АГРОНОМИЯ (юн. agros — дала ва nomos — қонун) — деҳқончилик қонун-қоидалари ҳақидаги фан. А. деҳқончиликнинг илмий асоси, унинг ҳамма соҳаларига доир илмлар мажмуидир. Агрономиянинг асосий бўлимлари: умумий деҳқончилик, ўсимликшунослик, селекция, уруғчилик, уруғшунослик, агрокимё, тупроқшунослик, агрофизика, қ. х. микробиологияси, фитопатология, энтомология, қ. х. мелиорацияси. Илмий Агрономия ўсимликлар физиологияси, биокимёси, қ. х. метеорологияси, генетика, микробиология, кимё, физика, мат., биофизика ва б. табиий фанларга асосланиб иш олиб боради. Агрономия лаборатория, вегетацион, лизиметрик ва дала тажрибаларини ўтказиб, ҳар хил усуллардан фойдаланиб экспериментал маълумотлар олади.
Агрономия инсоннинг амалий фаолияти натижасида вужудга келган, ишлаб чиқарувчи кучларнинг ўсиши, ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг ўзгариши ва табиий фанларнинг равнақ топиши билан боғлиқ ҳолда ривожланди. Дастлаб одамлар турли ўсимликларни ўрганиш, уларни маданийлаштириш, парваришлаш, уй ҳайвонларини боқиш тажрибаларига асосланди, кейинроқ эса ер ҳайдаш, экинларни суғориш ва парваришлашни тупроқ — иқлим шароитига мослаб табақалаштириш усулларини ўрганди; экинлар ҳаётида сув, озиқ моддаларнинг аҳамияти ва уларнинг экин ҳосилига таъсири аниқланди. Кейинчалик кимё, ўсимликлар физиологияси каби фанлар тараққиёти Агрономияга ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Кимё ва ўсимликлар физиологиясининг мустақил фан сифатида ажралиб чиқиши, немис кимёгари Ю. Либих томонидан ўсимликлар минерал озиқланиши назариясининг яратилиши Агрономиянинг янги тармоғи — агрокимёнинг ривожланишига, уни я нала кенгроқ ўрганилишига катта таъсир кўрсатди. Француз кимёгари Ж. Буссенго ўсимликлар азотни тупроқдан ўзлаштиришини аниқлаб берди. Деҳқончиликда шудгор (тоза шудгор) тизими ўрнини экинларни навбатлаб экиш тизими эгаллади. Кейинчалик деҳқончиликни кимёлаштириш (ўғитлардан фойдаланиш, ерни оҳаклаш ва б.), ўсимликларни ҳимоя қилиш муваффақиятли ривожланди.
Ўсимлик, тупроқ ҳамда ўғитлар ўртасидаги ўзаро таъсир механизмини аниқлаш ва ундан қ. х. ўсимликларини етиштиришда фойдаланиш учун амалий тадбирлар тузишда Д. Н. Прянишников; ўсимликларнинг илдиз ва ҳаво озиқланиши назариясини ишлаб чиқишда К. А. Тимирязев; нитрификация жараёнини амалга оширадиган бактериялар, атмосферадаги азотни ўзлаштирувчи микроорганизмларни аниқлашда С. Н. Виноградский; маданий ўсимликларнинг келиб чиқиш марказлари ва эволюцияси ҳақидаги таълимотни ҳамда селекциянинг илмий асосларини яратишда Н. И. Вавилов; ўсимликларнинг географик узоқ формаларини чатиштириш йўли билан қ. х. экинларининг янги форма ва навларини яратиш назариясини ишлаб чиққан Н. В. Цицин; буғдой селекциясининг самарали усулларини яратган В. Н. Ремесло; кузги буғдойнинг кўпгина навларини яратган П. П. Лукьяненко; кунгабоқар селекцияси ҳамда уруғчилигининг самарали усулларини ишлаб чиққан В. С. Пустовойт ва б. агрономик фанларнинг ривожланишига муносиб ҳисса қўшдилар.
Ота-боболаримиз қ. х. экинларининг ҳосилдорлигини ошириш, боғдорчилик ва деҳқончилик агротехникасини такомиллаштириш устида тинимсиз изланиш олиб борганлар. Мева дарахтлари, полиз экинларининг янги навларини яратиш, зараркунандаларга карши кураш олиб бориш усулларини ишлаб чиққанлар. Бу фан Шаркда зироатнома илми деб аталган.
Ўзбекистонда Агрономия тараққиётида 20 — 30-й. ларда ва ундан кейин ташкил этилган қ. х. тажриба ст-ялари ҳамда и. т. институти б. нинг аҳамияти катта бўлди. Ўзбекистонлик олимлар ғўзанинг 130 дан, шолининг 20 дан, сабзавот ва полиз экинларининг 50 дан, мева-резавор ҳамда токнинг 60 дан ортиқ, беданинг 15 га яқин навини яратдилар ва бу навлар мамлакатда ҳамда қўшни давлатларда районлаштирилди. Суғориладиган ерлар унумдорлигини тубдан яхшилашга қаратилган деҳқончиликнинг янги тизими ишлаб чиқилди. Суғорма деҳқончиликда ерни ҳайдаш, ерга экишдан олдин ва экин қатор ораларига ишлов бериш каби ишлар тўла механизациялаштирилди, экинларда учрайдиган касалликлар ва зараркунандаларга қарши курашнинг биологик ва кимёвий усуллари ишлаб чиқилди. Тупроқ шўрланишига қарши агротехник тадбирлар, кимёвий усуллар қўлланилмоқда, экинларни ёмгирлатиб ва томчилатиб суғориш усуллари ишлаб чиқаришга жорий этилмоқда.
Абдураҳим Эрматов.