ДАВЛАТ МУЛКИНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ

ДАВЛАТ МУЛКИНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ — давлатнинг ўз ихтиёридаги и. ч. воситалари, мол-мулк объектларини, корхоналар, уй-жой, транспорт воситалари, табиат ресурслари ва б. ни давлат тасарруфидан чиқариши ва фукаролар, жамоалар, шунингдек, давлатга тегишли бўлмаган юридик шахсларга бериши ёки сотиши; давлат мулки асосида турли (акцияли, хусусий, оилавий, қўшма, аралаш, корпоратив) мулк шаклларини вужудга келтириш. Давлат мулкини хусусийлаштириш давлат мулкини келгусида шу мулк негизида хўжалик фаолияти юритувчи ва унинг натижалари бўйича тўлиқ мулкий масъулиятни зиммасига олувчи иқтисодий субъектларга турли шартларда бериш ёки сотиш орқали амалга оширилади ва мулк эгасини ўзгартиришни назарда тутади.

Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш мулкни бепул бериш, корхонани имтиёзли шартларда сотиш, акцияларни сотиш, корхоналарни ижарага бериш, майда корхоналарни ким-ошди савдосида сотиш ва б. усулларда амалга оширилади.

Тарихан Давлат мулкини хусусийлаштиришнинг ўз табиатига кўра тамомила фарқ қиладиган икки тури шаклланди. Биринчи тур такрор и. ч. механизмидаги ўзгаришлар ва 20-а. нинг 70-й. лари 2-ярмида саноати ривожланган мамлакатлар иқтисодиётида давлат мулки ва давлат тадбиркорлигининг ўрни ва аҳамиятидаги ўзгаришлар билан боғлиқ ҳолда юзага келди.

Саноати ривожланган мамлакатлардаги хўжаликни бошқариш ва иқтисодиётда Давлат мулкини хусусийлаштириш кўринишлари ғоявий таъсир, баъзида эса ривожланган мамлакатларнинг ёрдам кўрсатиш шартлари билан боғлиқҳолда, тўғридан-тўғри иқтисодий босимлар туфайли ривожланаётган мамлакатларга ҳам тарқалди. 80 — 90-й. ларда 80 дан ортиқ ривожланаётган мамлакатларда Давлат мулкини хусусийлаштиришнинг турли дастурлари ишлаб чиқилди. Бу мамлакатларда хусусийлаштириш жараёни бозор рақобати муҳити амал қилган хусусий сектор ва хўжалик тизимида амалга оширилди.

Хусусийлаштиришнинг иккинчи тури жаҳон социалистик тизими мамлакатлари (Марказий ва Шарқий Европа, Хитой, собиқ Иттифоқ республикалари)да 1989 й. дан бошлаб амалга оширила бошлади.

Хўжалик юритишнинг маъмурийбуйруқбозлик тизимидан бозор муносабатларига асосланган хўжалик юритиш тизимига ўтишда хусусийлаштириш алоҳида ўрин тутади. Иқтисодий ривожланган мамлакатлар тажрибаси айнан хусусий мулк иқтисодий усишни ижтимоий ларзаларга йўл қўймай таъминлашини тасдиқлайди.

У ёки бу мамлакатдаги хусусийлаштириш миқёси илгари хусусий секторни миллийлаштириш қай даражада қўлланилганига боғлиқ. Миллийлаштириш усули қисман ўтказилган мамлакатларда (АҚШ, Германия, Япония) хусусийлаштириш кўринишлари кам учрайди. Миллийлаштириш жараёни узок, вақт давом этган мамлакатларда (Буюк Британия, Франция) эса Давлат мулкини хусусийлаштириш кенг кўламда амалга оширилмоқда.

Хусусийлаштиришнинг пешқадами бўлган Буюк Британияда Давлат мулкини хусусийлаштиришнинг акцияларни текин тақсимлаш ва сотиш; хизмат кўрсатиш учун пудратлар; давлат уй-жойларини квартирани ижарага олувчиларга сотиш; рақобатни ривожлантириш мақсадида давлат монополияларидан воз кечиш каби усуллари қўлланилди. Жаҳон тажрибаси давлат мулкини ва унинг вазифаларини тўлиқ ёки қисман хусусий секторга ўтказишнинг 22 усули борлигини кўрсатади. Хусусийлаштириш — узок, муддатли жараён. У Японияда 10 йил, Ғарбий Европада 10—15 йил давом этади.

Бозор ислоҳотларига ўтишнинг Ўзбекистон моделига кўра мамлакат ва халқнинг иқтисодий, ижтимоий, маънавий, маданий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда кўп укладли иқтисодиётни яратиш ва хусусийлаштириш дастури ишлаб чиқилган ҳамда амалиётга татбиқ этилмоқда. Шунга кўра Ўзбекистонда, биринчидан, давлат мулки мулкнинг янги эгасига фақат сотиш нули билан берилиши мумкин. Бу мулк объектларининг тўғри тақсимланиши ва улардан самарали фойдаланишни таъминлайди. Иккинчидан, Давлат мулкини хусусийлаштиришнинг махсус дастури ишлаб чиқилган ва у босқичма-босқич амалга оширилади. Хусусийлаштириш бўйича барча ишлар изчил, бир тизимда олиб борилади. Мулкка муносабатдаги узгаришлар жараёни ҳар йили ЎзР Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган хусусийлаштиришнинг давлат дастури ва тармоқ, минтақа дастурлари асосида амалга оширилади. Учинчидан, хусусийлаштириш муаммолари йирик бошқарув ва и. ч. тузилмаларини монополиядан чиқариш, уларнинг таркибидан савдо объектлари ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ажратиб олиш, шунингдек, муқобил рақобатчи и. ч. корхоналарини яратиш йўли билан бирга ҳал этилади.

Ўзбекистонда хусусийлаштириш бир неча босқичда ўтказилмоқда. Биринчи босқичда (1992—93) «кичик хусусийлаштириш» амалга оширилди. Бу даврда уй-жой, савдо ва умумий овқатланиш, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш, маҳаллий саноат корхоналари хусусийлаштирилди (хусусий, оилавий, жамоа, акцияли). Кичик хусусийлаштириш натижасида 21800 акциядорлик, 633 жамоа, 18184 хусусий, 661 ижара корхоналари ва б. дан иборат 53902 турли мулк объектлари вужудга келди. Шунингдек, тайёрлов ва кайта ишлаш тармоқларида 25 минг объект ёки улар жами микдорининг 96,7% хусусийлаштирилди. 1993 й. дан енгил, озиқ-овқат саноатлари, транспорт ва қурилиш мажмуаларининг ўрта ҳамда йирик корхоналарини хусусийлаштириш бошланди. Қ. х. даги ислоҳотлар натижасида дастлаб 715 давлат хўжалиги давлат тасарруфидан чиқарилди, улар негизида 325 жамоа, 296 кооператив, 90 ижара хўжаликлари вужудга келди. Мавжуд чорвачилик объектлари, айниқса паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган фермалар асосида 735 ёпиқ турдаги акциядорлик жамиятлари ташкил этилди. Шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш ишлари олиб борилди (680 минг га дан кўпроқ майдон ёки суғориладиган ерларнинг 15% шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликлари ихтиёрига берилган). Шундай қилиб, республика иқтисодиётида нодавлат сектори салмокли ўринга эга бўла борди ва 1993 й. да миллий даромаднинг 35% нодавлат сектори ҳиссасига тўғри келди. 1994 й. 1 янв. гача республикада 1069414 квартира хусусийлаштирилди. Бу хусусийлаштирилиши лозим бўлган квартираларнинг 98,98% ни ташкил этади. Шу билан «кичик хусусийлаштириш» босқичи тугалланди.

1994—95 й. ларда хусусийлаштиришнинг 2-босқичи амалга оширилди. Бу даврда халқ хўжалигининг барча тармоқларидаги қонун йўли билан чеклашлар қўйилмаган корхоналар — халқ хўжалигининг базавий тармоқлари бўлган машинасозлик, ёқилғи-энергетик корхоналари, саноат, қурилиш, транспорт, коммунал уй-жой хўжалиги, агросаноат мажмуининг тайёрлов ва қайта ишлаш корхоналари ва ҳ. к. хусусийлаштирилди. Хусусан, «Ўзбек-нефтгаз» корпорацияси, энергетика вазирлиги, «Ўзмашсаноат» ассоциацияларининг кўплаб объектлари, шунингдек, транспорт корхоналари (автобус ва таксомотор парклари) давлат тасарруфидан чиқарилди. Бу босқичда 5 минг корхона, жумладан халқ хўжалигининг турли тармоқларида 900 дан кўпроқ ўрта ва йирик корхоналар давлат тасарруфидан чиқарилди.

1996 й. дан Давлат мулкини хусусийлаштиришнинг янги — 3-босқичи бошланди. Бу босқич энг йирик корхоналарни хусусийлаштириш, тармоқлар ичида институционал ўзгаришлар, янгича хўжалик юритиш тузилмаларини яратиш ва б. назарда тутади (мас, Тошкент авиация и. ч. бирлашмаси очиқ турдаги акциядорлик жамиятига айлантирилди, тармоқларни бошқаришнинг янги тизими — холдинглар ташкил этилмоқда).

Ўзбекистонда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш бўйича Давлат дастурига мувофиқ тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва корхоналарни хусусийлаштирилгандан кейинги даврда катъий ишлашини таъминлаш чоратадбирлари ишлаб чиқилган. Давлат тасарруфидан чиқарилган корхоналарни хусусийлаштиришдан кейинги даврда қатъий ишлаши учун махсус инвестиция фондлари ва банклар ташкил этилган, хусусийлаштиришдан келган маблағлар жамғарилиб, улар хусусийлаштирилган корхоналарни ривожлантириш учун сарфланмоқда. Давлатга тегишли акцияларга олинган дивидендлар асосий фондларни янгилаш ва уларни техник қайта жиҳозлашга йўналтирилмоқда.

Ўзбекистонда аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий ҳимоялаш ва тадбиркорларни қўллабқувватлаш, корхоналарни экспортбоп ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарадиган қилиб техник жиҳозлашни таъминлайдиган аниқ йўналишли хусусийлаштириш амалга оширилмоқда. Шу йўл билан мамлакатнинг сиёсий, ижтимоийиқтисодий барқарорлигини ошириш ҳамда давлат учун таянч бўладиган мулкдорлар синфини шакллантириш асосий мақсад қилиб қўйилган.

Ўзбекистонда Давлат мулкини хусусийлаштиришда Европа Иттифоқи комиссияси, «ТАСИС», Жаҳон банки, ЮН ИДО, Германия техника маркази, АҚШнинг Халқаро ривожланиш бўйича Агентлиги ва б. нинг маслаҳат хизматларидан фойдаланилади.

Абдулла Абдуқодиров, Эркин Шодмонов.


Кирилл алифбосида мақола: ДАВЛАТ МУЛКИНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Д ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ДАВЛАТ КАПИТАЛИЗМИ
ДАВЛАТ МУЛКИ
ДАВЛАТ ТАСАРРУФИДАН ЧИҚАРИШ
ИҚТИСОДИЙ ВА ИЖТИМОИЙ ГЕОГРАФИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты