АЙБИНИ БЎЙНИГА ОЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ АРЗ — ариза берувчининг ўзи содир этган жинояти тўғрисида у шу жиноятни содир этишда гумон қилинмасдан ва унга айблов эълон қилинмасдан олдин берган хабари (ЎзР ЖПК, 113-модда). Айбини бўйнига олиш тўғрисидаги арз оғзаки ёки ёзма бўлиши мумкин. Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд оғзаки хабарномани баённомада акс эттиради, унга арз қилувчининг шахсига доир маълумотлар киритилади ва унда арзнинг мазмуни биринчи шахс номидан баён қилинади, баённомага арз қилувчи ва суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судья имзо чекади. Арз суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан ушбу Кодекснинг 112-моддасида кўрсатилган қоидаларга мувофиқ баҳоланади. Айбини бўйнига олиш тўғрисидаги арз ушбу Кодекснинг 322-моддаси l-қисми (5-банди) талабига кўра жиноят ишини қўзғатишга асослардан биридир.
ЎзР ЖПКнинг 54-модда 2-қисми, 55-модда l-қисми «а» бандига асосан бундай арз жазони енгиллаштирувчи ҳолат, деб топилиши шарт.