БАДИУЗЗАМОН

БАДИУЗЗАМОН (1458, Ҳирот – 1515, Истанбул) — Хуросон ҳукмдори (1506—07). Ҳусайн Бойқаронинт тўнғич ўғли, онаси — Марв ҳокими Санжар Мирзонинг қизи Бека Султон бегим (1488 й. в. э.). Б. 1473 й. дан Сейистон, кейинчалик Мозандарон ҳокими. Астробод ҳокими амир Мўғул хиёнатидан сўнг, Ҳусайн Бойқаро уни Астрободга ҳоким қилиб тайинлаган (1493 й. дан). Сўнг, у 1496—1506 й. ларда Балх ҳокими бўлган.

Бобурнинг ёзишича, «Султон Ҳусайн Мирзо Балхга келганида Мовароуннаҳр фойдасини кўзлаб Балхни Бадиуззамонга беради, унинг мулки — Астрободни эса Музаффар Ҳусайн Мирзога топширади. Бадиуззамон шу туфайли аразлаганди. Шунча йиллар давом этган душманлик ва исён сабаби айни шу ҳолат эди». Б. Астрободни укасига беришга кўнмаган. Чунки, Ҳусайн Бойқаро Астрободни унинг ўғли Муҳаммад Мўмин Мирзога суннат тўйини қилаётганда инъом қилган эди. Оқибат ота-ўғил ўртасидаги можаро урушга айланади. 1497 й. Б. Пули Чироғ дарасидаги жангда мағлубиятга учрайди. Худди шу куни Музаффар Ҳусайн Мирзо Астробод ёнида Муҳаммад Мўмин Мирзони енгади. Ҳусайн Бойқаро Балхни ўғилларидан Иброҳим Ҳусайн Мирзога беради. Енгилган Бадиуззамон қолганқутган лашкари билан Қундузга қочади, сўнг Хусравшоҳ ҳузуридан паноҳ топади. Хусравшоҳ Бадиуззамонга қўшин, қуроляроғ билан ёрдам бергач, у Қандаҳор ва Заминдеворга боради. 1505 й. Б. отаси билан ярашиб, унинг хизматига киради. Отаси вафот этгач, укаси Музаффар Ҳусайн Мирзо билан биргаликда тахтга ўтиради.

1506 й. Шайбонийхон Балхни қамал қилганда Бадиуззамон Музаффар Мирзо билан унга қарши отланиб бошқа укаларини ҳам ёрдамга чақиради. Бодхизда Бадиуззамон қўшинига Абулмуҳсин Мирзо ва Ибн Ҳусайн Мирзо келиб қўшилади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам уларга ёрдамга келади. Аммо улар тўплангунга қадар орадан 3—4 ой ўтади, бу орада Шайбонийхон Балхни эгаллаб, Бадиуззамон қўшин тўплаётганидан хабар топгач, кеч кузда Самарқандга қайтиб кетади. Шайбонийхон 1507 й. Самарқанддан Хуросонга қўшин тортади. Бадиуззамон укаси билан Ҳиротни ташлаб қочади, сўнг Эронга, Исмоил Сафавий ҳузурига боради. 1514 й. Б. ни турк султони Салим I Истанбулга олиб кетади, у ўша ерда вабога чалиниб вафот этади.

Б. Ҳусайн Бойқаронинг ўғиллари орасида энг оқили ва тадбиркори бўлиб, тақводор, адолатпеша ҳамда илму маърифат ва ҳунар ахлига мурувватли ҳукмдор эди. У ўз саройида олим, шоир, санъаткор ва б. ни йиғиб анжуманлар ўтказиб турарди. Шунинг билан бирга, у ўзи ҳам гўзал ғазаллар битган, мамлакатда қурилиш-ободончилик ишларига катта эътибор берган. А. Навоий Б. ни қуйидагича таърифлаган: «Султон Бадиуззамон Мирзо ҳусни сурат ва ҳусни сийрат била ораста ва жамоли зоҳирий ва камоли ботиний била пийроста йигитдур. Разм атворидин отар-тутарда дилписанд ва базм асбобидан ичмак ва бағишламақда бемонанд. Табъи ҳам назм услубида мулойим тушубтур…».

Ад.: Файзиев Т., Ҳусайн Бойқаронинг сирли ўлими, Т., 1995.


Кирилл алифбосида мақола: БАДИУЗЗАМОН ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Б ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



АМИР ТЕМУР
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АЛИШЕР НАВОИЙ
ҲУСАЙН БОЙҚАРО
БОБУР


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты