АДВОКАТ (лот. advocatus, advocare — ёрдамга чақириш) — юридик ёрдам кўрсатувчи шахс. Жиноят ишлари бўйича суриштирув, тергов ҳаракатлари юритилганда ва суд мажлисида, фуқаровий ишлар судда, хўжалик низолари хўжалик судларида ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар судья ёхуд ваколатли органлар (мансабдор шахслар) томонидан кўрилганда иштирок этади, қонунда белгиланган ваколатга эга бўлади. ЎзР «Адвокатура тўғрисида»ги Қонунида (1996 й. 27 дек.) кўрсатилишича, олий юридик маълумотли ва белгиланган тартибда адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия олган ЎзР фуқароси ЎзРда Адвокат бўлиши мумкин.
ЎзР «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва авдокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Қонунида (1998 й. 25 дек.) А. лик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи, фаолиятининг асосий принциплари, Адвокат қасамёди, ваколатлари, мустақиллигини таъминлаш, дахлеизлиги, Адвокатлик фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги ва унинг ҳимояланишини таъминлаш, Адвокатнинг ижтимоий ҳимояси чоралари ва б. белгилаб берилган.
Адвокат жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида: ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар, қонун ҳужжатлари юзасидан оғзаки ва ёзма маълумотлар беради; ҳуқуққа оид аризалар, шикоятлар ва б. ҳужжатларни тузади; фуқаролик ишлари ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича судда, бошқа давлат органларида, жисмоний ва юридик шахслар олдида вакилликни амалга оширади; жиноий ишлар бўйича суриштирувда, дастлабки терговда ва судда ҳимоячи; жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгарнинг вакили; агар гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки жабрланувчининг ман-фаатлари билан қонуний вакилнинг манфаатлари ўзаро мос келмаса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки жабрланувчи тарафида иштирок этиш учун қарор ёки ажрим билан адвокат сифатида катнашади (Қонуннинг 5-модда l-қисми ва ЎзР Жиноят-процессуал кодекси (ЖПК) 49-, 55-, 59-.60-, 62-моддалари). Адвокат жиноят иши бўйича ўз вазифасини амалга ошириш муносабати билан билган маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас (ЎзР ЖПК 53-модда 3-қисми). Адвокатура тўғрисидаги Қонунда «адвокат ҳимоячилик ёки вакиллик вазифасини бажараётганда ўзига маълум бўлиб қолган тафсилотлар юзасидан гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмас»лиги қатьий белгиланган (10-модда 2-қисм).
Адвокат тадбиркорлик фаолиятига ва хўжалик низолари тўғрисидаги ишлар бўйича юридик хизмат, қонун ҳужжатларида ман этилмаган бошқа турдаги юридик ёрдам ҳам кўрсатиши мумкин.
Адвокат касбий фаолиятини амалга ошириш чоғида қуйидаги ҳуқуқларга эга: тегишли масалаларни ҳал этишга ваколатли бўлган барча органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг топшириғига мувофиқ уларнинг манфаатларини ифода этиш ва ҳуқукларини ҳимоя қилиш; судларда, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқаётган органларда далил сифатида фойдаланиши мумкин бўлган фактлар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш; юридик ёрдам кўрсатилиши муносабати билан давлат органларидан ҳамда жамоат бирлашмаларидан зарур бўлган маълумотномалар, тавсифномалар ва б. ҳужжатларни сўраш ва олиш; унга ваколат берган ёки унинг ҳимоясида иш юритаётган судга ва б. давлат органларига тўпланган материалларни тақцим этиш; мансабдор шахсларга илтимоснома ва шикоят бериш ҳамда улардан ёзма тарзда далил-исботли жавоб олиш; қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни бажариш. Жиноий ишни кўриб чиқишда қатнашишга тайинланган Адвокат фуқаронинг тўловга қобилиятсизлигини важ қилиб, унга юридик ёрдам кўрсатишдан бош тортишга ҳақли эмас. Адвокат давлат хизматида туриши ҳам мумкин эмас. Қонуннинг 9-моддасида у А. лик сирини сақлаши шартлиги алоҳида таъкидланган. Адвокат ўз касбий вазифаларини бажараётганида унга бирор-бир шаклда таъсир ўтказишга йўл қўйилмайди, Адвокатлик далиллари (ашёлари), ҳужжатлари ундан олиб қўйилиши ёки кўздан кечирилиши, шунингдек, ўзи юридик ёрдам кўрсатаётган шахслар билан учрашиш ҳуқуқи чекланиши, унинг иш юзасидан ҳуқуқий назари хусусида суриштирув органи, терговчи, прокурор тақдимнома киритиши, шунингдек, суд хусусий ажрим чиқариши мумкин эмас.
Адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар ҳамда хусусий Адвокатлик амалиёти билан шуғулланувчи айрим шахслар мустақил, кўнгилли касбий бирлашмаларини ўз ичига олган, адвокатура номи б-н аталувчи ҳуқуқ муассасаси орқали жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатади (қ. Адвокатура).
«Адвокатура тўғрисида»ги ЎзР қонунида адвокатнинг ёрдамчиси бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.