АЛКОР, тоғзира (Athamanta macrophylla) — зирадошлар оиласига мансуб ўқ илдизли кўп йиллик резавор ўсимлик. Бўйи 1—2 м. Ёшига қараб ҳар йили биттадан 15 тагача поя чиқаради. Барглари мураккаб, қалин. Тўпгуллари соябон, мураккаб, поясининг учида жойлашган. Ҳар бир соябончада 20 тача гул бўлади. Илдизи йўғон. Уруғлари майда, тухумсимон, уз. 4—6 мм. Алкор июнь — июлда гуллайди, авг. — сент. да уруғи пишади. Ўрта Осиё флораси учун эндемик ҳисобланади. Ўзбекистонда 1500—2800 м баландликдаги тоғ ёнбагрларида ўсади. Тошкент, Наманган, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида тарқалган. Алкор, айниқса, унинг уруғи, гули ва барглари хушбўй эфир мойларига ниҳоятда бой (1,67%). Шунинг учун Алкорни маҳаллий аҳоли резавор ўсимлик сифатида таомга ишлатади. Алкор қўшилган сут маҳсулотлари узоқ вақт (15—20 кун) гача ачимайди. Унинг сояда ёки офтобда қуритилган барги ва уруғлари бодринг, помидор, карам, олма, қовун, тарвуз ва б. ни тузлаш учун ишлатилади. Алкорнинг ўзига хос хушбўй ҳиди узоқ сақланиб туради.