АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛИ

АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛИ — автомобиль транспорти қатновига мўлжалланган муҳандислик иншооти. Автомобиль йўли аҳамиятига қараб халқаро, давлат (республика) ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган йўлларга бўлинади. Халқаро Автомобиль йўлига мамлакатларни, йирик саноат марказларини боғловчи ва катта иқтисодий аҳамиятга эга бўлган йўллар киради. Давлат аҳамиятидаги йўлларга йирик саноат марказлари, муҳим т. й. станциялари, пристанлар ва б. б-н боғловчи йўллар, маҳаллий йўлларга эса вилоят, қишлоқ, жамоа хўжаликлари йўллари киради. Автомобиль йўли муҳандислик иншооти сифатида қуйидаги элементлардан ташкил топади: ер пойи кўтармаси; йўл тўшамаси; қатнов қисми; йўл чети; сунъий ва чизиқли иншоотлар ва б. жиҳозлар. Автомобиль йўли табиий ёки тупроқ кўтармаси, асос ва қопламалардан иборат. Асос (ўрта қатлам) қум, шағал, тош, шлак ва ш. к. материаллардан қилинади. Автомобиль йўлининг аҳамиятига қараб, қуйидаги қоплама хиллари ишлатилади: а) ер сиртига қумоқ тупроқ, шағал сочилган паст навли қопламалар; б) қорамой шимдирилган шағал ёки майдаланган тош ётқизилган қопламалар; в) майдаланган тош ва шағалга қорамой аралаштирилган енгил қопламалар; г) асфальт-бетон, цемент-бетон сингари капитал қопламалар. Йўлларнинг кенглиги автомобилларнинг икки ва ундан ортиқ қатор бўлиб юришига имкон беради. Бир қаторнииг кенглиги 3 м гача олинади. Чекка йўлларнинг эни 2 — 2,5 м бўлади. Ҳаракат қулайлигини таъминлаш мақсадида баъзан йўлнинг ўртаси маълум кенгликда кўкаламзорлаштирилади. Автомобиль йўли қурилишида сунъий иншоотлар (тоннеллар, кўприклар, таянч деворлар, ҳимоя йўлаклари) барпо этилади. Автомобиль йўлида сув ўтказувчи ва дренаж қурилмалари бўлади. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун йўл белгилари, кўрсаткичлар, ҳимоя воситалари ва транспорт оқимини бошқариш қурилмалари ўрнатилади. Шунингдек, Автомобиль йўлида техника хизмати кўрсатувчи ст-ялар, ёнилғи ст-ялари ва б. жойлашади.

Жаҳон стандартлари бўйича Автомобиль йўли лари мамлакат умумий транспорт тармоғидаги аҳамияти ва ҳисобий ҳаракат жадаллигига кўра беш тоифага бўлинади. Энг юқори (I) тоифадаги автомобиль йўлида ҳар иккала йўналишда ўртача суткалик ҳаракат жадаллиги 7000 дан кўпроқ автомобилга, ҳисобий тезлик 150 км/соатга, энг паст тоифадаги йўлда ҳаракат жадаллиги суткасига 100 га яқин автомобилга ва ҳисобий тезлик 60 км/соатга мўлжалланади. Халқ хўжалигида автомагистралларнинг аҳамияти катта. Жаҳондаги Автомобиль йўли ларининг умумий уз. 20,8 млн. км (қаттиқ қопламалилари 14 млн. км дан ортиқ, 1990). Қаттиқ қопламали Автомобиль йўли узунлиги (минг км) АҚШда 6243 (1986), Буюк Британияда 356, Францияда 741, Германияда 496, Японияда 782, Ҳиндистонда 759 (1990).

20-а. бошида Ўзбекистонда 27 минг км йўл бўлиб, асосан от-арава, карвон ва йўловчиларга мўлжалланган, шундан фақат 2 минг км га шағал ётқизилган эди. 1920 й. га қадар йўл ишлари билан мунтазам шуғулланадиган давлат ташкилоти бўлмаган. 1922 й. нояб. да Туркистон маҳаллий транспорт бошқармаси, 1925 й. июнда вилоят йўл бошқармалари ташкил этилди. Бошқармалар вилоят йўл қурилиши ва улардан фойдаланишга оид масалалар билан шуғулланган. 1932 й. дан йўл қурилишида битум ва шағал аралашмаси кенг қўлланилди. 1928 — 32 й. ларда республикада биринчи бўлиб уз. 62 км бўлган қора қопламали Бухоро — Ғиждувон — Қизилтепа йўли, сўнгра Самарқанд — Панжакент, Тошкент — Пскент — Муротали, Қўқон — Шўрсув — Андижон — Куйганёр ва б. йўллар қурилди.

1929 й. да Республика ХКС ҳузурида йўллар ва автомобиль транспорти бош бошқармаси, 1930 й. да «Ўзйўлқурилиштрест» акциядорлик жамияти ташкил этилди. 1941 й. гача уз. 708 км бўлган Катта Ўзбекистон тракти, ҳашар йўли билан Тўйтепа — Ангрен, Самарқанд — Жиззах — Навоий, Фарғона — Горчакова каби қопламаси яхшиланган йўллар қурилди. 1953 й. Ўзбекистон Автомобиль транспорти вазирлиги ҳамда ЎзССР МС ҳузуридаги йўллар бош бошқармаси негизида Ўзбекистон Автомобиль транспорти ва тош йўллар вазирлиги ташкил этилди. 1950 — 55 й. ларда Зарафшон А. й., 1957 й. Тошкент — Қўқон (Қамчиқ довони орқали) Автомобиль йўли фойдаланишга топширилди (уз. 240 км). 1957 й. республика автомобиль йўллари тармоқлари рўйхати ўтказилди.

60-80-й. ларда Тошкент — Чиноз, Тошкент автомобиль ҳалқа йўли, Самарқанд ҳалқа йўлининг 1-навбати, Нурота — Боймурот — Оқтов, Қўқон айланма йўллари ва б. фойдаланишга топширилди. Йўл қурилишида янги машина ва механизмларни қўллаш кенгайди, йўл қуриш индустриясининг асфальт-бетон, кўприклар қуриш учун йиғма темир-бетон конструкциялар ишлаб чиқарувчи корхоналари ишга туширилди. 80-й. ларнинг 2-ярмидан халқ хўжалигида юкларнинг 90% дан кўпроғи автомобиль транспортида ташилди.

Собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистонда қурилган Автомобиль йўлилари халқаро андозалар талабларига тўлиқ жавоб бермаган.

Республика мустақилликка эришганидан кейин Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ислом Каримовнинг ички ва ташқи транспорт коммуникацияси, жумладан автомобиль йўлларини замонавий асосда ривожлантириш концепциясига биноан Кўшни давлатлар ва Жаҳон океанига чиқишни таъминлайдигаи энг қисқа ва ишончли транспорт йўлларини барпо этиш, мавжуд автомобиль йўлларини халқаро андозаларга мослаш. йўлларни сақлаш ва таъмирлаш, янги барпо этилаётган саноат марказларини халқаро магистраллар билан боғлайдиган йўллар қурилиши масалаларига эътибор кучайди. 1992 й. 3 июлда «Автомобиль йўллари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. 1993 й. фев. да Ўзбекистон автомобиль йўлларини қуриш ва ундан фойдаланиш давлат-акциядорлик концерни («Ўзавтойўл») иш бошлади (1969 — 1993 й. ларда вазирлик). Концерн таркибида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари бошқармалари, 154 туман автомобиль йўллари бошқармалари, 512 йўлларни асраш ва улардан фойдаланиш бўлимлари, «Ўзйўллойиҳа» йўл ва иншоотлар қуриш, қайта қуриш ва таъмирлаш лойиҳа-қидирув ин-ти, кўприк темир-бетон қурилмалари з-ди ва б. корхоналар бор.

Ўзбекистон Хитой ва Покистонга чиқиш имкониятини берувчи Андижон — Ўш — Эргаштом — Кашқар автомобиль йўлини ишга туширишда қатнашмоқда (2000). Республиканинг ўзида Фарғона водийси билан Тошкент воҳасини Қамчиқ довони (тоннель) орқали боғлайдиган йирик Автомобиль йўли ҳамда Қўнғирот — Бейнов автомагистрали қурилиши жадал олиб борилмоқда, умумий узунлиги 1250 км дан ортиқ бўлган Андижон—Тошкент—Нукус—Қўнғирот автомагистрали қурилиши лойиҳалаштирилмоқда (2000). Республика ривожланган йўл хўжалиги ва замонавий талабларга жавоб берадиган халқаро, республика, маҳаллий аҳамиятга эга бўлган автомобиль йўлларига эга. Мамлакатдаги автомобиль йўлларининг жами уз. 146,4 минг кмдан ортиқ. Умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларининг уз. 43,4 минг км, жумладан 3237 км халқаро, 18767 км давлат (республика), 21459 км маҳаллий (вилоят) аҳамиятига эга бўлган йўлдир. Шунингдек республика идоралар (корхона, жамоа хўжаликлари, хўжалик ташкилотлари)га қарашли йўллар ҳам мавжуд.

Ўзбекистонда умумий фойдаланувдаги жами йўлларнинг 95,6% ига қаттиқ қопламалар ётқизилган, жумладан цемент-бетон қопламали йўллар 0,8% (336 км), асфальт-бетон қопламали йўллар 49,6% (21819 км), қора шағалли ва қора қопламали йўллар 40,6% (17796 км)ни ташкил этади (1999). Республикада 1864 км Автомобиль йўли 1-тоифали йўлга киради.

Муродулло Абдуллаев, Воҳид Аъзамов.


Кирилл алифбосида мақола: АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: А ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АВТОМОБИЛЬ ТРАНСПОРТИ
Туш таъбири ўзбек тилида
АВСТРИЯ
Тушда йул курса нимани англатади


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты