ДИЛНОЗ — эртапишар тарвуз нави. Ўзбекистан сабзавот-полиз экинлари ва картошкачилик и. т. ин-тида Днепропетровский, Мраморний ва Огонёк навларини дурагайлаш йўли билан чиқарилган (Р. Ҳакимов, С. Қўчқоров, 1990). Дилноз ўртача палакланади, асосий палаги узун. Барги ўртача, ингичка, кулранг-яшил, барг асосида уйма барглари бир-бирига тегиб туради. Тарвузи думалоқ, деярли қора, тўрсиз, ингичка, узун кўринмайдиган тарамлари бор. Оғирлиги 3,5—4 кг. Пусти қалинлиги ўртача, қаттиқ. Эти ёрқин қизил, майин, ширадор. Меваси таркибида умумий қанд микдори 7,6%, С витамини 7,3 мг% га боради. Уруғи майда, 1000 та уруғининг оғирлиги 50—55 г. Уруғи униб чиққанидан кейин меваси 85 — 90 кунда пишади. Ҳосилдорлиги 300 ц/га дан юқори. 1994 й. дан Ўзбекистоннинг барча вилоятларида экилади (қ. Тарвуз).