ЭҲТИЁТСИЗЛИК — айб шаклларидан бири. Қилмиш ўз-ўзига ишониш ёки бепарволик орқасида содир этилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси ЖКда ана шу ҳар 2 ҳолатда содир этилган жиноят қуйидагича таърифланади: «Агар жиноятни содир этган шахс ўз хулқ-атвори қонунда назарда тутилган ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигига кўзи ета туриб, эҳтиёткорлик чоратадбирларига онгли равишда риоя этмаган ҳолда бундай оқибатлар келиб чиқмаслигига асоссиз равишда умид қилган бўлса, бундай жиноят ўз-ўзига ишониш оқибатида содир этилган деб топилади. Агар жиноят содир этган шахс ўз хулқ-атвори қонунда назарда тутилган ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигига кўзи етмасада, лекин кўзи етиши лозим ва мумкин бўлса, бундай жиноят бепарволик орқасида содир этилган деб топилади» (22-модда). Эҳтиётсизлик тушунчаси Ўзбекистон Республикасининг маъмурий, фуқаролик, меҳнат ҳуқуқларида ҳам учрайди. Ўз хусусиятларига кўра, Эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноятлар қонунчилик асосида айбнинг бирмунча хавфсиз шакли деб белгиланган.