ФИЛИППИН

ФИЛИППИН (Philippines), Филиппин Республикаси (тагалча Republika ng Pilipinas, инг. Republic Philippines) — Жан. Шарқий Осиёдаги давлат, Тинч океандаги Филиппин архипелагида жойлашган. Майд. 300 минг км2. Аҳолиси 84,526 млн. киши (2002). Пойтахти — Манила ш. Маъмурий жиқатдан 74 вилоят (province)ra бўлинади.

Давлат тузуми. Филиппин — республика. Амалдаги конституцияси 1987 й. маъқулланган. Давлат бошлиғи — президент (2001 й. дан Глория Макапагал Арройо хоним), у тўғри умумий овоз бериш йўли билан 6 й. муддатга сайланади, 2муддатга қайта сайланиши мумкин эмас. Президент ҳукумат бошлиғи ҳам ҳисобланади. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Ф. Конгресси (2 палатали парламент — сенат ва вакиллар палатаси), ижрочи хркимиятни президент ва ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Филиппин архипелаги 7107 оролдан иборат, шундан 800 тасида одам яшайди. Йириклари: Лусон, Минданао, Самар, Негрос, Палаван, Миндоро, Себу, Лейте. Мамлакат ер юзасининг аксарияти тоғли (энг баланд жойи — 2954 м, Минданао о. даги Апо вулкани). Ҳаракатдаги ва сўнган вулкан кўп. Тезтез зилзила бўлиб туради. Ҳудуднинг 1/4 қисми пасттекислик. Тоғлар оралиғида сойликлар ва денгиз соҳилларида энсиз текисликлар жойлашган. Фойдали қазилмалардан темир рудаси, хромит, марганец, никель, мис, шунингдек, симоб, олтин, кумуш, турли қурилиш материаллари бор. Иклими тропик ва субэкваториал муссонли. Ўртача ойлик т-ра 24—28°, тоғларда 19°гача. Йиллик ўртача ёғин миқдори 1000—4000 мм. Тайфунлар бўлиб туради. РиоГрандедеМинданао, Агусан, Кагаян ва б. дарёлари серсув ва сероетона. Кўл кам, энг каттаси Лусон о. даги Бай кўли.

Тупроғи, асосан, латерит типли қизил ва сариқ, тоғларда тоғкаштан, даре водийларида аллювиал тупроқ. 10 минг тур ўсимликнинг 40% эндемик. Ҳудудининг 46% тропик урмондан иборат. Қимматбаҳо ёғоч олинадиган доим яшил дарахт тури кўп. Денгиз соҳилларида мангро урмонлари мавжуд. 1200 м дан баланд жойлар бутазор ва ўглоқ билан банд. Ҳайвон тури куп эмас. Иирик сут эмизувчилар йўқ. Буғунинг бир неча тури, ёввойи тунғиз, мангуст учрайди. Қушларнинг 750 дан ортиқ тури яшайди. Судралиб юрувчи ҳайвон куп. МайонВольканьо, Канлаон, МаунтАпо ва б. миллий боғлари ва қуриқхоналари бор.

Аҳолиси. Филиппинда ўзаро яқин тил ва шеваларда сўзлашувчи 90 дан зиёд элат ва қабилалар яшайди. Уларнинг йириклари: бисайя, тагал, илок, би . кол, пампанган, пангасинан ва б. Бундан ташқари, хитой, осиёлик, европалик ва америкаликлар ҳам бор. Шаҳар аҳолиси 56%. Расмий тиллар — тагал ва инглиз тиллари. Диндорлари христиан, ислом динларига эътиқод қиладилар. Йирик шаҳарлари: Манила, КесонСити, Себу, Давао.

Тарихи. Филиппин худудида мил. ав. 2минг йилликда Осиё қитъасидан, мил. ав. 1минг йилликда Ҳиндихитойдан борган, кейинроқ Индонезиядан келган жан. монголоидлар маҳаллий негравстралоидларни сиқиб чиқарганлар, қисман улар б-н қоришиб кетганлар. 14—15-а. ларда Индонезия орқали Лусон, Себу о. ларида, Суду архипелагида ислом дини тарқалди. Бу ерларда майда тарқоқ ҳокимликлар, Сулу архипелагида эса Холо султонлиги вужудга келди. 1521 й. Магеллан бошчилигидаги Испания экспедицияси Филиппин о. ларига етиб келди. Бу экспедицияни Мактано ҳокими Лапулапу тормор этгач (Ф. да уни мустақиллик учун курашнинг биринчи қаҳрамони сифатида эъзозлайдилар), Испания 1564 й. Легаспи бошчилигида яна экспедиция юборди. Унинг отряди Филиппиннинг марказий ва шим. қисмидаги асосий оролларнинг соҳилларини босиб олди, аҳолининг кўпчилигини (жан. даги мусулмонлардан ташқари) христиан динига киритди. 1756—63 й. лардаги 7 й. лик уруш даврида инглиз қўшинлари Манила ш. ва бир қанча жойларни бир йилгача эгаллаб турдилар. 19-а. нинг 2ярмида хорижий сармоя ёрдамида савдосаноат ишлари ривожлана бошлади, зиёлилар вояга етди. Ислоҳот тарафдорлари (X. Рисаль, М. дель Пилар ва б.) дастлабки ватанпарварлик ташкилотларини туздилар. 1892 й. А. Бонифасио ва б. раҳбарлигида Катипунан деб аталувчи яширин ватанпарварлик ташкилоти вужудга келди, тез орада кескин чоратадбирлар кўриш тарафдори бўлган зиёлилар бу ташкилотга қўшилди. Катипунан чақириғи билан миллий озодлик инқилоби (1896—98) бошланди. Инқилобчилар 1897 й. 22 мартда мустақил республикани эълон қилдилар. АҚШ 1898 й. апр. да Испания мустамлакаларини эгаллаш учун уруш бошлади. 1898 й. 12 июнда Филиппин 2марта мустақил деб эълон қилинди. 1899 — 1901 й. лардаги Америка — Филиппин уруши натижасида АҚШ Ф. ни босиб олди. 1934 й. Ф. мухториятга эга бўлди. 2-жаҳон уруши йилларида Филиппин ҳудудини Япония оккупация қилди. 1946 й. 4 июлда Филиппин мустақил республика деб эълон қилинди. Филиппин 1945 й. дан БМТ аъзоси. ЎзР суверенитетини 1992 й. 22 янв. да тан олган ва ўша йил 13 апр. да дипломатия муносабатлари ўрнатган. Миллий байрами — 12 июнь — Мустақиллик куни (1898).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. Либерал партия, 1946 й. тузилган; Миллатчилар партияси, 1907 й. асос солинган, 1972 й. тақиқланган, 1978 й. яна фаолият бошлаган; Ф. коммунистик партияси, 1930 й. ташкил этилган; «Филиппин ватанпарвар оммасининг демократия учун кураши» партияси, 1997 й. тузилган; ЛакасХристиан демократлар миллий иттифоқи — партия блоки, 1992 й. ташкил этилган. Филиппин касаба уюшмалари конгресси, 1975 й. асос солинган, 39 тармоқ касаба уюшмасини бирлаштиради.

Хўжалиги. Филиппин — аграриндустриал мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қ. х. нинг улуши 22%, саноатники 32%, хизмат кўрсатиш соҳасиники 48%.

Қишлоқ хўжалигида кичиккичик деҳқон хўжаликлари кўпчиликни ташкил қилади. Йирик плантация хўжаликлари ҳам бор. Қ. х. га ярокли ерлар 9 млн. гектар (мамлакат ҳудудининг 30%), шундан 1 млн. гектар ер суғорилади. Деҳқончилик устун. Экспорт учун шакаркамиш, абака, гевея, кокос пальмаси, ер ёнғоқ, кофе, какао, тамаки, тропик ва цитрус мевалар етиштирилади. Асосий озиқ-овқат экинлари — шоли, маккажўхори, батат, маниок, сабзавот. Чорвачилиги ривожланган: қорамол ва буйвол, чўчқа, эчки, парранда боқилади, балиқ овланади. Ўрмонларда қимматбаҳо экспортбоп пушти ва кизил дарахт ёғочлари тайёрланади.

Саноатида кончилик ривожланган: никель, рух, мис, темир, марганец, хром рудалари, шунингдек, тошкўмир, нефть, симоб, олтин, кумуш қазиб олинади. И. ч. саноати қанд, шоли оклаш, тамаки, ёғмой, мева консервалаш, копра, арқон ва б. корхоналардан иборат. Ёғочсозлик, мебель ва кўн-пойабзал саноати ҳам ривожланган. Саноатнинг кимё, радиоэлектроника тармоклари юксак суръатда тараққий этмокда. Металлургия, металлсозлик, машинасозлик (жумладан, автомобиль йиғиш), телевизор, радиоприёмник, электр асбоблар, минерал ўғит, резинатехника буюмлари ишлаб чиқарадиган, нефтни қайта ишлайдиган, нефть кимёси, тўқимачилик, тикувчилик, «ойна, цемент з-длари бор. Ҳунармандчилик кдц. тармоқ ҳисобланади. Йилига ўртача 26,4 млрд. кВтсоат электр энергия ҳосил қилинади. Асосий саноат марказлари: Манила, Себу, Давао. Юклар, асосан, денгиз транспортида ташилади. Т. й. узунлиги 0,9 минг км, автомобиль йўллари уз. 161 минг км. Асосий денгиз портлари: Манила, Себу, Батангас, Давао. Манилада халкаро аэропорт бор. Филиппин четга кандшакар, копра, кокос мойи, металл рудалари, ёғоч, машина ва ускуналар, кимёвий моддалар чиқаради, четдан нефть ва нефть маҳсулотлари, машина ва ускуна, транспорт воситалари олади. Япония, АҚШ, Австралия, Индонезия, Сингапур, Корея Республикаси, Саудия Арабистони б-н савдо қилади. Пул бирлиги — Филиппин песоси.

Тиббий хизмати, маорифи, илмий ва маданиймаърифий муассасалари. Врачлар ун-т ва тиббиёт интларида тайёрланади. Филиппинда ўрта мактабларнинг ярмидан кўпроғи ва бошланғич мактабларнинг бир қисми хусусий. Давлатга карашли ва хусусий мактабларда пул тўлаб ўқилади. Бошланғич мактабда ўқиш мажбурий ва бепул бўлиб, унга болалар 7 ёшдан қабул қилинади ва 6 й. ўқитилади. Ўрта мактабларда ўкиш муддати 4 й. Дарслар инглиз ва маҳаллий тагал тилларида олиб борилади. Ҳунар таълими бошланғич мактаб негизидаги қ. х., саноат, савдо мактабларида амалга оширилади. Бошлангич мактабларнинг ўқитувчилари пед. коллежларида тайёрланади. Уларнинг энг каттаси Маниладаги Филиппин нормал (пед.) коллежидир. Олий ўқув юртларининг купи хусусий. Йирик олий ўқув юртлари: Маниладаги Католик СантоТомас ун-ти (1611), Манила ун-ти, Узок, Шарқ ун-ти (1928), Шарқ ун-ти (1946), КесонСити ш. даги Филиппин ун-ти (1908). Етакчи илмий муассасалар ун-тлар хузурида ташкил этилган. Давлат илмий муассасалари — Ядро тадқиқотлари маркази (1958), Ф. тараққиёт академияси (1973), Кокос пальмаси и. т. института, Филиппин фанлар академияси (1976) ва б. Халкаро шоли и. т. института бор. Унтлар хузурида йирик кутубхоналар, Манилада Миллий кутубхона ишлайди. Манилада СантоТомас музейи (1682), Ф. Миллий музейи (1901) ва Метрополитен санъат музейи мавжуд.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Филиппинда бир қанча газ. ва жур. нашр этилади. Йириклари: «Балита» («Янгиликлар», тагал тилида чикадиган кундалик газ., 1972 й. дан), «Манила буллетин» («Манила бюллетени», инглиз тилида чиқадиган кундалик газ., 1972 й. дан), «Манила ивнинг пост» («Манила оқшом почтаси», инглиз тилида чикадиган кундалик кечки газ., 1975 й. дан), «Манила таймс» («Манила вақти», инглиз тилида чиқадиган кундалик газ., 1945 й. дан), «Пиплз джорнэл» («Халқ газетаси», тагал ва инглиз тилларида чикадиган газ., 1979 й. дан), «Темпо» («Суръат», тагал ва инглиз тилларида чикадиган кундалик газ., 1983 й. дан), «Юнайтед дейли ньюс» («Кун янгиликлари», инглиз ва хитой тилларида чиқадиган кундалик газ., 1973 й. дан), «Сулонг» («Олға», ойлик бюллетень). Ф. янгиликлар агентлиги — давлат ахборот маҳкамаси бўлиб, 1973 й. дан фаолият кўрсатади. Радиоэшиттириш 1952 й. дан, телекўрсатув 1953 й. дан бошланган. Мамлакатдаги барча радио ва телестялар фаолияти «Нэшнл телекоммюникейшне коммишн» ҳукумат маҳкамаси томонидан назорат қилинади.

Адабиёти. Филиппин халклари ва элатлари адабиёти тагал ва б. маҳаллий тилларда, шунингдек, испан ва инглиз тилларида ривожланиб келмоқда. Филиппин халқ оғзаки ижодиёти ва, айниқса, қахрамонлик достонларида малайя ва индонезява адабий анъаналарининг таъсири сезилади. 16—19-а. лардаги Испания ҳукмронлиги даврида испан тилида динийнасиҳат руҳидаги адабиёт вужудга келди. Замонавий тагал адабиёти нинг асосчиси Ф. Балтасар (тахаллуси Балагтас)нинг «Флоранте ва Лаура» достони (1838) машҳур. 1856 й. М. де Кастронинг тагал тилида босилиб чиққан биринчи романи «Урбан ва Фелиса» (1863)дан кейин 20-а. нинг 1ярмида В. ЭрнандесПеня, Л. К. Сантос романлари, X. Корасан де Хесус, А. В. Эрнандес шеърлари, А. В. Эрнандес, Д. Росарио, Ф. Галауран ҳикоялари пайдо бўлди. 2-жаҳон урушидан кейин шеърият ва ҳикоя навислик янада ривож топди. А. В. Эрнандеснинг «Шайтон йиғи», «Ваҳший қушлар», Ф. Галаураннинг «Бир қисим гуруч», Н. Каравананинг «Кизил уйдаги фаришта» романлари ижтимоий ва маиший мавзуларга багашланди.

Испан тилидаги адабиёт ривожида X. Рисаль романлари («Менга тегишма», «Флибустьерлар») катта аҳамиятга эга бўлди. 20-а. нинг 1ярмида С. Апостол, Ф. Герреро, К. М. Ректо ва б. ларнинг ватанпарварлик шеърияти машҳур бўлди. Худди шу даврда Х. Г. Вилья, М. Э. Аргилья, Н. В. М. Гонсалес, К. Булосан кабилар инглиз тилида новелла ва шеърлар яратишди. 2жахрн урушидан кейинги даврда Э. Окампо, Н. Хоакин, Э. Л. Тьемпо ва б. адиблар етишиб чикди.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Маҳаллий аҳолининг анъанавий уйлари қозиқлар устига чайласимон қилиб қурилади, усти пальма барги билан ёпилади. Мустамлака даврида шаҳарлар, истеҳкомлар, черков ва саройлар барокко ҳамда классицизм услубида қурила бошлади (Лусон о. даги СанНиколас черкови, 17-а. ; Маниладаги СантоТомас ун-ти, 1608—15 и.). 19-а. 2ярми ва 20-а. 1ярмида Манила ш. да Европа ва Америка меъморлиги услубида бинолар барпо этилди. Филиппин меъморларидан П. Антонио, С. Консьо, Л. В. Локсин, А. Накпиль ўз ижодида испан меъморлиги услубидаги бино ва иншоотларни миллим рухда безашга аҳамият бера бошладилар (Панай о. Илоило ш. даги Миагао ибодатхонаси; Маниладаги Филиппин маданият маркази, 1969, меъмор Л. В. Локсин).

Филиппин ҳудудида мил. ав. 2—1минг йилликка оид санъат ёдгорликлари сакланиб қолган. Қадимдан ёғоч ва бамбук ўймакорлиги, тўқимачилик, металлсозлик, каштачилик, заргарлик каби касблар машҳур бўлган. Маниладаги СанАгустин черковининг ўймакор ёғоч эшиклари (1606) ва СанИгнасио черковининг ибодат қилинадиган қисмидаги ўйма нақшлар Филиппин санъатининг илк намуналаридир. 19-а. нинг 2ярми ва 20-а. нинг 1ярмида дастгоҳ рангтасвири (X. де Луна, Ф. Идальго, Ф. Аморсоло), ҳайкалтарошлик (Г. Толентино) пайдо бўдди. Ф. Рохас портрет ва манзара, X. Рисаль рангтасвир ва ҳайкалтарошлик соҳасида унутилмас асарлар яратишди. Ф. Аморсоло асос солган «Анъанавии мактаб» 20-а. ўрталарига келиб Филиппин рассомлари академиясига айланди. 50—60к. ларда К. В. Франсиско ижоди камол топди. У афсона ва ривоятларга, озодлик ҳаракати қахрамонларига, шунингдек, деҳқонлар, балиқчилар, кончилар ҳаётига бағишланган кўпгина деворий раем ва манзаралар яратди. А. МагсайсайХо исмли аёл рассом қишлоқ хотинқизларининг лобар сиймосини тасвирловчи гўзал асарлари билан эътибор қозонди. В. Манансала, Р. Табуэна, М. Маланг Сантос, У. Йонсон, Э. Окампо, А. Р. Лус, Ф. Собель каби рассомлар, X. Алькаптара ва A. M. Имао, Н. Абуэ каби ҳайкалтарошлар миллий реалистик анъаналарни давом эттирдилар.

Мусиқаси. Маросим (ҳарбий, тўй), меҳнат ва б. халқ қўшиқ ҳамда рақслари азалдан давом этиб келади. Тоғлик ва мусулмон халқларнинг қад. мусиқаси деярли ўзгаришсиз сакланган. 16 — 18-а. ларда христиан динига кирган ва испанлар таъсирида бўлган халқларда эса бироз маҳаллийлашган испанча рақслар (хота, хабанера) тарқала бошлаган. Чолгу асбоблари: бамбук ва ёгоч флейталар, гонглар, гитарасимон кудьяпи, гитгит (скрипка тури) ва б. лар. Рондалья деб аталувчи торли миллий оркестр шуҳрат қозонган. Профессионал мусиқа 19-а. дан ривож топди. 1916 й. Ф. университети ҳузурида консерватория очилди, кейинроқ Манила ва КесонСити ш. ларида мусиқа муассасалари ва жамоалари ташкил топди. Композиторлар орасида X. Силос, X. Эстелья, А. Молина, Ф. Буэнкамина, Филиппин де Леон, Ж. А. Дадап ва б. мапгҳур. Манилада Миллий филармония жамияти, «Баянихан» (1956), «Филиппинескас» (1958), «Барангай» ашуларақс ансамбллари, Филиппин университетининг «Мадригал» камер хори, Манила симфоник оркестри, Ф. Маданият марказининг оркестри, Концерт оркестри ишлайди. Миллий мусика кенгаши, композиторлар жамияти мавжуд.

Театри. Қадимдан давом этиб келаётган ва ашула, рақслар билан ўтадиган таомил, расмрусумлар ва уларда гавдалантириладиган меҳнат жараёнлари, тўй удумлари театр санъати учун манба бўлган. Филиппин профессионал театри хитой, ҳинд, индонез, кейинроқ испан ва америка маданияти таъсирида шаклланди. 19-а. ўрталарида Манилада ҳаваскорлик театрлари: Эскосур труппаси (1848) ва Лопес Арис труппаси (1852) вужудга келиб, уларда испан тилидаги севги пьесалари (сарсуэлалар) саҳналаштирилди. 1914 й. Манилада инглиз тилидаги «Литл тиэтр» ташкил топди. Унинг актёрлари ҳам, томошабинлари ҳам асосан, Манила ун-тининг талаба ва муаллимлари эди. Филиппин мустақилликка эришгач, тагал тилидаги драматургия ва театр ривожлана бошлади. «Барангай театр гильдияси» (1939), Ф. актёрлар лаб. (1959), Мералько театри, Раж Солиман театри ва б. ярим профессионал жамоалари миллий санъат (мороморо, сарсуэла ва б.) анъаналарини жаҳон театрининг энг яхши намуналари ютуқлари билан бирга қўшишга интилади. 1972 й. Манилада кўчма болалар театри ташкил этилди. Киноси. 1919 й. режиссёр ва актёр X. Непомусено миллий кино фирма ташкил этганидан сўнг кинофильмлар доимий ишлаб чиқарила бошлади. Тагал тилида «Қишлоқи қиз» номли дастлабки бадиий фильм яратилди. «Уч мақтанчоқ» (1926) овозеиз фильмлар орасида энг яхшиси булди. 1932 й. дастлабки овозли фильмлар («Қаллоб», реж. Ж. П. Муссер; «Олтин ханжар», реж. X. Непомусено) чикарилди. 30-й. лардаги энг йирик кино бирлашмалари — «Сампагита» ва «ЛВН» чиқарган фильмларда миллий тарих ва мифология сюжетларидан фойдаланилди. шунингдек, «Йиртилган байроқ», «Зулмат ва нур» комедиялари ҳам яратилди. 1946 й. ташкил этилган «Премьер продакшн» студияси кўнгилочар рухдаги фильмлар билан бир қаторда тоғли қабилалар ҳаётини тасвирловчи фильмларни ҳам суратга олди. 50—60-й. ларда «Харана», «Дунёнинг охиригача» (иккаласининг реж. Ж. де Леон), «Париж романеи», «Бадайо» (иккаласининг реж. Л. В. Авельяна) экранга чиқарилди. 20-а. охирларида яратилган «Қақроқ ерни суғор» (реж. О. Буэнавентура), «Наркотик чайқовчиларини ўлдиринглар» (реж. Ж. Эстрада) фильмлари долзарб замонавий мавзуларга бағишланган. 1960-й. ларнинг ўрталаридан Манила кинофестивали утказиб келинади.


Кирилл алифбосида мақола: ФИЛИППИН ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ф ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
ИНДОНЕЗИЯ
ГЕРМАНИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты