ЧАҒРИБЕК, Чағрибек Довуд (туркча чағри — бургут) (990—1060.4.4, Сарахс) — Салжуқийлар давлати арбоби, саркарда. Салжуқнинг невараси ва султон Тўғрулбекнинг укаси. Тўғрулбек билан биргаликда кўчманчи ўғузлар — салжуқийларнинг ҳарбий бирлашмаларига бошчилик қилган. 1035 й. майда салжуқийлар Ч. ва Тўғрулбек қўмондонлигида Амударёни кечиб ўтиб, Амул (Чоржўй)ни эгаллаган ва Нисога йўл олган. Ғазнавийлар давлашиншнт султони Масъуд Ғазнавий уларга қарши ҳарбий кучлар жўнатган. Бу жангда ғазнавийлар қўшини мағлубиятга учрагач, Масъуд Ғазнавий Ч. ка Деҳистон (Каспий денгизининг шарқий соҳили), Тўғрулбекка Нисо, Мусо байғуга Фарова вилоятларини ҳамда уларга «деҳқон» унвонини беришга мажбур бўлган. 1036 й. дек. да Чағрибек 4 минг қуролли отлиққа бош бўлиб, Ғозон, Гур, Сиёҳкўҳ орқали пойтахт Ғазнани эгаллаш учун ҳарбий юриш қилган. Ч. Марв, Андхўй, Шобуркон (Шибирғон)ни забт этиб, бу ерларда салжуқийлар ҳукмронлигини ўрнатган. 1037 й. 22 апр. да Марвда Чағрибек номи хутбага қўшиб ўқилган ва унга «малик алмулук» ва «шаҳаншоҳ» унвонлари берилган. Чағрибек салжуқ амирларига қарши юборилган ғазнавийларнинг Субоши бошчилигидаги катта қўшинини мағлубиятга учратган. Бу пайтда Чағрибек Балх вилоятини ҳам ўзига бўйсундирган (1038 й. бошлари). У Тўғрулбек томонидан бутун салжуқийлар кўшинининг Олий бош қўмондони қилиб тайинланган.
Тўғрулбек Нишопурда султон деб эълон қилингач (1038 й. июнь), у биродари Чағрибекка Деҳистон вилояти ҳокимлиги ва Марвни топширган. 1038 й. да Чағрибекка Нишопурдан Амударёгача бўлган Хуросон, шунингдек, Мовароуннаҳр ва Хоразм ҳудудлари теккан. Чағрибек кейинчалик Хоразм, Бухоро ва Балхда ҳам ўз ҳукмронлигини ўрнатди. Данданакон жангидш сўнг Тўғрулбек Хуросон ҳукмдори деб эълон қилинган. Ч. Марвни, Тўғрулбек Райни ўзларига пойтахт қилишган.
Чағрибек 1042—43 й. ларда Хоразмга юриш қилиб, пойтахт Котни эгаллаган. Қипчокларни ҳам тобе қилиб, улар ўртасида ислом динини тарқатган. Кейинчалик Чағрибек қорахонийлар хоқони билан сулҳ тузган.
Манбалар: Садраддин Али алҲусайни, Ахбор аддаулат асселджукиййа (Зубдат аттаворих), М., 1980; Абул-лФазл Байхаки, История Масъуда (1030— 1041, 2изд), М., 1969.
Ад.: Агаджанов Г., Очерки истории огузов и туркмен Средней Азии IX—XIII вв., Ашхабад, 1969.
Қаҳрамон Ражабов.