛИЯ (лот. australis — жанубий) — Жан. ярим шарда жойлашган материк.

Умумий маълумот. А. шим. дан жан. га 10°4Г (Йорк бўрни) билан 394 Г (Жан.Шарқий бурун) ж. к. лар оралиғида 3200 км га, ғарбдан шарққа 4100 км га 113°05’ шқ. у. (Стип-Пойнт бўрни) билан 153°34’ (Байрон бўрни) шқ. у. лар оралиғида чўзилган. Майд. 7682 минг км2 (Тасмания, Кенгуру, Мелвилл ва б. ороллар б-н 7704,5 минг км2 га яқин). Австралия — материклар ичида энг кичиги. Жан. тропик чизиғи Австралиянинг деярли ўртасидан кесиб ўтади. Материкни ғарб, шимол ва жан. дан Ҳинд океани, шарқдан Тинч океан денгизлари ўраб туради. Қирғоқлари унчалик эгри-бугри эмас, шим. да Карпентария, жан. да Катта Австралия қўлтиқлари бор. Катта ярим ороллари — шим. да Арнемленд ва Кейп-Йорк. Тасмания ороли Австралиядан кенглиги 224 км ли Басе бўғози орқали ажралиб туради. Австралия шим. да йирик ороллардан Янги Гвинея жойлашган. Австралиянинг шарқий соҳили бўйлаб беҳисоб маржон оролларидан ташкил топган Катта Тўсиқ рифи 2300 км масофага чўзилиб ётади.

Табиати. Орографияси. Австралия рельефининг аксарият қисми текислик. Денгиз сатҳидан ўртача баландлиги (215 м) жиҳатидан Австралия материклар ичида энг паст. Ер юзаси 95% ининг мутлақ бал. 600 м дан ошмайди. Йирик орографик қисмлари:

1) Ғарбий Австралия ясси тоғлиги — ўртача мутлақ бал. 400—500 м, тизмалар ва супа тоғлардан иборат;

2) Марказий паеттекислик — кўп қисмининг мутлақ бал. 100 м га етмайди. Австралиянинг энг паст нуқтаси ҳам (—12 м) ўша ердаги ботиқда жойлашган Эйр кўли ёнида;

3) Катта Сувайиргич тизма (материк шарқида) — ўртача баландликдаги айрим-айрим, чўққилари ясси тизма тоғлар. А. нинг энг баланд нуқтаси — Косцюшко тоғи (2230 м) жан. даги Австралия Альп тоғларида. Австралиянинг ҳоз. рельефи асосан кембрийгача бўлган даврда вужудга келган ва кескин тектоник ўзгаришларга учрамаган, ер юзаси узоқ даврлар ичида емирилиб, натижада қолдиқ тоғлар билан бирга кенг текисликлар вужудга келган. Катта Сувайирғич тизма емирилган палеозой бурмали тоғлари ўрнида вужудга келган. Налларбор текислигида, Мовий тоғларда, Баркли ва Атертон платоларида карст рельеф шакллари учрайди.

Геологик тузилиши ва фойдали қазилмалари. Австралиянинг аксари қисми Австралия платформаси областида жойлашган, шарқий қисми эса Шарқий Австралия бурмали геосинклиналь минтақасига киради. Кембрийдан аввал вужудга келган платформанинг материк заминидаги кристалл ҳамда метаморфик жинслари Ғарбий плато, Тасман ери, Ғарбий Австралия қалқони ва б. жойларда ер юзасига чиқиб қолган; шарқда (Марказий пасттекисликнинг ғарбида) эса қуруқлик ва кўл ётқизиқлари остида кўмилиб кетган, шунингдек Шарқий Австралия платформасида ҳам учрайди. Юқори палеозойда ва мезозойнинг биринчи ярмида Австралия платформаси қад. Гондвана материги билан туташ бўлган. Учламчи давр охири ва тўртламчи даврда рўй берган тектоник ҳаракатлар А. ни Янги Гвинея о., Малайя архипелагининг шарқий ороллари ва Тасманиядан ажратиб юбориб, материкни ҳоз. қиёфасига келтирган.

Австралия платформаси олтин ва полиметаллга, темир рудаси ва бокситга бой, Флиндерс тизмасида уран ва радий рудалари учрайди. Австралия шарқида тошкўмир ва қўнғир кумир конлари бор. Катта Артезиан ҳавзаси, Виктория штати соҳилларида нефть ва газ топилган.

Иқлими. Австралиянинг шим. қисми (20° ж. к. гача) экваториал муссонли, ўрта катта қисми (20°—30° ж. к. лар оралиғи) тропик чўл ва жан.-ғарбий чеккаси қишда ёғин кўпроқ ёғадиган субтропик иқлимли минтақаларга киради. А. Жан. ярим шардаги энг иссиқ қуруқлик, унинг 2/3 қисми чўл ва чала чўллардан иборат. Қирғоқлардан материк ичкарисига томон ёғин миқдори тез камайиб боради, лекин кўп йиллик ёғинсиз даврлар бўлмайди. Ёзда (дек. —фев.) қуруқлик ғоят қизиб (тра 36° дан ортади) материк устида паст босим области вужудга келади, унинг жан. чеккаларидагина баланд босим қарор топади, шу сабабли жан.-ғарбда ва Налларбор текислигида ёгин тушмайди. Т-ранинг мавсумий ўзгариши асосан тропик ва субтропик минтақаларнинг ички р-нларида кўпроқ намо-ён бўлади. Янв. ойида 40° дан юқори иссиқ т-ралар шим.ғарбда (Марбл-Бар) бўлади. Мутлақ максимум т-ра 53,1° Клонкаррида (Квинсленд) кузатилган. Мутлақ минимум т-ра Австралиянинг ички р-нларида — 4,6°гача тушади. Фақат Австралия Альп тоғларида совуқ барқарорроқ бўлиб туради. У ерда — 22°гача совуқ қайд қилинган. Текисликларда тупроқнинг юза қатлами аҳёнаҳёндагина музлайди. Йил давомида иккита мавсум — қуруқ ва ёғингарчилик мавсумлари кузатилади. Муррей текисликларида момақалдироқли жалалар, жан.шарқдаги тоғларда муссон ёмғирлари ёғади. Шарқий соҳилнинг кўп қисмида иқлим тропик денгиз иқлими, иссиқ. Шимолда ёғинларни шим.-ғарбий муссонлар келтиради. Бу ерда ёғин соҳилда 1500 мм, 10° — 20° ж. к. да 400—500 мм. Австралияда энг кўп ёғин (2243 мм) Кэрнсда ёғади. Энг кам ёғин (300—250 мм) материк ғарбида ёғади. Катта Сувайирғич тизмаси Тинч океандан эсувчи илиқ ва нам шамолларни тўсиб, Австралиянинг шарқий соҳили ва ички р-нларида ёғин тақсимотини мураккаблаштиради. Қишда (июнь — авг.) А. нинг айниқса жан. ва жан.-шарқий қисмлари совиб (12°, 5°), юқори босим области таркиб топади.

Ички сувлари. Австралия нинг60% майд. оқмас ички ҳавзага, 7% Тинч океан ва 33% Ҳинд океани ҳавзасига мансуб. Австралияда оқар сувлар кўп эмас. Океанга қуйиладиган дарёлар қисқа, тоғлардан бошланади, сув миқдори доимий эмас. Энг серсув дарёси Муррей (Марри), йирик ирмоғи — Дарлинг. Ички берк ҳавзани кесиб ўтувчи қуруқ ўзан (крик)лар кўп, уларда фақат ёғингарчилик вақтларидагина сув оқади. Австралия чўлларидаги сувлар шўр. Ер ости сувлари кўпинча минераллашган, захираси катта. Улар бир неча артезиан ҳавзада тўпланган, бундай сув 200 м, баъзан 500 м гача чуқурликдан чиқади. Шўр кўллар ичида энг йириги Эйрнинг ёзда майдони баъзан 15000 км2 га етади. Ундан жан. да Торренс, Гэрднер, Ғарбий платода Амадиес кўллари бор. Австралия ер ости сувларига бой. Умумий майд. 4800 минг км2 ни ташкил қилган 33 та артезиан ҳав-заси мавжуд; булардан энг йириклари — Катта Артезиан, Муррей, Мортон-Кларенс, Юкла, Оффисер, Жоржина. Ер ости сувларидан қурғоқчил р-нларда суғориш, саноат ва транспорт эҳтиёжлари учун фойдаланилади.

Тупроқ ва ўсимликлари. Австралиянинг органик дунёси бўр даври ўрталаридан бошлаб бошқа қуруқликлардан ажралган ҳолда ривож топган, шунинг учун флора таркибида эндемик турлар кўп (75%). А. махсус флора областини ташкил қилган (қ. Австралия флористик дунёси). Ички Австралиянинг катта қисми қумли ва тошлоқ чўллар (Катта Қумли чўл, Виктория ва Гибсон чўллари) билан банд. Чўлларни бўз ва жигарранг бўз тупроқли, асосан эвкалипт ва акация буталаридан иборат тиканакли қалин чакалакзорлар билан қопланган чала чўллар ўраб олган. Бир оз сернамроқ чала чўллар бутазор — скрэблар билан банд. Чала чўл ва саванналардан табиий яйлов сифатида фойдаланилади. Бўр даврига кадар Австралиянинг Жан. Америка ва Африка билан қуруқлик орқали туташганлигини протейлар ва баъзи игна барглиларнинг умумий оилага мансублиги тасдиқлайди. Шим., шарқ, жан.-шарқ ва жан.-ғарбда ёғин миқдори орта боради ва бу ерларда қизғиш-қўнғир ва қизил тупроқли саванналар учрайди. Материкнинг шим.-шарқи доимий яшил тропик ўрмонлар б-н, жан.-шарқи эвкалиптли субтропик ўрмонлар билан қопланган. Чала чўл ва саванналар яйлов аҳамиятига эга. Товар маҳсулот берувчи ўрмонлар Австралия майдонининг қарийб 2%ини ташкил қилади.

Ҳайвонот дунёси. Австралия фаунаси ўзига хос бўлганлигидан уни алоҳида Австралия зоогеографик областита ажратилган. Австралия фаунасида юксак сут эмизувчи ҳайвонлар (одамлар четдан келтирган динго итидан ташкари) деярли йўқ. Материкда мезозой ва учламчи давр фаунасининг вакиллари ҳозиргача сақланган. Mac, тухум қўювчи сут эмизувчилардан ехидна ва ўрдакбурун, балиқлардан икки хил нафас олувчи цератод, қопчиқли сут эмизувчилардан кенгуру, айиклар (коала) ва б. А. нинг кўп ёввойи ҳайвонлари одамларнинг хўжалик фаолияти ва тартибсиз ов қилиши натижасида камайиб кетган. Австралия учун типик қушлар: какаду тўтиси, эму туяқуши, катта оёкли товуқлар, қора оққуш, жаннатқуш, товусдум ва б. Европадан хонаки ҳайвонлар келтирилган.

Табиат районлари. Австралиянинг текислик қисмларидаги субэкваториал, тропик ва субтропик минтақаларида географик зоналлик яққол кўринади. Йиллик ёғин миқдори 200—250 мм бўлган чўл зонаси катта майдонни эгаллаган. Плато ва ясси тоғликлар тошлоқ чўллардан иборат. Австралия Альп тоғларида баландлик ландшафт минтақалари аниқ намоён бўлган. Австралиянинг табиий ландшафтлари одамлар томонидан жуда ўзгартириб юборилган. Табиатни қўриқлаш кўпроқ Жан. Австралияда яхши йўлга қўйилган. Маунт Буффало, Косцюшко, Саут-Уэст (Тасмания о.), Уайперфилд ва Уилсонс-Промонтори, Эунгелла ва б. миллий парклари бор.

Кашф этилиши ва тадқиқ қилиниш тарихи. Австралия ҳақидаги дастлабки ноаниқ маълумотлар европаликларга португал денгизчилари орқали 16-а. да етиб келган. Аммо Австралиянинг шим. қисмларини баъзи бир индонез қабилалари қадимдан билишган бўлса ке-рак. Австралияни 1606 й. да голландиялик В. Янсзон кашф қилган ва Янги Голландия деб атаган. Бир неча ойдан сўнг испаниялик Л. Торрес Австралиянинг Кейп-Йорк я. о. шимолидаги бўғоздан сузиб ўтди. Бу бўғоз кейинчалик унинг номига қўйилган. Ява о. га қатнаб турган голланд денгизчилари 1640 й. да материкнинг ғарбий, қисман шим. ва жан. соҳилларини кашф этган. 1642 й. да Тасман Австралиядан жануброқда сузиб, Тасмания о. ни топди ва материкнинг Антарктидадан узоқда жойлашганлигини исбот этди. Ж. Кук 1770 й. да Австралиянинг шарқий соҳилларини кашф этди ва уни Янги Жан. Уэльс деб атади. М. Флиндерс ва Н. Боден тадқиқотлари билан Австралия жан. соҳилларининг кашф этилиши туғалланди. М. Флиндерс материкни Австралия («Жанубий Ер») деб атади ва 19-а. дан шу ном билан машҳур бўлиб қолди. Австралиянинг ички қисми европаликларнинг чорва моллари учун яйлов ва сув қидириш мақсадларида ўрганидди. Кўпдан-кўп географик тадқиқотлар натижасида бутун Австралиянинг табиат бойликлари асосан ўрганиб бўлинди. Бу эса қитъанинг хўжалик жиҳатдан тез ўзлаштирилишига олиб келди. Кейинги вақтларда қазилма бойликлар қиди-риб топиш борасида хусусий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Австралияда Австралия давлати жойлашган.

Ад.: Қитъалар табиий географияси, Т., 1967; Мухин Г. И, Австралия и Океания, М., 1967; Свет Я. М., История открытия и исследования Австралии и Океании, М., 1966.


Кирилл алифбосида мақола: АВСТРАЛИЯ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: А ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АВСТРИЯ
Туш таъбири ўзбек тилида
АВСТРАЛИЯ ФЛОРИСТИК ДУНЁСИ
Исмлар. Энг чиройли ва машҳур исмлар.


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты