ДАҒАЛ ЖУНЛИ ҚЎЙЛАР — қўйларнинг дағал жун берадиган зотлари. Маҳсулдорлик белгилари ва хўжалик аҳамиятига кўра Д. ж. қ. тери ва сут берувчи зотлар (қоракўл, решетилов, малич ва б.), гўштдор-ёғдор думбали зотлар (ҳисори, эдилбий, жайдари, қозоқи, қирғиз ва б.), пўстинбоп тери берувчи зотлар (романов, кулундин, калта жунли шимол қўйлари ва б.), гўшт-жун ва сут берувчи зотлар (балбас, бозах, лезгин, тушин, ширвон ва б.)га бўлинади. Дағал жунли қўйлар йилига 50 кг гача сут (ёғлилиги 6—7%) беради. Ўзбекис-тонда боқиладиган қоракўл, жайдари ва ҳисори қўй зотлари қора, малла, қўнғир, жигарранг, ола, оқ бўлиб, боши, қулоғи, оёклари, айримларининг (мас, ҳисор зоти) қорни қисқа, йўғон, ялтироқ, уч қисми ўткир жун билан қопланган. Жуни тивит, қилтиқ, оралиқ жун толалари кўпинча қуруқ ва улик жун аралашган ёғли жун бирикмасидан иборат. Бу хилдаги жунлар қалин мовут, шолча, гилам тўқишда, шунингдек, кигиз босишда ишлатилади. Дағал жунли қўйлар жуни йилига икки марта — баҳор ва кузда қирқилади. Баҳоргисида тивит кўпроқ, қилтиғи камроқ, толаси узун, сифати кузги жундан яхши-роқ бўлади. Йилига совликлардан 0,8 — 2,0 кг, қўчқорлардан 1,2—3,5 кг жун қирқиб олинади, соф жун чиқиши 80% га боради.