ДОНИЁР ҚЎҒИРЧОҚБОЗ (асли Шаҳсуворов Дониёр, 1876—1962, Бухоро) — халқ қўғирчоқ театри устаси. Томошани ўзбек ва тожик тилларида кўрсатган. Бобоси Абдулла, отаси Шаҳсувор санъаткор бўлганлар. Дониёр қўғирчоқбоз сурнай чалишни отасидан ва Ашир қора меҳтардан ўрганган. Қўғирчоқўйнатишни эса машҳур қўғирчоқбоз Зариф мискарга шогирд тушиб ўзлаштирган (ҳам «чодир жамол», ҳам «чодир хаёл» театрини ўрганган). Зариф мискар бошчилигида Бухоронинг Лаби ҳовузида, амирнинг шаҳардан ташқаридаги боғида ҳам томошалар кўрсатган. Дониёр қўғирчоқбоз 1910 й. да ўз тўпини тузган ва Кўрҳожи, Кенжа Жумаев каби қўғирчоқбозлар билан ишлаган. Асосан «чодир жамол» қўғирчоқ театрини ривожлантирган. «Офтобхон ва Мохтобхон» номли янги комедия яратган.